РУБОИЙЛАР
222
Жонимдағи «жим» икки долингға фидо,
Андин сўнг «алиф» тоза ниҳолингға фидо,
«Нун»и дағи анбарин ҳилолингға фидо,
Қолған ики нуқта икки холингға фидо.
Гар ошиқ эсанг зебу такаллуфни унут,
Яхшию ёмон ишда тахаллуфни унут.
Ўткан гар эрур ёмон, таассуфни унут,
Келган гар эрур яхши, тасарруфни унут.
Гул зикрин эшитурмену йўқ гулдин асар,
Бу боғ эшигидин истарам онча гузар
Ким, топмаса гул жамолидин баҳра назар,
Боре исидин етса димоғимға хабар.
Кўзум учадур, магарки ёрим келадур,
Эс ҳар дам озар, магар нигорим келадур.
Ё бодияйи фироқ сайрида қилиб,
Юз марҳала қатъ шаҳсуворим келадур.
223
Эй жисм, анинг кўйини пайдо қилакўр,
Эй кўнгул, ўшул кўйни маъво қилакўр.
Эй кўз, сен анинг юзин тамошо қилакўр,
Эй ашк, анинг кўйи сари оқилакўр.
Андин бериким, қошимда ёрим йўқтур
Ҳижронида жуз нолайи зорим йўқтур.
Дашт узра қуюн киби қарорим йўқтур,
Саргашталигимда ихтиёрим йўқтур.
Олам бор эмиш, Навоиё, шўрангиз,
Оламдағи эл боштин-аёғ рангомиз.
Ишқ истар эмиш сени адам мисри сари,
Борғилки, эрур эл тилаган ерда азиз.
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.
224
Ким истаса салтанат, саходур анга шарт,
Ҳар ваъдаки айласа вафодур анга шарт.
Ким фақр талаб қилса, фанодур анга шарт,
Оллиға неким келса, ризодур анга шарт.
Бир гул ғамидин дедим қўяй бағрима доғ,
Боргайму дебон атри димоғимға фароғ,
Баргин чу мулаввас айлади бум ила зоғ,
Эмди ани исламакка юз ҳайф димоғ.
Кўнглумни ғаму дард ила қон айлади ишқ,
Кўз йўлидин ул қонни равон айлади ишқ.
Ҳар қатрани билмадим қаён айлади ишқ,
Бедил эканим бўйла аён айлади ишқ.
Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,
Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.
Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,
Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.
225
Ҳажрингда менинг сабрима жуз нуқсон йўқ,
Кўнглум аро ғайри нолаву афғон йўқ.
Жонимға ҳаёт умиди худ имкон йўқ,
Йўқ-йўқ, йўқ, сабр йўқ, кўнгул йўқ, жон йўқ.
Йўқ даҳрда бир бесару сомон мендек,
Ўз ҳолиға саргаштаву ҳайрон мендек.
Ғам кўйида хонумони вайрон мендек,
Яъники, алохону аломон мендек.
Зоҳид сенга, ҳур, манга жонона керак,
Жаннат санга бўлсун, манга майхона керак.
Майхона аро соқию паймона керак,
Паймона неча бўлса тўла, ёна керак.
Ўлсам ясаманг мунда мазоримни менинг,
Юклаб элитинг жисми фигоримни менинг.
Ўтру чиқариб аҳли диёримни менинг,
Кўйида қўюнг тани низоримни менинг.
226
Турмай мени зору нотавон бирла кўнгул,
Улфат тутмиш ул остон бирла кўнгул.
Ёреки манга жон эди ҳам азм этти,
Мен мундаву хизматингда жон бирла кўнгул.
То даҳрдурур, даҳр уза султон бўлғил,
То олам эрур, олам уза хон бўлғил.
Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,
Ҳам жонлариға мояйи дармон бўлғил.
Ёшунған эмиш қора булутқа моҳим,
Гардунни совурмоғлиқ эрур дилхоҳим.
Кирмиш қора туфроққа қуёшдек шоҳим,
Невчун қора қилмасун қуёшни оҳим.
Ғурбатқа тушуб заифу бемор ўлдум,
Дарду ғаму меҳнат илгида зор ўлдум.
Сартосар ажал тошидин афгор ўлдум,
Сенсиз не балоларға гирифтор ўлдум.
227
Жоним аро ўт лаъли сухандонинг учун,
Юзум уза кавкаб маҳи тобонинг учун.
Кўксумда алиф сарви хиромонинг учун,
Сўзлаб, юз очиб кел бу тараф жонинг учун.
Эй боди сабо, агар ҳаво айлагасен,
Гулшанға етарни муддао айлагасен.
Сарв оллида ер ўпуб дуо айлагасен,
Гул қошида қуллуғум адо айлагасен.
Менменму висол умидидин шод ўлған,
Бир-бир ғаму андуҳдин озод ўлған.
Оз-озғина берган сойи гул атри насим,
Булбулдек ишим нолаву фарёд ўлған.
Ҳам жисмингга заъф бўлса жоним садқа,
Ҳам жонингга жисми нотавоним садқа.
Сарвингға шикаст ўлса равоним садқа,
Йўқ-йўқки, санга жону жаҳоним садқа.
228
Жондин сени кўп севармен эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен эй умри азиз,
Ҳар неники севмоқ ондин ортиқ ўлмас,
Ондин сени кўп севармен эй умри азиз!
229
Do'stlaringiz bilan baham: |