Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
www.ziyouz.com kutubxonasi
104
хаёлимга кептими?.. Мана, энди ҳаммасини бир бошдан ўйлайман. Кечалари уйқим ўчиб
кетади. Дунёнинг бу бурчидан кириб, у бурчидан чиқаман. Ўйлаб ўйимга етолмайман. Гуноҳим
нима ўзи?.. Ота-онам ўттизинчи йиллардаги очарчиликда ўлиб кетган ғирт етим бўлсам.
Ўсмирлигим уруш даврига тўғри келган бўлса... Эсимни танибманки, елкамнинг яғири чиқиб,
меҳнат қилдим. Қўш тортдим, мола босдим, трактор ҳайдадим... Тиришиб-тирмашиб ўқидим.
Ўзлари кўтаришди. Аввал бригадир қилишди, кейин ҳосилот. Ундан кейин раис.
Партия
ҳукуматимиз қаёққа ташласа, ўша ерга бориб тушдим. Тўқайда чивинга ем бўлиб, ер очдим.
Қолоқ хўжаликни кўтар, деса қулоқ қоқмай хўп дедим. Онанг шўрлик кўрпасини орқалаб
кетимдан эргашиб юрди. Аканг Бекободда туғилди, сен — Пскентда... Бир оғиз айтмадим:
«Ҳой, мен ҳам одамман-ку, умрим бино бўлиб ҳаловат кўраманми-йўқми?» демадим. Бит
анавинақа
нарсага семиргандек, берган темир-терсакларига, депутатлигига маҳлиё бўлиб
юраверибман... Бир хил раисларга ўхшаб пул йиғмадим, оқ уй — олабаргаклар солмадим. Нима
қилсам халқ учун, партия учун қилдим. Ўн етти йил шу колхозда ишладим. Дуч келган одамдан
сўраб кўр, ўғлим. «Худони ўртага
солиб айтинглар-чи, дадам умри бино бўлиб қинғир иш
қилдими, бировнинг бурнини қонатдими?» дегин-чи, имони бўлса айтар, рост гапни! Мана энди
келиб-келиб тўхтаган жойим — лагерь бўлди. Ўзбекистонда қўшиб ёзганлар бўлмаган,
демайман. Аслида ўшалар ҳам Москванинг буйруғи билан қилган бу ишни. Осмон баравар план
бериб, бажармасанг онангни учқўрғондан кўрсатаман, деганидан кейин шу йўлга кирмай чораси
қолмаган. Менинг бўлса, Худо олдида ҳам, бандасининг олдида ҳам виждоним пок. Бунақа
ҳаром ишга қўл урган эмасман. Битта гуноҳим шуки, бу савдолар бошланган заҳоти раисликни
топширишим керак эди... Туриб-туриб ўзимга нашъа қилади. «Партиянинг содиқ солдатиман,
орденли раисман», деб юраверибман. Ақалли сени Афғонистондан олиб қолишга «партиявий
виждоним» йўл қўймабди. Хоҳласам уч кунда Туркманистондан Тошкентга ўзлари обкеб
қўярди. Энди бўлса, аллақандай миллионларни бўйнимга илди.
Фалончидан уч юз минг
олгансан, пистончига юз минг бергансан... Бўҳтон! Ҳаммаси туҳмат! Онангнинг ёзишига
қараганда, тўйинг юришиб қолганмиш. Отам тўйимни кўролмади, деб асло кўнглингни
чўктирма. Худо хоҳласа, омон-эсон борсам, невара тўйлари қиламиз. Илоё бахтли бўл, болам!
Мендан ҳеч хавотир олманглар. Соғлиғим яхши. Атрофимда ҳурмат қиладиган имонли одамлар
бор... Онангни эҳтиёт қил. Дуойи салом билан даданг. 18 июнь».
Do'stlaringiz bilan baham: