Хоразм воҳасида ўтроқ аҳоли ва чорвадор – кўчманчилар ўртасидаги
ўзаро савдо муҳим аҳамиятга эга бўлган. Даштлардан зироатчилар
воҳаларига чорва, гўшт, тери ва жун маҳсулотлари олиб келинган.
Кўчманчилар билан савдо алоқалари таъсирида айрим жойларда, одатда воҳа
ва дашт ҳудудлари чегараларида мавсумий бозорлар ташкиллаштирилган.
Хоразм аҳолиси катта патриархал оилалардан иборат бўлиб, ер, чорва
ва мулкка биргаликда эгалик қилган. Бой–бадавлат Хоразм шоҳларнинг
хўжалигида кўпдан–кўп чўрилар, қуллар ва хизматкорлар мавжуд эди.
Шундай қилиб, ҳукмдорлар хўжалиги кенг тармоқли иқтисодий тизим бўлиб,
махсус маъмурий ва молиявий бошқарувга асосланган. Тупроққалъадаги
саройининг хоразам тилида битилган ҳужжатларида аҳолидан олинган солиқ
тушумлари рўйхати ифодаланган. Солиқ ғалла, ун, ёғ, чорва,
ҳунармандчилик
буюмлари, вино билан тўланган.
Хоразмнинг антик даври тарихида ибодатхоналар мавқеи баланд эди.
Янги маълумотларга кўра, ибодатхона жамоаси қоҳинлар ва хизматчилардан
иборат бўлиб, ўз ер мулклари, чорва подалари ва ҳунармандчилик
устахоналарига эгалик қилган. Ёзма манбалардан маълумки, коҳинлар
ўқимишли бўлиб, уларсиз бирон катта масъулиятли иш бошлаш мушкул эди.
Коҳинлар деҳқончилик
ишларини бошлаш, ҳосилни йиғиштириб олиш
муддатини аниқ билишган. Диний маросимлар жараёнларини коҳинларсиз
тасаввур қилиш қийин, шунингдек, улар давлат бошқарувида фаол иштирок
этганлар.
Хоразм аҳолисининг асосий қисмини зироатчилар, ҳунармандлар,
бинокорлар, савдогарлар ва турли ишлар билан банд бўлган хизматчилар
ташкил этган. Қадимги Хоразмда патриархал уй қулчилиги ривожланган.
Тупроққалъада топилган ҳужжатларда (улар фанда “Хонадонлар рўйхати”
деб татбиқ қилинган) хонадонда яшовчи оила аъзолари тилга олиниб, уларга
тегишли қулларнинг исмлари ҳам келтирилган. Уй
эгаси, унинг хотини,
онаси, ўғли ва куёвининг шаҳсий қуллари санаб ўтилган.
Умуман 19 та хонадон рўйхати топилган. Ҳужжатларнинг
маълумотларига кўра, баъзи хонадонларда озодлар билан бирга 20 дан зиёд
қуллар яшаган. Мазкур ҳужжатларни аҳолининг рўйхатга олиниши жараёни
билан боғлаш мумкин, иккинчидан, жанг қилишга қобил эркакларни
аниқлаш вазифаси ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
“Хонадонлар рўйхати” қадимги Хоразмда хонадон қулчилиги кенг
ривожланганидан далолат беради. Агар юқорида
келтирилган оддий
хонадонда мавжуд қулларнинг миқдори ҳисобга олиниб, у ҳолда мамлакат
миқёсида, жумладан жамиятнинг ижтимоий таркибидаги юқори поғонасида
турган зодагонлар оилаларида ва шоҳлар саройида ҳамда ибодатхоналар
хўжалигида қулларнинг умумий сони озод оила аъзоларига нисбатан айрим
ҳолатларда бир неча баравар кўп бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: