www.ziyouz.com кутубхонаси
14
мушоҳададан аста-секин моҳиятни идрок қилишга ўтиш. Моҳиятнинг улуғворлигини ҳис этиб,
руҳий-тафаккурий қониқиш туйиш. Бу жараён уч босқичга ажратилиб, илмул яқин, айнул яқин,
ҳаққул яқин деган махсус терминлар билан белгиланган. Яқин — исбот талаб қилинмайдиган
шак-шубҳасиз ҳақиқат. Айн — чашма, кўз, ҳар нарсанинг асли, зот. Тасаввуф
назариётчиларидан Абдураззоқ Кошоний бундай дейди: «филжумла, сўфийлар ақидасига
мувофиқ маънавиятни билиш уч хилдир: илмул яқин, айнул яқин ва ҳаққул яқин. Аввалги
ҳолатда одам маълумни ақлий далил, ҳужжат келтириш билан дарк этади ва иккинчи ҳолатда
билиб олинган, исботланган маълумни мушоҳада этади ва учинчи ҳолатда ҳақиқатни дарк
этишга етади». (Абдураззоқ Кошоний. Масобиҳ-ул ҳидоя, 52-бет). Бу бамисоли қуёш шуъласи
ва ҳароратини далил келтириш билан исботлаш (илмул яқин), қуёш жисмини кузатиш билан
аниқлаш (айнул яқин) ва қуёш вужудинииг мусаффо нурдан иборат эканини қалбан идрок
этишдай (ҳаққул яқин) гап. Қаширий деган олим назарида эса «илмул яқин — ақл аҳли учун,
айнул яқин — илм арбоблари учун, ҳаққул яқин — орифлар учундир». (Қаширий. Кашф-ул
маҳжуб, 497-бет). Демак, бу фалсафий қарашга мувофиқ, ҳақиқат тажрибадан олдин
мавжуддир, мантиқ кучи билан эмас, балки ҳис — руҳ воситаси билан, яъни интуиция ёрдамида
билиб олинади. Чунки ҳақиқат инсоннинг ўзининг қалбида, кўнгил кўзгусида. Фаҳмлаган
бўлсангиз, дунёни билишнинг бу усули немис олими И. Кант (XVIII аср)нинг «нарса ўзида» ва
«априор» (тажрибадан аввал мавжудлик) тушунчалари остида ривожлантирган фалсафий
таълимотга ўхшаб кетади. Биз ҳам худди шуни таъкидламоқчи эдик, яъни тасаввуф баъзи
тадқиқотчилар айтмоқчи бир дин ўрнига келган янги, мураккаблаштирилган ва мистик
туйғуларни қондиришга хизмат қилувчи иккинчи дин эмас, балки оламни билишга йўл очган,
шу сабабли ҳам фикрий-ҳиссий мушоҳадакорлик, ҳур фикрлиликни ёқлаб, инсонни тадқиқ
этишга диққат қилган катта фалсафий оқимдир. Ана шу жиҳати билан у динга нисбатан олға
ташланган муҳим қадам бўлди ва башарий тафаккур тараққиётига шубҳасиз ижобий таъсир
кўрсатди. Алишер Навоийга ўхшаш гуманист мутафаккирлар учун эса у инсон табиати ва
тийнати ҳақида, жамият, ҳаёт воқеа-ҳодисалари моҳияти тўғрисида ўйлашга имкон берадиган
қидириш-изланиш, таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилган. Улуғ шоир буни биринчи девонига
киритган:
Харобот аро кирдим ошуфта ҳол, Май истарга илгимда синғон сафол, — деб якунловчи
таржеъбандида равшан баён этган. Таржеъбандни ўқир эканмиз, муаллифнинг рози дилидан
огоҳ бўламиз, чунки у ёшлигидан бошлаб ҳар хил илмларни ўргангани. ҳар хил «саргузашт»ни
бошидан кечириб, дунё ва унинг одамлари ҳақида кўп мулоҳаза юритганини ёзади. Шоҳу
султонлар дабдабаси, шайҳул ислому уламо-умаролар, ман-ман деган донишмандлар суҳбати
уни қониқтирмаган, уларнинг бирортаси ҳам инсон қаршисида пайдо бўладиган минглаб
саволларга жавоб беришга қодир эмас эди. «Назар айла бу коргоҳ вазъига, ки ортар тамошосида
ҳайратим», дейди шоир. Олам моҳияти нимадан иборат, инсон нега дунёга келади ва яна нега
кетади? Нега инсон зоти бир хил эмас? Фирибгарлик, қонхўрлик, риё, ёлғон қаердан келиб
чиққан? Бу ва бунга ўхшаш саволлар Навоийни ҳамиша қийнаб келган. На ўзимнинг «Саъи ила
фикратим», «на касби улум этти ҳал мушкулим», деб ёзади у. Юрагида ҳар хил андешалар,
шубҳалар кезгани, лекин замона тафаккури доирасидан батамом чиқиб кетишга журъат
қилолмаганини эслатади. Ва оқибатда:
Менинг бошима бас қотиғ тушди иш, Чу тоқ ўлди бу дард ила тоқатим, — дея ўзини
тасаввуф билан овутади. яъни «май билан улфат» тутинади. Шундай қилиб, тасаввуф Навоийга
жаҳолатдан қутулиш, дунёни билишга чанқоқ юракни маълум даражада тинчитишга кўмак
берган. Бунинг иккита сабаби бор: биринчиси шуки, Навоий яшаган замоннинг ақлий тараққиёт
даражаси, фан ривожи реал дунё воқеаларини илмий асосда тушунтиришга ожизлик қиларди.
Иккинчиси эса, бу яна муҳимроқ, инсоннинг ақлий имкониятлари, донолиги билан ахлоқи,
аъмол-нияти орасида мавжуд бўлиб келаётган номувофиқликдур. Навоий ақлу заковати
Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар
Do'stlaringiz bilan baham: |