Асл тери – dermis, corium.
Асл тери қўшувчи (бириктирувчи) тўқимадан иборат.
Бириктирувчи тўқима толалари орасида коллаген, эластик ва аргирофил толалар, шунингдек
силлиқ мушак толалари мавжуд. Шунингдек мазкур тўқима толалари орасидаги махсус бир
тузилишга эга бўлмаган аморф оралиқ моддалар жойлашган. Бундай моддаларнинг диққатга
сазовори гликозоаминогликандир. Бошқача қилиб ГАГ (гиалурон ва хондроитинсульфат
кислота) дейилади. Асл тери ҳужайралари турли-туман бўлиб, улар фиброцитлар,
гистиоцитлар, меланофаглар, фибробластлар, лимфоцитлардан иборат. Шунингдек плазматик
ҳужайралар, ретикуляр ва эндотелиал ҳужайралар, лейкоцитлардан тузилган. Мана шу
ҳужайралар ва толаларни бир-бири билан бириктириб умумий ягона тўқима ҳосил қилишда
аморф оралиқ моддаларнинг аҳамияти катта. Асл терида шартли равишда икки қават
фарқланади:
а) юзаки - сўрғичсимон қават (Stratum papillare),
б) чуқур - тўрсимон қават (Stratum reticulare).
Дерма маълум соҳаларда тери пўстига кириб кетган, бу ҳол микроскопда сўрғични
эслатади. Терининг физиологик гиперкератоз кузатиладиган соҳаларида сўрғичлар яхши
ривожланган, тери бурмаларида эса сўрғичлар унчалик яхши кўринмайди. Сўрғичсимон
қаватда майин ва эластик, аргирофил толалар кўпроқ жойлашган. Бу ерда
мукополисахаридлар ҳам тўрсимон қаватга нисбатан кўп миқдорда. Аксинча, тўрсимон
қаватда етук ривожланган фибробластлар, коллаген толалари кўпроқ жойлашган. Коллаген
толалар тўплами, улар орасидаги эластик толалар, турли-туман ҳужайралар қон томирлари
(капиллярлар) бутун бир чигал тўрни эслатади, тўрсимон қават номи ана шундан олинган.
Тери пўсти (эпидермис) ва асл тери (дерма)нинг орасида кўзга кўринар-кўринмас юпқа
парда жойлашган. Бу парда асосий мембрана (membrana basilaris) дейилади. Базал парда
диққат билан кузатилганда, унда ўсувчи қават ҳужайраларининг бармоқсимон ўсимталари ва
аргирофил толалардан иборат чигал тўрни кўриш мумкин. Ана шу ўсимталар ва толалар
йиғиндиси махсус пардани, яъни базал мембранани ҳосил қилади. Кейинги йилларда асосий
пардага кўп эътибор берилмоқда. Тери пўсти ҳужайраларини, хусусан базал қават
ҳужайраларини озиқ моддалар билан таъминлаш ҳам ана шу асосий парда орқали амалга
оширилади. Базал парда гисто-кимѐвий тузилиши жиҳатдан хондроитин-сульфат кислота,
шунингдек липидлар ва мукополисахаридлардан тузилган. Терида кузатиладиган у ѐки бу
касалликларнинг шаклланиши асосий парданинг биологик ҳолатига ҳам боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |