www.ziyouz.com кутубхонаси
66
Кейин, улар олдига бордим.
— Ўзи кимсизлар? Кимнинг боласи бўласизлар? Ўзларингни танитинглар-да ахир, биродарлар,
— дедим.
Улар мени ўраб олди. Гўё ёввойи одамни томоша қилаётгандай бўлди. Бирови ўз-ўзидан
тўнғилади. Ҳали танишиб қўямиз! — деди.
Тавба, буларнинг менда нима иши бор экан? Эртароқ айтмайдими, кеч бўлаяпти...
— Ай, биродарлар, зарил гапларинг бўлса айтинглар. Бўлмаса кетайин, бола-бақра алағда
бўлади,— дедим.
— Кетасан, кетасан, шошилма. Қайтмайдиган бўлиб кетасан...
Зардам қайнади, кетимга бурилдим.
Шунда, улардан бирови йўлимга ғов бўлди. Бирови чапимга ўтди. Иккови оралиғидан ўтиб
кетмоқчи бўлдим.
Шунда, ўнгимдагиси елкамдан ғижимлаб ушлаб олди.
Мен қўлини шартиллатиб уриб ташладим.
— Қўлингизни олинг, биродар! — дедим.
Шунда, у иягим остига ўхшатиб-да бир урди!
Кетимга гандираклаб-гандираклаб бориб ўтириб қолдим. Ногирон қўлим зирқираб оғриди.
Қамчи ўримини қўлимг ўраб-ўраб жойимдан қўзғолдим. Шу урганнинг бўйин томирини
мўлжаллаб қулочкашладим.
Кетимдагиси қамчини ушлаб қолди.
Яна ўтириб қолдим. Энди қамчини ушлаб қолганига қараб, қўзғолдим.
Шунда бирови кетимдан келди, белимга тепди.
Мен юзтубан йиқилдим. Ногирон қўлим зирқираб-зирқираб оғриди.
Туриб ўтирдим. Теваракка алангладим. Раён ўнг ёғимдаги адир ортида бўлди. Кўринмади.
Қишлоқ чап ёғимдаги адир ортида бўлди. Қишлоқ-да кўринмади. Осмон бошимда бўлди.
Барибир олисда бўлди.
Хўрлигим келди: ай, ёлғизлиги қурсин-а!
Кўнглим бузилди: ай, ногиронлиги қурсин-а!
Ўпкам тўлиб келди. Қўйнимдаги ногирон қўлимни ташқари чиқардим.
— Биродарлар, Жўра бобонинг отидан йиқилиб, қўлим чиқиб эди, мана... мана... — дедим.
Улар хохолаб-хохолаб кулди. Ўзаро гапиришди:
— Бу ўзи унга ким бўлади?
— Ҳеч ким!
— Ҳеч ким? Йўғ-е?
— Демак, бу ўзича ритсарлик қилмоқчи бўлибди-да?
— О, ритсар! ХХ аср ритсари!
— Дон Кихот!
— Дон Кихот! ХХ аср Дон Кихоти!
Мен шундагина улар кимлигини билдим. Қўлим ногиронлигини айтиб, йиғламсираганларимга
минг-минг пушаймон бўлдим...
Ерга қарадим. Қўлимни қўйнимга солмадим. Соғлом қўлимдайин ерга тирадим.
Ногирон қўлим зирқиллаб оғриди. Тишимни тишимга босдим. Юзларим ловуллаб ёнди...
Бир бало қилиб, жойимдан турдим. Оёқларида тик турдим.
Шунда бирови жағимга урди.
Мен кетимга тисарилиб-тисарилиб, бунисига бориб урилдим.
Буниси елкамдан суяб қолиб, ҳароммағизимга урди.
Гандираклаб-гандираклаб, унисига бордим.
Унисидан иягимга едим.
Бир айланиб тушдим. Осмон гир-гир айланди. Осмон қоп-қора бўлди.
От кишнаган оқшом (қисса). Тоғай Мурод
Do'stlaringiz bilan baham: |