НОМАЪЛУМ АСКАР КИМСАН ҲУСАНОВ
ҲИКОЯСИ
Одамлар, ҳушёр бўлинг!
Марҳумлар ҳеч нимани кўрмайди, деб ўйлай-
сизми? Марҳумлар ҳеч нимани эшитмайди деб ўй-
лайсизми? Марҳумлар ҳеч нимани билмайди, деб
ким айтди сизга! Биз ҳаммангизни кўриб турамиз,
ҳамма гапингизни эшитамиз. Фақат сиз – тирик-
лар бизнинг гапимизни эшитмайсиз. Бизнинг сиз-
дан фарқимиз шуки, олдингизга юриб боролмай-
624
миз. Шунинг учун ора-чора тушингизга кириб ту-
рамиз. Сиз билан тушингизда гаплашамиз.
Ана, ойим! Ўн қадам нарида, кафтини тизза-
сига қўйиб, маъюс кўзларини олисларга тикиб
ўтирибди. Худди эшик олдига чиқиб, ботиб бора-
ётган қуёшга термилган кўйи йўл пойлаётгандек.
Ўртамизда ёниб турган гулхан тафти иккаламизга
баравар уряпти. Нарироқда гулсафсарлар очилиб
ётибди. Худди ҳовлимиздагига ўхшаган гулсаф-
сарлар. Ростимни айтсам, шу гулни жудаям соғин-
гандим...
Биламан, бу – ойимнинг ҳайкали. Аммо бугун
онамнинг ўзини ҳам кўрдим. Тирик дийдорини!
Йўқ, аввал Оқсоқолни кўрдим. Мункиллаб қоп-
ти. Аммо овози, гап-сўзи ҳамон ўша-ўша... Кейин
ёнимга ойим келди. Қариб, бир ҳовуч суяк бўлиб
қолибди. Сочлари оппоқ... Ўшанда – вокзалга ку-
затиб чиққанида бунчалик эмасди. Фақат кўзла-
ри ўша... Бошимни силаган қўллари ўша... Уям
мени таниди. Дарров таниди! Онамнинг кўз ёши
юзимга томганида юпатдим.
«Ойижон! Нега йиғлайсиз? Мана, дийдор кўриш-
дик-ку!»
Афсус, ойим гапимни эшитмади. Начора, сиз –
тириклар бизнинг овозимизни эшитмайсиз.
Робия ойимнинг қўлларини бўйнимдан ажратиб
олаётганда вужудим титраб кетди. Соғингандим,
жуда соғингандим.
«Робия! Мени танимадинг-а! Соғиниб кет-
дим-ку!»
Робия ҳам эшитмади. Аммо онам бу сафар га-
пимни тушунди.
«Танимадингми, қизим! Кимсан аканг-ку!»
Сездим. Робия ҳам мени таниди. Танигани учун
юзини-юзимга қўйиб йиғлади. Уям ўзгарибди.
625
Сочлари қандоқ узун эди! Бошини ювса, кечга-
ча сочини қуритолмай офтобга солиб ўтирарди...
ўшанда Рашид абзининг мўрчасидан Оқсоқолнинг
келинлари билан қайтаётганида ҳам сочлари нам
эди. Майин ис таратиб турарди. Сочига оқ оралаб-
ди... Кўзлари қандоқ ёниб, қандоқ кулиб қарарди
менга! Тоғам уйланган куни – қирқ биринчи йил-
нинг Биринчи Май байрамида шаҳарга театрга
тушганимизда, ойдин кечада икковлашиб қайта-
ётганимизда жуда чиройли, жуда бошқача кул-
ган эди. Ҳозир қандайдир чарчоқ, маъюс ифода
кўрдим кўзларида. Қизиқ, Робия қариб кетибди-
ми? Ахир мен қариганим йўқ-ку! Ўн тўққиздаман.
Бундан чиқди Робия энди ўн саккизга киряпти.
Нимага унақа! Нимага сочига оқ тушади!
Анави ким? Шомурод тоғамга ўхшайди-ку! Худ-
ди ўзи! Фақат мўйлов қўйиб юборибди. Нега оқ-
соқланади? Э, бўлди! Демак ярадор бўлган. Тоғам
урушга кетганини Робия ёзган эди. Кўксида ни-
шонлар. Бундан чиқди яхши жанг қилган. Тоғам
ҳам қариб қопти. Сочининг қорасидан оқи кўп...
Фақат анави йигитчани танимадим. Ясаниб ол-
ган новча йигит ким? «Амма» деб ойимга ёпишди-
ми? Бундан чиқди Шомурод тоғамнинг ўғли. Ме-
нинг жияним!.. Унақа бўлса, нега Робияни ойи деб
гапирди. Робия нега тоғам билан келди? Балки...
Начора! Бўлса-бордир! Мен... энди марҳумман-ку.
Бари бир, бахтлиман! Ана, ёнимда ойим ўтириб-
ди. Энди бизни бир-биримиздан ҳеч ким жудо қи-
лолмайди. Абадий ёнма-ён турамиз. Дунёда бахт ли
тасодифлар бўлмайди, деб ким айтади? Угри дарё-
сининг қирғоғидан худди менинг хокимни олиш-
гани бахтли тасодиф эмасми! Тағин худди шу ерга
– ўз юртимга олиб келишгани бахт эмасми?
626
Марҳумлар ҳеч нимани эсламайди, десангиз
хато қиласиз. Марҳумларнинг хотираси сиз – ти-
рикларникидан яхшироқ бўлади. Негаки, сиз ти-
рикликнинг минг хил ташвиши билан елиб-югу-
расиз. Бизнинг эса хотираларни эслашдан бошқа
юмушимиз йўқ.
* * *
Калуга шаҳрининг шундоқ этагидан Угри дарё-
си ўтади. Козёлск деган шаҳарча бор. Биз марҳум-
лар-ку, юролмаймиз. Аммо сиз йўлингиз тушса ўша
томонларга боринг. Қирқ иккинчи йилнинг февра-
лида Ўзбекистонда бодом гулласа гуллагандир. Аммо
у ерларда ҳали қаҳратон қиш эди. «Номсиз тепалик»
деган ашулани кўп эшитгансиз. У юртнинг беадад
текисликларида нима кўп номсиз тепаликлар кўп.
Аммо ўша қўшиқ худди шу ердаги тепаликларга
бағишланган. Биз пиёдалар ротаси ўшанақа номсиз
тепаликлардан биттасига жойлашиб олгандик. Рота-
миз номигагина қолган. Ҳаммаси бўлиб икки киши
эдик. Мен билан Тенгиз деган грузин бола! Мен ҳа-
зиллашиб уни Денгиз деб чақирардим. Тепаликдан
қор босган Козёлск шаҳарчаси кафтдек кўриниб ту-
рарди. Кўп уйлар ёниб кулга айланган, фақат мўри-
си сўппайиб қолган... Якка-ёлғиз черков ғариб шум-
шайиб турибди.
Ўша куни фашистлар тонг-саҳардан ҳужум
бош лади. Аввалига замбаракдан ўқ узиб тепалик-
ни тит-пит қилиб юборди. Камида бутун бир бата-
льон жойлашиб олган деб ўйласа керак. Кейин қор
босган қияликдан танклар ўрмалаб чиқа бошлади.
Ажаб, икки кишига учта танк!
Занжирли ғилдирагидан қор сачратиб келаёт-
ган биринчи танк яқинлашиши билан брустверга
тармашиб чиқиб, шиша бутилкани улоқтирдиму
ўзимни окопга ташладим. Олд томонда шишанинг
627
жаранглаб сингани эшитилди. Лоп этиб олов кўта-
рилди. Қувониб кетдим. Окопдан секин мўраласам,
танк тўппа-тўғри шу томонга келяпти. Шиша танк
остига тушганини англадим. Бўлди! Тамом бўлдим!
Ёнилғи шишаси граната эмаски, танк занжирини
узса! Тилимгача музлаб кетгандек бўлди: ажал шар-
пасини сезганда қўрқмайдиган одам йўқ.
Тенгиз сакраб окопдан чиқди-да, йигирма қа-
дамча келиб қолган танкка шиша улоқтирди.
Шиша тўппа-тўғри ёнилғи баки устига бориб туш-
ди. Ўша заҳоти аввал қуюқ тутун, кейин лоп этган
аланга кўтарилди.
– Урра! – Тенгиз овози борича ҳайқирди. Танк
таққа тўхтади, ўша заҳоти пулемёт тарилла-
ди. Тенгиз худди биров пешонасига зарб билан
мушт туширгандек чалқанчасига ағдарилиб,
устимга йиқилди. Елкасидан қучоқлаб, юзига
қарасам кўзлари очиқ, мўйлови орасидан қон
сизиб чиқяпти.
Милтиғимни олиб, брустверга тармашдим.
Шлем кийган икки немис ёниб турган танкдан ту-
шиб қочаётганини кўрдиму биттасини мўлжаллаб
ўқ уздим. Тегмади. Икки букилиб, танк орқасига
ўтиб кетди. Шунда танклар панасида мўр-малахдай
ёпирилиб келаётган душманларга кўзим тушди.
Яқинлашиб қолганларидан бирини қоралаб,
тепкини босдим. Мункиб йиқилди. Ана! Биттаси
кетди асфалософилинга! Ажаб, қўрқувни унутиб
юборган эдим. Яна бирини мўлжаллаб ўқ уздим.
Милтиқ чиқ этдию отилмади. Қизиқ устида ҳамма
ўқимни отиб бўлганимни энди тушундим. Оғзидан
қон оқиб ётган Тенгизнинг найзали милтиғини
олиб энди қаддимни ростлаган эдим, душман те-
палик бўшаб қолганини сезди шекилли, ҳайқириқ
билан окопга ёприлди.
628
Ҳали Тенгиз ёндирган танк ҳамон ловуллар,
қолган иккитаси орқадан ёриб ўтиш учун икки то-
монга бурилиб кетган эди. Каска кийган, кўрини-
шидан ҳаммаси бир-бирига ўхшайдиган пиёдалар
ваҳшиёна қийқириқ билан тўппа-тўғри устимга
бостириб келарди. Йўқ, қўрқмадим. Тўғрироғи
қўрқишга улгурмадим! Хаёлимдан ўқдек визиллаб
бир фикр ўтди. Майли, ўламан! Аммо ҳеч бўлмаса
биттангни ўлдириб, кейин ўзим ҳам... Қор босган
брустверга сакраб чиқдим. Нима бўлганини ўзим
билмай қолдим. Шиддат билан югуриб келаётган
фашист милтиғимнинг найзасига рўпара бўлди.
Найзани санчдимми, ўзи урилдими, эсимда йўқ.
Найзанинг учи юмшоқ бир нарсага ғирч этиб
киргани, фашистнинг қўлидаги автомат шилқ
этиб қорга тушгани, немис қоқ тўшига санчилган
милтиқ найзасини қўшқаллаб чангаллаганча, «О,
майн муттер!»
4
деб оҳ чеккани ғира-шира ёдимда
бор. У жон талвасасида ёнбошига ағдариларкан,
бошидан каскаси учиб, қўнғир сочлари ёйилиб кет-
ди. Мовий кўзлари даҳшатдан ола йиб, бир нима
деб ингради. Яна шуни сездимки, у нари борса
ўзим тенги ёш йигит экан. Даҳшат тўла кўзларида
«мени нима қилиб қўйдинг», деган маъно бор эди.
Буларнинг ҳаммаси бир сонияда бўлиб ўтди. Ўзим
қўрқиб кетдим. Найзани суғуриб олиш учун кучим
борича милтиқни тортдим. Аммо у қўллари билан
найзани шундай қаттиқ чангаллаб олгандики, тор-
тиб чиқаришга кучим етмади. Эсанкираб қолга-
нимдан нуқул милтиқ қўндоғини силтар эдим. Уч
қадамча орқароқда келаётган бош қа немис ғазаб-
дан афти қийшайганча бир нима деб бақирди. Ав-
томат милидан чиқаётган тутунга бир лаҳза кўзим
тушдию... Кейин...
4
Оҳ, онажон! (нем.)
629
...Аввал қулоғимга муттасил гувиллаган садо
эшитилди (самолёт ҳужумида шунақа бўлади),
кейин кўзимни очиб ғира-шира ёруғликни кўр-
дим. Зеҳн солиб қарасам, деразага ўхшаш тўрт-
бурчак туйнукдан бир парча нур тушиб турибди.
Гардиши юпқа кўзойнак таққан, ёқасида лейте-
нантлик ромбиги кўриниб турган зиёлинамо киши
бошимда ўтирибди.
– Ўртоқ лейтенант! – ўрнимдан турмоқчи эдим,
чап оёғим шундай санчиб кетдики, кўз ўнгимни
яна туман қоплаб, инграб юбордим.
– Тшш! – деди лейтенант қулоғимга эгилиб. –
Қўрқма, солдат, тириксан!
Секин-секин ҳушимга келдим. Димоғимга ачим-
сиқ гўнг ҳиди урилди. (Одам бетоб бўлганда, яра-
ланганида ҳидни яхши сезадиган бўлиб қоларкан.)
ғўнғир-ғўнғир гаплар қулоғимга чалинди. Демак,
дала госпиталига олиб келишибди. Қизиқ, ким
обкелди экан. Тенгиз ҳалок бўлганди-ку! Бундан
чиқди, ёрдам етиб борибди-да! Унақа бўлса, нима-
га биттаям халатли одам кўринмайди? Лейтенант
билан мендан бўлак ҳарбийлар ҳам йўқ-ку!
Ҳаммаси чоллар, кампирлар, нимқоронғида
кўзи қўрқувдан олайиб кетган ёш болалар... Ким
ўзи булар! Йўқ, бу дала госпитали эмас. Ана, ўрта-
даги устун тагига гўнг тўдалаб қўйилибди. Чўчқа
гўнги! Госпиталда чўчқа гўнги нима қилади!
Рўпарадаги эшик оғир ғийқиллаб очилди. Аввал
ёп-ёруғ нур, кетидан ғуриллаган совуқ кирди. Нур
тушиб турган эшик олдида немис каскасини кий-
ган солдат кўринди.
– Шнель! – деб ўшқирди автомат ўқталиб.
Асирга тушганимни билиб, вужудим музлаб
кетди.
630
– Турақол, солдат! – Кўзойнакли лейтенант «шу-
нақа гаплар, йигит!» дегандек оғир-оғир бош чай-
қади. Қўлтиғимдан кўтарди. Оёғим сирқиллаб
оғрир, томоғим ачишар, сув ичгим келарди. Қара-
сам, кимдир этигимни ечиб олиб, чап оёғимнинг
болдирига қалин қилиб дока ўраб қўйибди. Ҳали
билмаган эканман. Лейтенант ҳам ўнг қўли тирса-
гидан елкасигача дока билан танғилган, шинели-
нинг чап енгини кийган, ўнг енги эса осилиб ётар-
ди. Чамаси у ўзининг санитар пакетини мен билан
бўлашган шекилли, қўлига танғилган докадан қон
сизиб чиқиб, қорайиб турарди.
Тағин учта немис солдати автомат ўқталиб
чўчқахонага кирди. Одамларнинг елкасига қўн-
доқ билан уриб, ташқарига ҳайдай бошлади. Қи-
зиқ, ҳеч кимдан садо чиқмас, фақат болалар, қи-
залоқлар кўзлари жавдираб, онасининг этагига
осилишар, аммо улар ҳам дод-фарёд солишмас,
ҳаммаси сеҳрланиб қолгандек индамай ташқари-
га чиқарди.
Ҳаво очилиб кетган, қуёш чарақлаб турар, оёқ
остидаги қор кўзни қамаштирар, совуқ эди. Дока
боғлаган ярадор товоним қорга тегиши билан жа-
зиллаб ачишиб кетди.
– Ўзингни, тут, солдат! – лейтенант билагимдан
қаттиқ қисди. – Йиқилсанг отиб ташлашади!
Унинг аҳволи меникидан яхши эмасди. Кўп қон
кетган шекилли, рангида ранг қолмаган, мени су-
яганча ҳансираб нафас оларди.
Музлаб ётган сўқмоқдан юриб кетдик. Олдин-
да немис офицери, икки томонимизда икки соқ-
чи, орқада яна биттаси. Ҳар қадамни минг ма-
шаққат билан босардим. Яланг оёғимни қорга те-
гизмасликка уринар, бошим айланарди. Бирпасда
икки қулоғим музлаб қолди. Шундагина бошяланг
631
эканимни сездим. Кўзойнакли лейтенант сирға-
ниб кетди. Аммо йиқилмади. Мениям суяб қолди.
Қарасам пешонасидан совуқ тер оқяпти. Нима
қиляп ман ўзи? Ахир уям ярадор-ку, ўлигимни
ташлаб нима қилдим?! Иложи борича оғирлигим-
ни туширмаслик учун ярадор оёғимни ҳам ишга
солиб, дадилроқ қадам босдим. Бир оздан кейин
оёғимга совуқ таъсир қилмай қўйди. Қайтага исиб
кетгандек бўлди.
Негадир қишлоққа эмас, тескари томонга ке-
тардик. Орқада келаётган соқчи оғиз-гармонда
аллақандай шўх немисча куй чала бошлади. Чап
томонда – эллик қадамча нарида қор босган ўрмон
қорайиб кўринди. Арчалар қор залворидан шохи-
ни эгиб турар, пастроқда эса арчаларнинг танаси
кўкимтир бўлиб кўринарди.
– Қочинг, ўртоқ лейтенант! – дедим шивирлаб.
– Ўрмонга...
У бир зум иккиланиб қолди. Ўша заҳоти «фой-
дасиз» дегандек бош чайқади. Қорнинг усти муз-
лагани билан қадам боссангиз оёқ тиззагача ботиб
кетади. Ўн қадам юрмасдан отиб ташлашади...
Юриб-юриб, дарё бўйидан чиқиб қолдик. Соҳилда
қора мундир кийган, шапкасининг икки четида-
ги ихчам қора қулоқчини билан қулоғини совуқ-
дан пана қилган уч немис офицери турар, совуқда
депсиниб, қўлқопли қўлларини ишқалаб шодонлик
билан шанғиллаб гаплашишарди. Бизни бошлаб
келган немис офицери ҳаммамизни саф тортти-
риб, дарёга рўпара қилди. Бу – Угри дарёси экани-
ни тушундим. Ўн беш кун илгари Угри икки марта
қўлдан-қўлга ўтган эди. Аввал биз нариги соҳил-
га бостириб бордик. Кейин чекиниб, Козёлск ол-
дидаги тепаликка қайтдик. Музлаган дарё устида
632
ҳалиям сон-саноқсиз излар тушиб ётибди. Нариги
соҳилда пачақланган немис пулемётини қор ярим
кўмган, сўппайиб турибди. Совуқ шамол музлаган
дарё устида увиллаб, қор супуради.
Немис офицерлари ўзаро бир нималарни гап-
лашди. Бошим айланиб, кўнглим гум-гум кетар,
кўз ўнгимни туман қоплаб олган, йиқилиб тушмас-
лик учун кўзойнакли лейтенантга суяниб турар,
аммо совуқни энди сезмасдим... Чоллар, хотинлар
орасида турган болалар совуқ қотиб кетди шекил-
ли, ҳиқиллаб йиғлай бошлашди.
Қулоқчинли шапка кийган офицерлардан бири
алланима деб шанғиллаган эди, икки соқчи биздан
нарироқда турган, бошига қулоқчин, эгнига пахта-
лик кийган серсоқол чолнинг қўлини орқасига қай-
ирди-да, офицерлар томонга судраб кетди. Соҳилга
олиб бориб, қорга ўтқизишди, оёғидан эски пийма-
сини ечишди. Кейин телпагини, пахталигини... Ши-
мини... охири қип-яланғоч қилишди-да, дарё томон
судрашди. Қирғоқдан ўн қадамча наридаги музи те-
шиб қўйилган жойга аввал эътибор бермаган экан-
ман, одатда рус қишлоқларида сув олиш учун музни
тешиб қўйишади. Аммо бу битта челак сиғадиган
жўн тешик эмасди. Ҳар томони бир метрчадан, те-
кис қилиб кесилган, тўртбурчак тешик! Худди қу-
дуқнинг оғзига ўхшайди. Тешик ёнида суянчиқсиз
курси турибди. Курси устида қора портфел.
Икки солдат бояги одамни зўрлаб тешикка тиқ-
ди. Немис офицерларидан бири ҳадеб типирчила-
ётган чолнинг билагидан ушлаб соатига қараган-
ча томир уришини санай бошлади. Муздан боши
чиқиб турган киши аввалига «увв» деб юборди.
Типирчилади. Ранги бир қизардию кейин бўздек
оқариб кетди.
633
– Зайт цеен минутен эртрейхт эр аллес, – деди
офицер унинг билагини қўйиб юбормай. – Битте
айне шприце, шнеллер
5
.
Бошқа бир офицер курси устида турган портфел-
ни очиб, шприц чиқарди. Югуриб олиб борди. Нари-
гиси, икки аскар ёрдамида ҳушидан кетган чолни
муз орасидан суғуриб олди. Чолнинг бадани гўштдек
қизариб кетган эди. Икки кишилашиб билагига укол
қилишди. Чол аввал титради, кейин кўзини очди.
– Ҳайвонлар! – деди хириллаб. Қалаштириб сўкди.
– Гут!
6
– Укол қилган офицер солдатларга бир
имо қилган эди, энди ҳушига келган чолни тағин
сувга тиқишди.
Биз – дарё соҳилида турганлар аждаҳога дуч
келган қуёндек сеҳрланиб қолган эдик. Ҳеч ким
қилт этмас, офицер ҳамон сувдаги чолнинг томи-
рини ўлчаб, соатига қараб турар эди.
– Нима қилишяпти? – дедим худди сувга ўзим
тушгандек вужудим музлаб.
Қўлтиқлаб турган лейтенантга қарасам, ранги
қордек оқариб, тишлари ғижирлаяпти.
– Аблаҳлар – деди титраб. – Тажриба ўтказяпти,
Рейхнинг совуқ урган аскарларини қайси дори би-
лан қутқариб қолишни синаяпти.
– Шон тоот, – сувдаги чолнинг томирини ўлчаёт-
ган доктор-офицер мамнун жилмайди, – ин цван-
циг минутен тоот
7
.
Икки солдат яланғоч чолни сувдан суғуриб олди.
Судраб олиб бориб, дарёнинг ўртасига, муз устига
улоқтиришди.
Сафда турган хотинлар, болалар қий-чув солиб
юборди. Немис автоматчиларидан бири одамлар
5
Ўн минутдан бери чидаяпти. Марҳамат шприцни
узатинг, тезроқ. (нем.)
6
Яхши! (нем.)
7
Ўлди. Йигирма дақиқада ўлди. (нем.)
634
бошидан ошириб тариллатиб ўқ узган эди, яна
жимлик чўкди.
Тажриба ўтказаётган офицер муз устида депси-
ниб, оёқларини иситиб олди. Қўлқоп кийган қўл-
ларини ишқалаб илжайди. Тағин бир имо қилган
эди, икки автоматчи сафда турган хотинлардан
бирига ёпишди. Елкасига чанг солиб, судраган
эди, етти ёшлардаги қизалоқ хотиннинг этагига
осилиб олди.
– Мама! – деди чинқириб. – Мама!
Солдатлар хотинни тешик томонга судрар, қизалоқ
эса онасининг этагига маҳкам ёпишиб олган эди.
Автоматчилардан бири немисча сўкиниб қизча-
нинг қулоғидан чўзганча сафга қайта тиқди. Хо-
тиржамлик билан хотинни ечинтира бошладилар.
Аввал бошидан рўмолини юлқиб олишди. Кейин
палтосини, жун пайпоғини, кўйлагини...
– О! – Синовчи доктор офицер аёлнинг оппоқ
кўкракларига суқланиб қараб, томоқ тақиллатди.
Беихтиёр юзимни ўгирдим. Яланғоч аёлни
умримда кўрмаган эдим. Ўша томонда ҳаяжонли
шовқин қўпганини эшитиб, яна бурилиб қарадим.
Немис автоматчиларидан бири хотиннинг қўл-
тиғидан олмоқчи бўлган эди, аёл башарасига тар-
саки тортиб юборди. Лекин ўша заҳоти елкасига
тушган қўндоқ зарбидан қорга муккасидан йиқил-
ди. У қип-яланғоч эди.
Аёлни қорда судраб обориб муз орасига тиқишди.
Доктор-офицер ниҳоятда ишбилармонлик би-
лан соатига қараб унинг томирини санай бошла-
ди. Аёлнинг оппоқ кўкраклари муз қиррасига ти-
ралиб турар, ҳансираб нафас олар, икки кўзи биз
томонда эди.
Саф орасида турган қизалоқ жонҳолатда
чинқирди:
635
– Мама!
Автоматчилардан бири шу томонга югурди. Қи-
залоқни урди шекилли, боланинг бўғилиб йиғлага-
ни эшитилди. Бироқ зум ўтмай яна ўша илтижоли
фарёд янгради.
– Ма-ма!
Орадан анча вақт ўтди. Мунча ҳисоб-китобга
ўч бўлмаса бу фашист, мунча хотиржам бўлмаса!
У ҳалиям аёлнинг томир уришини ўлчар, соати-
дан кўз узмас, аёл эса ҳадеганда ҳушидан кетмас,
икки кўзи қизчасига тикилганча ҳансираб нафас
оларди.
Доктор офицернинг силлиқ юзида аввал ҳайрат
кейин даҳшат пайдо бўлди.
– Фиер унд цванциг минутен! – деди бидирлаб. –
Штирбт нихт. Вие айн хунд цэлебих!
8
Ўзи совқотиб кетди шекилли, солдатларга алла-
нима деб буйруқ берди. Автоматчилар аёлни сув-
дан суғуриб олишди.
– Доча! – Қип-яланғоч хотин тирик қолганига
ишонди. Совуқдан тишлари такиллаганча яланг
оёқлари сирпаниб-сирпаниб қизчаси томонга ганди-
раклаб кела бошлади. Қизалоқ саф орасидан отилиб
чиқиб, онасига югурди. Лекин она-бола бир-бирига
етолмади. Автоматчилардан бири онани, бири қиза-
лоқни елкасидан чангаллаб, икки томонга тортди.
Чинқириб йиғлаётган қизчанинг кўз ўнгида
қип-яланғоч онани қорга ўтқизиб билагига укол
қилишди. Обориб, яна муз орасига тиқишди.
Билагимдан тутиб турган лейтенант нуқул инг-
рар, «аблаҳлар, ваҳшийлар», деб тишларини ғи-
жирлатар, аммо у ҳам, мен ҳам бир нима қилишга
ожиз эдик.
8
Йигирма тўрт дақиқа. Жони итдан ҳам савил экан.
(нем.).
636
Доктор-офицер ўз касбини хўп пухта эгалла-
ган экан! Аёлнинг томирини секундигача аниқлик
билан ўлчаб санар, ҳар беш дақиқада қанча вақт
ўтганини айтиб турар, яна биттаси эса дафтарга
ёзиб борарди.
Хотин яна ўттиз беш дақиқа чидади. Офицерлар
қувониб кетишди. Мамнун ғужиллашиб қолиш-
ди. Чамаси, бу дорининг таъсири зўрроқ экани-
ни бир-бирига маъқуллаб тушунтирар эди. Бояги
кап-катта эркак уколдан кейин ўн дақиқа ўтмай
жон берди. Манави аёл эса хотин киши бўлатуриб,
ярим соатдан ошдики, ўлмаяпти. Демак, бу галги
дорининг фойдаси кўпроқ экан!
Ҳисоб-китобга уста немислар, «маданиятли»,
«билимдон» фашистлар бир нарсани ўйламасди.
Аёлни шунча азобга бардош беришга мажбур қил-
ган куч дори эмас! Онанинг кўз ўнгида қизчаси ту-
рибди. У боласидан умид узолмаяпти. Ўлолмаяпти.
«Доно» фашистларнинг ақли қандоқ етсин бунга!
– Капут! – Доктор-офицер ниҳоят кўнгли тинчиб
соат чангаллаган қўлини баланд кўтарди.
Автоматчилар аёлнинг икки қўлидан тортиб
сувдан чиқаришди. Энди унинг бутун бадани
кўкимтир-қизғиш тусга кирган лабларини ғарчча
тишлаганча қотиб қолган эди.
– Ма-а-а-ма-а-а!
Автоматчилар хотинни сочидан судраб бояги
чол томонга олиб кетишаётганида қизалоқнинг ос-
монни тешиб юборгудек чинқириғи оламни тутди.
– Ма-а-мочка-а!
Доктор-офицер яна депсиди. Қулоғидан совуқ
ўтди шекилли, шапкаси тагидаги кафтдек қулоқ-
чинларини икки қўллаб ишқалади. Автоматчилар
биз томонга келаётганини кўриб, беихтиёр орқага
чекиндим.
637
– Бардам бўл! – Кўзойнакли лейтенант бўғиқ
овозда далда берди. – Алвидо, солдат. Тирик қол-
санг, қасос ол!
Немис автоматчилари бир зум тўхтаб қолди.
Иккаласи кулранг кўзларида истеҳзо билан гоҳ
лейтенантга, гоҳ менга қарар, молхонага кириб,
семизроқ қўйни сўйишни мўлжаллаган қассобдек,
иккаламиздан биримизни танлар эди.
Доктор-офицер бир нима деб буюрган эди, «қас-
соблар» мени танлади. Иккаласи икки қўлтиғимга
ёпишди.
– Алвидо, ўртоқ лейтенат! – дедим пичирлаб. –
Тирик қолсангиз...
Пешонамга тушган мушт зарбидан бир лаҳза ҳу-
шимни йўқотдим. Лекин зум ўтмай ўзимга келдим.
Оёғим зирқираб оғрир, аммо автоматчилар қадам
босишга қўймай, муз устида судраб кетишарди.
– Ўртоқ лейтенант! – Охирги кучимни тўплаб
ҳайқирдим. – Ҳусановман, Тошкентдан! Тирик
қолсангиз, хабар қилинг!
Эсимни таниганимдан бери бегона у ёқда тур-
син, ота-онамга ҳам яланғоч кўринмаган эдим.
Уят бўлди. Бегона хотинлар турибди. Бегона қиз-
лар... Болалигимда Бўрижарда чўмилганимда ҳам
иштонимни сиқиш учун қамишзор ичкарисига
кириб кетардим. Шуни ўйлашим билан лоп этиб
дадам, ойим, Робия хаёлимга келди. Кўзимда ёш
айланяптими! Йўқ! Нега энди! Мана шу ваҳший
фашистлар олдида-я!
...Аввалига бутун вужудим музлаб кетди. Муз
остидаги оқим унча тез эмас эди. Оёғимни типир-
латиб кўрсам, тагига етмади. Демак, дарё чуқур.
Автоматчилардан бири қўлтиғимдан ушлаб, томи-
римни текшира бошлади. Негадир энг аввал яра-
дор оёғим, кейин белим, охири бошим қизий бош-
638
лади. Автоматчи тепамда туравериб зерикдими,
ҳушдан кета бошлаганимни билдими, қўлтиғимни
қўйиб юбориб нари кетди. Аммо мен ҳали эс-ҳу-
шимни йўқотмаган эдим. Офицернинг билагимни
тутган чарм қўлқопи совуқ эди. Лекин зум ўтмай,
қўлқопи исиб кетгандек бўлди. Энтикиб нафас
олганча унинг юзига қарадим. Сарғиш қошла-
ри чимирилган, соқоли қиртишлаб олинган, юзи
сип-силлиқ. Атир ҳиди анқиб турибди. Юқа лаб-
лари қимтилган. Кўкиш кўзлари табассум билан
соатига қараб, томир уришимни санаяпти. Худ-
ди итни, маймунни текшираётган олимдек. Ҳатто
ора-чора мамнун илжайиб ҳам қўяди.
«Шошма, аблаҳ! Тажриба қанақа бўлишини кўр-
сатиб қўяман! Музлаб ўлиш қанақа бўлишини се-
нам бир кўриб қўй!» Бу фикр хаёлимга қаёқдан
келганини билмайман. Тўсатдан вужудимга куч
ёғилиб киргандек бўлди. «Амаллаб қўлидан ушлаб
олсам бўлди!» Сув остидаги қўлимни қимирлатиб
кўрсам ҳали жон бор. Яхши! Сувнинг устки қисми
яхлаб – кўкрагим атрофини дарров юпқа муз қоп-
лабди. Бўш қўлимни секин юқори кўтардим. Сил-
лиқ юзли доктор-офицер муз шилдираганини эши-
тиб, ярқ этиб қарадию парво қилмай яна соатига
тикилди. Хотиржамлик билан томиримни ўлчашда
давом этди. Бўш қўлимни муз қатламидан секин
чиқардим. Билагимдан тутиб турган қўлига чанг
солиб, жоним борича ёпишиб олдим. У сесканиб
кетди. Кўзлари ола-кула бўлиб, соатни қор усти-
га отиб юборди-да, иккинчи қўли билан билагимга
муштлай бошлади. Даҳшат ичида алланима деб
чинқирди. Автоматчилар шу томонга югурди. Ле-
кин отмади. Хўжайинини отиб қўйишдан қўрқар
эди. Сўнгги кучимни тўплаб бир силтаган эдим,
офицер сирғаниб музга ўтириб қолди. Ёнбошига
639
ағдарилиб, бошидан шапкаси учиб кетди. Боши
шундоққина ёнимга келиб қолди. Жонҳолатда са-
риқ сочларига ёпишдим. Солдатлар автомат қўн-
доғи билан билагимга ура кетди. Аммо совуқдан
тарашага айланган қўлимга оғриқ таъсир қилмас,
акашак бўлиб қолган бармоқларим доктор-офи-
цернинг сочига ёпишиб қолган эди. Офицер шун-
дай даҳшат билан додлаб юбордики, овози хо-
тинларникидек ингичкалашиб кетди. Ўша заҳоти
боши билан сувга шўнғиганини, оғзига муздай сув
кириб, овози ўчгани, «булқ-булқ» қилиб қолганини
идрок этдим. Яна бир марта ҳушимга келдим. Бо-
шим қандайдир қиррали нарсага урилганини ҳис
этдим. Оқим сув тагидаги музга обориб урган экан.
Қизиқ, муз қатлами билан сув ўртасида бир-икки
энлик очиқ жой бўларкан. Ютоқиб нафас олган
эдим, ўпкамга сув аралаш ҳаво кирди. Пастда, сув
тагида, бутимнинг орасида қора гавда жон талва-
сасида типирчилар, қўлим чангак бўлиб, ҳамон со-
чига ёпишиб қолган, қўйиб юбормас эдим. Олисда
ёруғ туйнукдан кўкимтир нур тушиб турар, ўша
томонда автоматнинг тариллагани, бўғиқ қий-чув
элас-элас эшитилар эди. Шуларни бир сония ҳис
этдиму кейин.... ҳаммаси тамом бўлди.
* * *
...Биламан, сиз – тириклар ўлимдан қўрқасиз.
Тириклигимда мен ҳам қўрқар эдим. Йўқ, ўлим ун-
чалик даҳшатли эмас. Эртами-кечми ҳаммаям ўла-
ди-да! Ҳаёт нима ўзи?.. Худо ҳадя этган инъом. Аммо
одамлар ҳар хил. Биров шу инъомни бошқалар билан
баҳам кўради. Биров бошқаларникиниям қўшиб ол-
ги-си келади. Шу билан умри узайиб қоладигандек.
Гап қачон ўлишдами? Қандай ўлишда эмасми!
...Ярим кечадан ошди. Ҳамма ёқ жимжит. Хи-
ёбондаги гулсафсарлар секин-секин тебраняпти.
640
Ўн қадам нарида ойим ўтирибди. Иккаламизнинг
ўртамизда олов ловуллаб ёняпти.
Онамнинг ҳайкали билан-ку, ҳар доим суҳбат-
лашаман: ёнимда. Ўзи билан ҳам гаплашай.
Ойи! Робия! Хабарим бор, бугун иккалангиз ҳам
ҳадеганда ухлай олмадинглар. Мен бўлсам, сизлар-
нинг тезроқ уйқуга кетишингизни кутаётган эдим.
Нима қилай, уйғоқ пайтингизда ёнингизга борол-
майман... Мана энди, яхши бўлди. Тушингизга ки-
раман. Сиз – тириклар бунақа қилолмайсиз. Мен эса
иккалангизнинг тушингизга баравар кира оламан.
– Ойи, мени танидингиз-а?
– Танидим, ўғлим. Ўлганмидинг? Мен бўлсам...
– Йиғламанг, ойи, мен тирикман. Бугун ўзингиз
кўрдингиз-ку!
– Даданг йўлингга кўз тика-тика оламдан ўтди.
– Сиз яшашингиз керак, ойи. Мен учун...
– Йигирма тўрт йил кутдим. Кимсан... Бу ёғига
кучим етармикин?
– Сиз яшашингиз керак.
– Хўп, жон болам, хўп. Сен шунақа десанг...
– Йиғлама, Робия! Қара, ёстиғинг ҳўл бўлиб ке-
тибди.
– Кимсан ака, сизни танидим.
– Мен ҳам...
– Кимсан ака, гуноҳимдан ўтинг. Сизни кутдим.
Кўп кутдим. Кейин тоғамга...
– Бўлди, Робия....
– Кимсан ака! Бояги йигитча... Музаффар.... ме-
нинг ўғлим. Яна битта ўғлим бор: Омон. Биласизми,
Омон... Сизнинг ўғлингиз бўлиши мумкин эди...
– Начора, Робия! Урушни мен ўйлаб топганим
йўқ. Сен ҳам...
– Мен-чи, сизга қийиқча тикдим. Кўп қийиқча
тикдим. Отингизни ёзиб тагига гуллар чиздим.
641
– Йиғлама, Робия.... Ёшингни арт, жоним! Қу-
лоқ сол. Эшитдингми, ҳали Оқсоқол нима деди?
Ер юзида янги уруш очишни хаёл қилган номард-
лар ҳалиям бор экан. Эшитяпсанми, Робия! Га-
пим қулоғингда бўлсин! Айт. Музаффарга, Омон-
га, ҳаммага айт! Одамлар эсини йиғсин! Ўшанақа
номардларнинг қўлига кишан солинглар. Тўғри,
ўлиш қийин эмас, ўлим даҳшатли эмас, аммо ин-
сон яшаш учун туғилади, Робия! Эшитдингми!
Бўлди, Робия! Йиғлама, эртага яна келаман...
Do'stlaringiz bilan baham: |