Ҳозирги ҳикоячилик: жанрий изланишлар
Ҳозирги ҳикоячиликдаги янгиланиш тамойиллари
Ҳикоя жанри моҳияти. Ундаги услубий изланишлар
Ҳикояда қаҳрамон масаласи
Ҳозирги ўзбек анъанавий ҳикоячилиги.
Ҳозирги ҳикоячиликда янгича тамойиллар.
Адабиётлар
У. Норматов. Умидбахш тамойиллар. Тошкент. 2000.
У. Норматов. Тафаккур ёғдуси. Тошкент. 2010.
Ҳозирги адабий жараён:таҳлил ва талқин. Мақолалар тўплами. Тошкент. 2005.
Н. Эшонқул. Маймун етаклаган одам. Тошкент. Янги аср авлоди.2004.
Ҳ. Каримов. Истиқлол даври адабиёти.Тошкент. Янги нашр. 2010.
Қ. Йўлдошев. Ёниқ сўз. Тошкент. Янги аср авлоди. 2004.
ХХ аср ўзбек ҳикояси анталогияси. Тошкент. Миллий энциклопедия нашриёти. 2010.
Ҳикоя жанри ҳажман ихчамлиги, шакл ва мазмун композицияси қурилиши, тил, услуб ва бошқа поэтик унсурлар оригиналлиги билан ғоявий-эмоционал қиймат касб этади. Унда қаҳрамонлар тайёр ҳолда саҳнага чиқиши ҳам, воқелик тасвири жараёнида яхлит образ-характерга айланиши ҳам мумкин. Бу жиҳат ҳикоянависнинг тасвир услубига, бадиий ниятини, аниқроғи эстетик идеалига боғлиқ.
Бу кичик эпик жанрнинг поэтик имкониятлари каттадир. Ҳикоя учун воқеани қуруқдан қуруқ сўзлаб бериш эмас, балки образлар, рамзлар, бадиий усуллар воситасида характер яратиш муҳимдир. Ҳикоя-инсон тафаккурига бир зарб билан тезда муҳрланадиган, гўзал поэтик шакл қурилишига эга адабий ҳодиса саналади. Ҳикоя бамисоли ўз ўрнида топиб айтилган қанотли ибора, фразеологик бирлик, бир гапга жойлашган ҳикмат.
Ўзбек ҳикоячилиги тараққиётида А.Қодирий, Чўлпон, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, О. Ёқубов, С. Аҳмад, Ш. Холмирзаев, Ў.Ҳошимов каби ижодкорларнинг ҳиссаси катта бўлган. Мустақилликдан кейинги йилларда миллий ҳикоячилигимиз қиёфасини белгилайдиган кўплаб асарлар яратилди.
Истиқлолдан кейин яратилган ҳикояларда иймон ва эътиқод масалаларининг ёритилиши устувор мавзулардан бирига айланди. Шундай ҳикоялар орасида С.Аҳмаднинг “Сароб” ҳикояси ажралиб туради. Ҳикояда иймонсизлик қилган шахс қисмати орқали давр фожиаси инкишоф этилган. Ҳикоя қаҳрамони – Кимсанбой билимдон тарихчи, район маорифи бўлими мудири Олимжон отанинг эрка ўғли. Домла унга яхши таълим-тарбия берди. Маълумки, мулоҳазали, олам ва одамни англаш, идрок этиш қобилиятига зга бўлган шахс бутун жамиятда эъзозланади, бизда эса 30-50 йилларда бундайларнинг оёғига болта урилди. Энг даҳшатлиси, шундай қобилятга эга бўлганларни ёшликдан мажруҳ қилишди. Бу ҳақиқат Кимсанбой образида ўз ифодасини топди. Адибнинг “Қоракўз мажнун” ҳикоясида ҳам ўз иймон эътиқодидан айрилган, насроний динини қабул қилган, бу йўлда ота-онасини, қариндош уруғларини унутган Бўрихон-Борянинг маънавий қиёфаси қаламга олинади.
Ҳозирги ҳикоячилигимизда ижтимоий-маънавий, ахлоқий масалаларнинг бадиий талқини Ш.Холмирзаевнинг “Булут тўсган ой” ҳикоясида ёрқин ифодаланган. Ҳикояда ой инсон ҳаётига қиёсланади. Ҳикоя бош қаҳрамони – Гулсара. Унинг ҳаёти ўн гулидан бир гули очилмай хазонга айланади. Ўзидан 15 ёш катта отасининг ҳамкасби прокурор дўстига узатилади. Аммо куёвининг бепуштлиги туфайли ундан ажралади. Эвазига уч хонали уйга эга бўлади. Гулсара ҳаётдан ўч олиш ниятида ўзи истамаган ҳолда фосиқлик кўчасига киради. Ҳаётда Таваккал, Қувватжондек яхши одамларга ҳам йўлиқади. У қисман фосиқлик оламида яшасада, у маънан эзгулик дунёсининг одами эди.
Ш.Холмирзаев бутун ижод йўли давомида инсон ва табиат орасидан уйғунлик излади.Табиатга хиёнат қилиб бўлмаслигини, табиат хиёнатни кечирмаслигини “Жарга учган одам”, “Омон овчининг ўлими” каби ҳикояларида ифодалаб берди.
Ҳозирги ўзбек ҳикоячилигида давр муаммолари тобора кенг ўрин эгаллаб, илгари учрамайдиган янгидан янги образлар пайдо бўлмоқда. Бу ҳол Э.Аъзам, Х.Дўстмуҳаммад, Н.Эшонқул, С.Вафо, Д.Қўзиева, Ж. Эргашева, Зулфия Қуролбой қизи каби ёзувчиларнинг ҳикояларида яққол кўзга ташланади. Э.Аъзам, Х.Дўстмуҳаммад каби ёзувчилар яратган ҳикоялар биз билан ҳамнафас замондошлар қиёфасини очиб беришга хизмат қилади.
Х. Дўстмуҳаммаднинг “Маҳзуна” ҳикояси миллий характер яратиш йўлидаги самарали изланишлардан.Ҳикояда оилани муқаддас санаш, гард юқтирмаслик аёллик бурчи эканлигини англаш, уни ич-ичидан ҳис қилишликни, шунингдек, Европадан кириб келган баъзи бир “маданий” ҳолатларни миллий руҳга ёт деб билишлик ёрқин бадиий акс эттирилган.
Э. Аъзамнинг “Ёзувчи” ҳикояси қаҳрамони – Домла ёши катта бўлишига қарамай янги давр кишиси сифатида намоён бўлади. Асарда домла қаламга даъвогар кимсалардан ёзувчи ясайдиган косиб сифатида кўрсатилади. Бу ҳикояда муаллиф замонанинг буюртма бажарувчи ижодкорларини фош этишни эмас, аксинча, тузуккина ижодкорнинг шундай аҳволга тушиб қолиши жараёнини холис тадқиқ этишни мақсад қилади.
Кейинги йилларда яратилган Саломат Вафонинг “Унутилган аёл”, “Элат”, Зулфия Қуролбой қизининг “Аёл”, “О,ҳаёт”, Э.Аъзамнинг “Бизнинг тоға”, “Таъзия”, Х.Дўстмуҳаммаднинг “Жимжитхонага йўл”, “Нусхакашнинг меросхўри” ҳикояларининг адабий жараёндаги алоҳида ҳодиса сифатида таъкидлаш керак.
Жонкуяр адабиётшунос Б.Карим “ХХ аср ўзбек ҳикояси анталогияси”ни тузиб жуда хайрли ишни амалга оширди. Анталогияда А.Қодирийдан бошлаб ҳозирги адабий жараёнда фаол иштирок этаётган ижодкорларнинг сараланган ҳикоялари жамланган.Анталогия ўзбек ҳикоячилигининг бир асрлик қиёфасини белгилайди, десак муболаға бўлмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |