Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик шартномасининг савдо қисмини муҳокама қилиш бўйича навбатдаги музокаралар даврасини ташкил этиш масаласини тезлаштириш юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
2020 йилнинг 11 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиш таклифи мақулланди ҳамда мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди. Агарда Ўзбекистон Иттифоққа кузатувчи сифатида қўшилса унда иттифоқ органлари йиғилишларида иштирок этиш ва қабул қилинган қарорлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлади. Таъкидлаш жоизки ушбу ташкилот билан ҳамкорлик ташқи савдо ҳажмининг ўсиши, мамлакатимизда йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро алоқаларни ривожлантириш имкониятларини янада кенгайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан мамлакат ўз тарихида биринчи марта 2020 йилда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги раислигини қабул қилди. Кўп томонлама ҳамкорликни изчил кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш раисликнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди.
Шу муносабат билан, 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан видеоконференцалоқа режимида МДҲ иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда транспорт, таълим, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар кўриб чиқилди ва маъқулланди.
2020 йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Женевадаги БМТ ваколатхонаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхоналари Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) вакиллари билан Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга кириш масалаларини муҳокама қилиш учун видеоконференция ўтказди. Видеоконференция чоғида ЖСТ котибияти билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳамда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 339-сонли қарори қабул қилинди. Қарор билан Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тузилди.
Мазкур комиссия Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади. Низом билан Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартиби белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари Саноат хавфсизлиги кенгашининг тўлақонли аъзосига айланди. МДҲ давлатларининг саноат хавфсизлиги кенгаши тармоқлараро ҳамкорлик органи бўлиб, хавфли ишлаб чиқариш объектларида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳаракатларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Ўзбекистон Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси Уставини ратификация қилди. Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Ҳаага конференцияси халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 1893 йилда ташкил этилган. Ҳаага конференциясига аъзолик Ўзбекистонда қабул қилинаётган қонунларни халқаро қонунларга унификация қилишга ёрдам беради. Шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги имижини яхшилаш, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувда муҳим аҳамият касб этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |