Чангдон деворини цитокимёси, ультра тузилиши. Тўла шаклланиб бўлмаган ёш чангдоннинг деворидаги ҳужайраларининг ядросидаги ДНК, спороген тўқиманинг диплоид ядросидаги ДНКга ўзаро яқин бўлади.
Чангдон етила борган сари тапетум ядроларида ва микроспороцитларнинг мейоз бўлинишнинг лептонема-пахитена даврида ДНК миқдорини икки марта кўпайиши рўй беради. Уларнинг миқдори тапетумнинг ҳар бир икки ядроли ҳужайрасида 8С га етади. Тапетумдаги гистон оқсилларининг миқдорини ортиши ДНКнинг кўпайиши билан бирга рўй беради ва провард натижада ҳар бир ядрода 8С га етади.
Ядрода ДНК ва гистонли оқсилларни ҳосил бўлиши баробарида тапетум цитоплазмасида РНК ҳам тўпланиб боради. РНК синтезининг ортиши микроспороцитларда рўй берадиган бўлинишнинг профаза – I босқичидан бошланиб, унинг максимал даражадаги миқдори микроспораларнинг тетрада даврига тўғри келади.
Бундан шундай хулоса ҳосил қилиш мумкинки, тапетум ўзининг трофик вазифасини микроспороцитларни мейоз бўлиниши, шу билан бирга микроспораларнинг шаклланиши даврида бажаради. Бу даврда тапетум ҳужайраларининг ядроларидаги ДНК оқсиллар билан мустаҳкам боғланган бўлмайди. У диффуз ҳолдаги хроматин таркибида бўлади. Бу вақтда ДНКнинг физиологик фаоллиги юқори даражада эканлигини намоён қилади. РНК таркибида фосфорли эркин гуруҳлар бўлиб, улар ҳам ҳужайраларнинг метоболитик фаоллигини таъминлайди.
Микроспораларнинг бир ядроли даврида тапетум ҳужайраларининг функционал фаоллиги камаяди. ДНК ва гистон оқсилларининг миқдори, тапетум ҳужайраларининг функционаллик фаолиятини анча пасайиши икки ҳужайрали чанг доналарини шакллана бориш даврида тўқиманинг функциясини пасайиши билан боғлиқ бўлади.
ДНК миқдорининг камайиши, чангнинг шакллана бориши билан боғлиқ ҳолда рўй беради ва ниҳоят уни осон гидролизланишига олиб келади. Ўрта қаватнинг ҳужайраларидаги гистон оқсилларининг миқдори чангдонни шакллана бориш даврида деярли ўзгармай қолади. Эпидермис ва уни остидаги эндотеций қаватнинг ҳужайраларида микроспороцитларнинг бўлинишидаги диплотена даврининг бошларида гистонли оқсилларининг миқдори анча 1-1,2 С гача камайиши рўй беради.
Чангдоннинг эпидермис, эндотеций ва ўрта қаватларнинг ҳужайраларида крахмал заҳира модда сифатида тўпланади. Тапетум ҳужайраларида липид ва крахмалнинг гидролизини таъминлайдиган ферментлар ҳосил бўлади.
Тапетум ҳужайраларини ультра тузилишида пластид, митохондрий, диктиосома, осмиофил глобулалар, рибосомалар ва эндоплазматик тўрнинг мавжудлиги аниқланган.
Тапетум ҳужайраларининг юзасида тапетиал парда мавжуд бўлиб, чангдон ҳосил бўлишининг дастлабки даврларида пардани устида проарбикуляр тана ҳосил бўлади, кейинчалик у орбикулага айланади. Уни Убища тана деб ҳам аталади. Тапетум ҳужайралари парчаланганда бу таначалар чангдон ичидаги микроспоралар тетрадасининг юзасида бўлади. Убиша таначаси овал шаклга эга бўлиб, пўстида спрополленин тутади.