4-расм. Маккажўхори чанг донасининг ривожланиши (Коробова, 1961):
а-е –вегитатив ва генератив ҳужайраларнинг ҳосил бўлиши; ж –м –икки ҳужайрали чанг донасининг шаклланиши; н-с –чанг донасида спермиогенез даври.
Вакуоланиш чангдон ривожланишида тапетал қават ҳужайраларининг парчаланиши билан бир вақтда содир бўлади. Бир ядроли чанг доналарини ядролари интерфазани дастлабки даврида метоболия жиҳатидан фаол бўлади. Уларнинг ядролари хроматинидаги ДНК нинг асосий қисми лабил ҳолатда, унинг унча кўп бўлмаган қисмигина оқсиллар ва липидлар билан боғланганлиги туфайли фаол бўлади. Бу билан боғлиқ ҳолда интерфазанинг дастлабки даврида РНК синтези бошланади. Рибосома РНКси бошқа РНКлардан кўпроқ ҳосил бўлади. Бу РНКнинг асосий қисми айнан бир ядроли чанг доналарида кўп миқдорда синтезланади. Ядро бўлинганидан кейин 5S–РНК синтези кескин даражада пасаяди, вояга етган чанг доналарида 5S–РНК синтези рўй бермайди.
РНК синтези билан бир вақтда цитоплазма оқсиллари ҳам жадал тарзда синтезлана бошлайди. Бир ядроли чанг доналари бўлинишнинг G1 даври узоқ давом этиши туфайли ДНК синтези интерфазанинг охирида бошланади. Гистонли оқсилларнинг синтези ҳам интерфазани охирида, ДНК синтезидан бироз кейинроқ амалга ошади. Гистонли оқсилларнинг миқдори интерфазанинг охирида, чанг доналарида митоз бўлинишидан олдин ДНК миқдорига тенг бўлади.
Оддий ва мураккаб чанглар
Одатда тетрадани ўраб турувчи микроспоранинг оналик ҳужайраси девори аста секин бўкади, шилимшиқланиб парчаланиши натижасида тетрада алохида чанг доналарига ажралади. Бироқ айрим ҳолларда микроспоранинг оналик ҳужайраси деворини сақланиб қолиши натижасида тетрада ҳужайралар бўлинмаслиги сабабли мураккаб чанг ҳосил бўлади. Турли оилаларда мураккаб чанглар ҳосил бўлиши доимий ва характерли ҳисобланиб, систематик аҳамиятга эга. Поддубная-Арнольди филогенетик нуқтаи назардан ўсимликларни самарадорлиги юқори бўлган кам миқдордаги мураккаб чанг доналари билан чангланишга мослашиши алоҳида чанг доналари билан чангланишга нисбатан прогрессив белги деб ҳисоблайди.
Айрим ёпиқ уруғли ўсимликлар Podostemonaceae ва Scheuchzeriaceae оилаларида тетрада иккита диадаларга ёки Typhaceae, Juncaceae, Ericaceae, Empetraceae, Aposenaceae, Nepenthaceae, Droseraceae, Orchidaceae оилаларда бир-бирига боғланган тетрада кўринишда бўлиши кузатилган. Мимозадошлар оиласининг вакилларида айрим ҳолатларда 8, 12, 16 ва 32 тадан иборат бир-бирига ёпишган мураккаб чанг ҳосил бўлиши ва ўзига хос висцин моддаси билан бир-бирига ёпишиб ёки Orchidaceae ва Asclepidaceae оилаларида чанг уюми-поллинний кўп миқдордаги чанг найларини ҳосил қилиши кузатилган. Биргина орхиддошлар оиласининиг ўзида ҳам оддий ҳам мураккаб чанг доналари учрайди. Масалан, примитив Cyprippedium турида оддий чанг доналари, нисбатан прогрессив турларида Cattlea, Dendroium, Calanthe тетрада кўринишдаги мураккаб чанглар бўлиши кузатилган. Бу оилада бундан ташқари мураккаб чангларнинг турли типлари кузатилган (5-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |