Innovatsion texnologiyalar №1 (29) 2018 y.
42
QISHLOQ VA SUV XO’JALIGI / СЕЛЬСКОЕ И ВОДНОЕ ХОЗЯЙСТВО
The article presents the results of studying the effect of the method of sowing on growth, the
formation of reproductive organs, a mass of 1000 pcs. grains, the productivity of grain and dry
mass of corn grown after winter wheat as a re-culture, under irrigation conditions in light gray
soils of southern Uzbekistan. The expediency of sowing maize under these conditions in a row wise
manner with a distance between rows of 70 cm was determined.
Key words: re-culture, corn, sowing method, plant growth, number of cobs, weight 1000
pcs. grains, grain yield, dry weight yield.
Кириш. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ғалла
мустақиллигига эришиш қишлоқ хўжалигининг бош вазифаси этиб белгиланди. Қишлоқ
хўжалиги соҳасида ўтказилган туб ислоҳотлар натижасида дон экинлари майдони
кенгайтирилиб, асосан кузги дон экинлари етиштириш йўлга қўйилди. Бу ўз навбатида
такрорий ва оралиқ экинлар етиштириш имкониятларини кенгайтирди.
Такрорий ва оралиқ экинлар етиштириш табиий ресурслардан (тупроқ, намлик,
ёруғлик, иссиқлик ва бошқалар) оқилона фойдаланиш йўли билан деҳқончиликни
ривожлантиришнинг муҳим ички имкониятларидан бўлиб ҳисобланади. Бу экинлардан
фойдаланиб қисқа муддатли алмашлаб экиш тизимини йўлга қўйиш мумкинлиги ҳам
уларнинг муҳим хусусиятларидан биридир. Шунингдек, бу экинлар тупроқнинг агрохимик
ва агрофизик хоссаларига ижобий таъсир этиб, тупроқни чиринди ва гумусга бойитади, азот
ва фосфор миқдорини кўпайтиради, тупроқ зичлиги ва сув ўтказувчанлигини яхшилайди (7).
Айни вақтда бу экинлар суғориладиган ерлардан бир йилда икки марта ҳосил олиш
имконини беради. Шунинг учун республикамизнинг суғориладиган ерларида такрорий ва
оралиқ экин сифатида қисқа ўсув даврли ўсимликларни турли мақсадлар учун ўстириш
нафақат экин майдонларини кенгайтирмасдан ўсимлик маҳсулотларини етиштиришни
кўпайтиришга олиб келади, балки биологик, экологик, агротехник ва иқтисодий жиҳатдан
самаралидир [2,6]. Шу сабабли ҳам кузги дон экинларидан бўшаган майдонларда такрорий
экинлар етиштириш технологияларини такомиллаштириш ёки янгиларини ишлаб чиқиш
амалий ва назарий жиҳатдан долзарб ҳисобланади.
Такрорий экиладиган дон экинлари орасида маккажўхори муҳим ўрин эгаллайди.
Маккажўхори турли мақсадлар, чунончи, дон, кўк масса ва силос тайёрлаш учун
етиштирилади. Дони таркибида 65-70 % углеводлар, 9-12 % оқсил, 4-8 % мой ҳамда минерал
тузлар ва витаминлар мавжуд [1]. Дунё бўйича етиштириладиган маккажўхори донининг
қарийб 1/5 қисми ун, ёрма, консерва тайёрлаш учун ишлатилади. Саноатда маккажўхори
донидан крахмал, этил спирти, декстрин, пиво, шакар, сироп, ёғ, Е витамини, аскорбин ва
глутамин кислоталар олинади. Гулининг устунчаси медицинада кенг ишлатилади.
Маккажўхори барги, пояси ва сўтасидан қоғоз, линолеум, вискоза, изоляция материаллари,
сунъий пўкак ва бошқалар олинади. Дони чорва моллари учун энг яхши озуқа ҳисобланади.
100 кг қуруқ донида 134 озиқ бирлиги бўлиб, таркибида 7,8 кг ҳазм бўладиган протеин
мавжуд. Шунингдек, маккажўхори энг яхши силос тайёрланадиган экин бўлиб, сут-мум
пишиқлик даврида ўрилган кўк массасидан тайёрланган силосининг 100 кг да 21 озиқ
бирлиги ва 1,8 кг ҳазм бўладиган протеин бор [2]. Бу экин далани бегона ўтлардан тозалайди,
алмашлаб экишда кўпчилик экинлар учун яхши ўтмишдош ҳисобланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон жанубининг оч тусли бўз тупроқли
суғориладиган ерларида анғизда такрорий экин сифатида ўстирилган маккажўхорининг
ўсиши, ўсимликлар тупида сўталар ҳосил бўлиши, 1000 та доннинг вазни ва дон
ҳосилдорлигига экиш усулларининг таъсири ўрганилди.
Do'stlaringiz bilan baham: