Суд тизими ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. У томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 110-модда Суд тизими Ўзбекистон Республикасида:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари; жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;
туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари; туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди. Суднинг вазифалари. Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Қонун ва суд олдидаги тенглик Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |