муносабатда муҳим бўлмаган белгилар, бошқа муносабатда муҳим бўлиши мумкин.
Масалан, кишининг лаёқати унинг қандай касбни танлаши учун муҳим бўлса, инсон
сифатида мавжуд бўлиши учун муҳим эмас. Бундай муҳим белгилар предметнинг маълум
бир муносабатдаги муҳим белгилари дейилиб, объектив муҳим белгилардан (предметнинг
мавжуд бўлиши билан зарурий алоқада бўлган белгилардан) фарқ қилади.
Ниҳоят, предмет тўхтовсиз ҳаракатда, тараққиётда бўлганлиги учун, вақт ўтиши билан
унинг муҳим бўлган белгиси номуҳим бўлган белгига ёки, аксинча, номуҳим белгиси муҳим
белгига айланиши мумкин.
Масалан, бевосита кузатиладиган фактлар эмпирик билиш босқичида муҳим
аҳамиятга эга бўлса, назарий билиш босқичида унга камроқ мурожаат қилинади.
Демак, тушунчада предмет ўзининг муҳим белгилари орқали фикр қилиниб, бу
белгилар предметнинг умумий ва индивидуал белгилари бўлиши мумкин. Масалан, «Ҳамза
Ҳакимзода Ниёзий» тушунчасида предметнинг умумий белгилари (инсон, ёзувчи) билан бир
қаторда, индивидуал муҳим белгилари (хусусан, «Бой ила хизматчи» драмасининг муаллифи)
ҳам фикр қилинади.
Тушунчанинг ҳиссий билиш шаклларидан тубдан фарқ қилишига алоҳида эътибор
бериш зарур. Сезги, идрок ва тасаввур предметнинг яққол образларидир. Биз фақат бирорта
конкрет предметни, масалан, ўзимиз ёзиб ўтирган қаламни идрок қилишимиз ёки у
тўғрисида тасаввурга эга бўлишимиз мумкин. «Умуман қалам»ни идрок қилиб бўлмайди.
Чунки тушунча предметнинг яққол образи эмас, балки абстракт образидир. Қалам тушунчаси
ўзида конкрет қаламларнинг барчасини қамраб олгани ҳолда, уларнинг ҳар бирига хос бўлган
индивидуал белгиларни ташлаб юбориб, умумий, муҳим белгиларини ифода қилади. Айни
пайтда бу белгилар қаламни бошқа предметлардан, масалан, китобдан фарқ қилдириб
турадиган специфик белиглар бўлиб ҳам хизмат қилади.
Тушунча предметнинг номуҳим белгиларидан четлашар экан, демак уни тўлалигича
акс эттира олмайди. Бу маънода у ҳиссий билиш шаклларига нисбатан борлиқдан узоқроқда
туради. Лекин, тушунча предметнинг муҳим белгиларини инъикос қилиши, моҳиятини акс
эттириши билан ҳиссий билиш шаклларига нисбатан борлиқни чуқурроқ, тўлароқ ифода
этади.
Тушунча, ҳиссий билиш шаклларидан фарқли ўлароқ, инсон миясида тўғридан-тўғри
акс этмайди. У маълум бир мантиқий усуллардан фойдаланилган ҳолда ҳосил қилинади. Бу
усуллар таққослаш, анализ, синтез, абстракциялаш, умумлаштиришлардан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: