Бу мулоҳазалар биргаликда чин ҳам, хато ҳам бўла олмайди. Улардан бири чин,
иккинчиси хато, учинчи мулоҳазага ўрин йўқ. Учинчиси истисно қонуни ўзаро зид умумий
мулоҳазалар доирасида амал қилмайди. Чунки умумий мулоҳазаларда буюмлар синфига ва
шу синфга мансуб ҳар бир буюмга нисбатан фикр билдирилади.
Масалан:
Ҳамма файласуфлар нотиқдир.
Ҳеч бир файласуф нотиқ эмас.
Бу мулоҳазалардан, бирининг хатолигидан иккинчисининг чинлиги ҳақида хулоса чиқариб
бўлмайди. Бундай ҳолатда «Баъзи файласуфлар нотиқдир» деган учинчи бир мулоҳаза чин
ҳисобланади.
Сон ва сифатига кўра ўзаро зид мулоҳазалар баён қилинганда, буюм ва ҳодисаларнинг
синфи хақида тасдиқлаб баён қилинган мулоҳаза билан шу синф буюм ва ҳодисаларининг бир
қисми хақида инкор этиб баён қилинган мулоҳазалардан бири чин, иккинчиси хато,
учинчисига ўрин бўлмайди.
Масалан:
Ҳамма файласуфлар табиётшуносдир.
Баъзи файласуфлар табиётшунос эмас.
Бу икки мулоҳаза бир вақтда чин ҳам, хато ҳам бўла олмайди. Улардан бири (Баъзи
файласуфлар табиётшунос эмас) албатта чин, иккинчиси хато, учинчи мулоҳазага ўрин йўқ.
Демак, Учинчиси истисно қонуни:
1.
Икки зид якка мулоҳазаларга
нисбатан;
2.
Умумий тасдиқ ва жузъий инкор мулоҳазаларга нисбатан;
3.
Умумий инкор ва жузъий тасдиқ мулоҳазаларга нисбатан қўлланилади.
Учинчиси истисно қонунининг амал қилиши учун
олинган зид муносабатларни
ифодаловчи мулоҳазалардан бири тасдиқ, иккинчиси инкор бўлиши ёки тушунчалардан бири
ижобий ва бошқаси салбий бўлиши шарт эмас. Олинган икки тушунча ёки мулоҳазанинг бир-
бирини ҳажм жиҳатдан тўлиқ инкор этиши кифоя. Масалан, эркак ва аёл тушунчаларининг
ҳар иккиси ижобий бўлиб, инсон тушунчасининг тўлиқ мазмунини қамраб олувчи зид
белгиларни ифодалайди.
Учинчиси истисно қонунида ҳам, нозидлик қонунидаги каби вақт, муносабат, объект
айнанлигига риоя
этиш шарт, акс ҳолда бу қонун ўз кучини йўқотади, фикрнинг изчиллигига
зарар етади ва мантиқсизликка йўл қўйилади.
Учинчиси истисно қонуни бошқа мантиқий қонунлар сингари зиддиятли
мулоҳазаларнинг чин ёки хатолигини аниқлаб беролмайди. Бунинг учун воқеа ва
ҳодисаларни, уларнинг ривожланиш қонуниятларини билиш талаб қилинади. Инсон ўз
билимларига асосланган ҳолда ўзаро зид мулоҳазалардан қайси бири чин ёки хато
эканлигини аниқлайди. Бу қонун ўзаро зид мулоҳазалар бир вақтда чин бўлмаслигини
тасдиқлайди.
Учинчиси истисно қонунини билиш муҳокама юритишда тўғри хулоса чиқариш учун
муҳим бўлиб, ўзаро зид қарашларни аралаштириб юборишга йўл қўймайди.
Do'stlaringiz bilan baham: