62-модда. Таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилиш
Таълим ташкилотлари ва давлат-ҳусусий шериклик асосидаги таълим ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантириш мақсадида инвестициялар жалб этилиши мумкин.
Давлат таълим соҳасига инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай ижтимоий-ҳуқуқий муҳит яратилишини таъминлайди.
Давлат таълим соҳасида инвестицияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёз ва преференциялар беради.
Таълим соҳасидаги инвестициялар юзасидан келиб чиқадиган низолар, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади.
63-модда. Таълим ташкилотларининг мол-мулки
Таълим ташкилотлари ўз мулкида, оператив бошқарувида ёки хўжалик юритувида алоҳида мол-мулкка эга бўлишлари лозим.
Давлат таълим муассасалари оператив бошқарувида ёки хўжалик юритувида бўлган объектлар (бинолар, иншоотлар, қурилаётган бино ва иншоотлар), ўқув, ишлаб чиқариш, ижтимоий инфратузилмалар, вақтинчалик турар жой бинолари, клиник базалар ва бошқа кўчмас мулк объектларининг хусусийлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Таълим ташкилотлари қайта ташкил этилганда таълим ташкилотига тегишли мол-мулк белгиланган тартибда янги ташкил этилаётган таълим ташкилотига ҳуқуқий ворислик асосида ўтади.
Таълим ташкилотлари тугатилганда уларга тегишли мол-мулк кредиторларнинг талаблари қондирилгандан сўнг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларнинг муассисларига (иштирокчиларига), агар қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, топширилади.
10-боб. Таълим тизимида назорат
64-модда. Таълим соҳасидаги давлат назорати
Давлат томонидан таълим сифатининг таъминланишини назорат қилишдан мақсад таълим ташкилотлари томонидан берилаётган таълим мазмуни ва сифатининг ушбу Қонун, таълим соҳасига оид бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига мувофиқлигини белгилаш ҳисобланади.
Мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар таълим ташкилотлари фаолияти устидан қонун ҳужжатлари асосида давлат назорати амалга оширилади.
Таълим соҳасидаги давлат назорати, таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Таълим ташкилотлари таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органига таълим сифатини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга оширишда кўмаклашишга мажбур.
Таълим сифатини назорат қилиш бўйича ваколатли давлат органи таълим ташкилотлари томонидан берилаётган таълим мазмуни ва сифатининг ушбу Қонун, таълим соҳасига оид бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурларига номувофиқлигини аниқлаганда уни бартараф этиш бўйича уларга тақдимнома киритади.
Таълим сифатини назорат қилиш ваколатига эга бўлмаган органлар томонидан таълим ташкилотларининг таълим сифатини, ўқув жараёнининг ташкил этилишини, педагог кадрлар меҳнат фаолиятини, таълим олувчилар ўзлаштиришини тафтиш этишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Do'stlaringiz bilan baham: |