31-модда. Таълим соҳасида экспериментал ва инновацион фаолият Таълим соҳасидаги экспериментал ва инновацион фаолият Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий ҳамда таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишни ҳисобга олган ҳолда таълим тизимини модернизация қилиш ва ривожлантиришни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Экспериментал фаолият янги таълим технологиялари, таълим ресурсларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий этишга қаратилган бўлиб, тажриба шаклида амалга оширилади, уни ўтказиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органлари томонидан белгиланади.
Таълим соҳасидаги давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида инновацион таълим дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун шарт-шароитлар яратади.
Давлат томонидан иқтисодий ривожланиш ва инновацион фаолият талабларидан келиб чиқиб олий таълим муассасалари олимларининг илмий-тадқиқот ишлари натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича қулай муҳит ҳамда олий таълим муассасалари базасида таълим кампусларини ташкил этиш ва босқичма-босқич “Университет 3.0” тизимига ўтиш учун имкониятлар яратилади.
Таълим ташкилотлари экспериментал ва инновацион фаолиятда масофавий таълим технологиларидан фойдаланиши мумкин.
Масофавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим бериш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
32-модда. Таълим ташкилотларидан маълумот олишнинг очиқлиги Таълим ташкилотлари ўз фаолияти тўғрисидаги очиқ маълумотлар ресурсларини белгилайди. Бундай ресурслар Интернет жаҳон ахборот тармоқларига, шу жумладан, таълим ташкилотларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
Маълумотларнинг шаффофлиги ва холисоналиги учун таълим ташкилотларининг раҳбарлари шахсан масъул ҳисобланади.
Таълим ташкилотлари:
таълим муассасанинг устави;
таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахснинг таъсис ҳужжати;
таълим тиллари;
давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурлари;
таълим фаолиятининг моддий-техник таъминоти;
илмий-тадқиқот ишларининг йўналишлари ва натижалари ҳамда уни амалга ошириш учун илмий-тадқиқот базаси (олий таълим учун);
таълим олувчиларга стипендия бериш тартиби ва ижтимоий ёрдам беришнинг мавжудлиги ва шартлари;
вақтинчалик турар жойларнинг мавжудлиги, улардаги яшаш жойлари сони ва тўловлар миқдори;
таълим фаолиятини олиб бориш учун лицензия;
таълим фаолиятини олиб бориш учун давлат аккредитацияси (иловаси билан) ҳақидаги ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маълумотлар очиқлигини таъминлайди.
Муайян таълим ташкилотларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолларда чекланиши мумкин.