Фуқаролар оммавий ахборот воситаларининг фаол фойдаланувчисига айланиши лозим
Демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш, янгича дунёқарашни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти катта.
Ўзбекистонда ҳамсиёсий ҳокимият ва фуқаролар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиб, боғлаб турувчи, улар орасидаги шаффофликни таъминлаб берувчи бирдан-бир восита ҳам оммавий ахборот воситаларидир. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, унга тўртинчи ҳокимият даражасида эътибор берилгани бежиз эмас, албатта.
Ҳозирги кунда ОАВ нафақат жамиятни ахборотдан хабардор қилиш воситаси сифатида, балки жамият манфаатлари нуқтаи назаридан давлат фаолиятини назорат қилиш воситасида бир қатор вазифаларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикасида Конституцияси ва амалдаги барча қонунларда ахборот олиш, тарқатиш борасидаги демократик ҳуқуқлар аниқ-равшан баён этиб берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида “Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга” дейилган. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида ҳам “Ҳар бир фуқаронинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимнинг ахборот излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади” дейилади.
Ҳозирда мамлакатимизда журналист кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг кўп миллатли эканлиги инобатга олиниб, 10 дан ортиқ тилларда газеталар чоп этилмоқда, бир неча тилда телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилаяпти. Бунинг сабаби жамият ҳар қанча ривожланмасин жамоатчилик билан алоқа қилишнинг энг таъсирчан воситаси – матбуот, радио, телевидение ва Интернет бўлиб қолаверади. Шу билан биргаликда демократия устувор бўлган давлатда ОАВ жамоатчилик назоратининг асосий субъектларидан бирига айланади. Мамлакатимизда ҳам қабул қилинган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунида ОАВ жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида эътироф этилган.
Замонавий назарий манбаларда қайд этилиши бўйича оммавий ахборот воситалари типологиясига кўра 5 та асосий турга эга. Булар: матбуот (газета, журнал, ахборотномалар ва бошқалар), радио, телевидение, ахборот агентликлари, шунингдек, Интернет сайтлари. Бугун кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келаётган, тўғрироғи, оммавий ахборотнинг ўзига хос воситаси сифатида намоён бўлаётган Интернет веб-сайтлари қолган турларга қараганда тезкорлиги ва имкониятлари кенглиги билан ажралиб турипди. Ижтимоий фикрни шакллантириш ва ривожлантириш, давлат ҳамда фуқаролик институтларининг ўзаро ижтимоий мулоқотида ҳам ОАВ муҳим восита сифатида етакчи ўрин эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан қараганда фуқаролар ҳам ОАВда соғлом дунёқараш билан унинг фойдаланувчиларига айланишлари лозим. Сабаби ОАВ жамият ҳаётининг турли-туман йўналишларида қабул қилинаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, истиқболли дастурлар, лойиҳаларни амалга оширишда, фуқароларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида холис, тезкор ва тўла-тўкис хабардор қилади, фуқароларнинг давлат ва жамият қурилиши жараёнларида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилиб, бу органлар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳизмат қиладиган воситадир.
33-Davlat Maktabgacha Ta’lim Tashkiloti
Do'stlaringiz bilan baham: |