Ўзбекистон – бағрикенг диёр
Тарихдан маълумки, ўзбек халқи бошидан кечирган оғир қатағон йиллари ва иккинчи жаҳон уруши йиллари кўп ситамларга юзма-юз бўлган корейслар, немислар, турклар, поляклар, греклар, қрим-татар ва бошқа миллат вакиллари Ўзбекистонни Ватан тутдилар. Уларнинг ҳозирги авлодлари учун эса Ўзбекистон она Ватанга айланди. Чунки, улар шу ерда туғилиб, камолга етдилар, ҳаётда ўз ўринларини топдилар.
Ўзбекистонда миллати, дини, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқароларнинг эртанги кунга бўлган ишончи, бугунги кундаги ҳаёти ва тақдиридан мамнунлиги уларнинг миллий ғоя атрофида мустаҳкам бирлашиб, яъни бир ёқадан бош чиқариб, «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Шу азиз Ватан барчамизники», «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Мақсад бир, ғоя бир, Ватан ягона», «Ватан ягонадир – Ватан биттадир» ғояларининг асл моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда шу муқаддас Ватанинг буюк келажагини қуриш ва унинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш йўлида фидойилик билан сидқидилдан қилаётган меҳнат фаолиятларида, турли соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларида ёрқин намоён бўлмоқда. Конституция орқали кафолатланган тенг ҳуқуқ ва кенг имкониятлар эса уларнинг кучига куч, қувватига қувват қўшиб, янгидан янги зафарлар сари илҳомлантирмоқда.
Шуниси қувончлики, бугунги кунга келиб тилимизга «Давлат тили» мақоми берилган кун (1989 йил 21 октябрь)ни ўзбеклар билан баб-баробар турли миллатга мансуб юртдошларимиз ҳам катта байрам сифатида нишонламоқдалар. Зотан, улар давлат тилини умумий хонадонимиз бўлган Ўзбекистон мустақиллигининг, яъни Ватанимизда истиқомат қилиб турган барча миллат вакилларига тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаб, уларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарининг ривожланиши учун кенг шароит ва имкониятлар йўлини очиб берган истиқлолнинг муҳим белгиларидан, рамзларидан бири эканлигини чуқур англаб етмоқдалар. Бу эса, аввало кўп миллатли халқимиз руҳиятида тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружлар, маънавий таҳдидларга кескин зарба бера оладиган муқаддас туйғуларнинг устуворлигидан далолатдир.
Айни чоғда, бу омиллар ёшларни миллатлараро тотувлик ва фуқаролар ҳамжиҳатлиги руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмокда. Ёшларнинг давлат тилини билишнинг аҳамиятини чуқур англаб етгани ғоят қувончлидир. Ўзбекистонда жуда катта тантаналар билан умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланадиган «Мустақиллик» ва «Наврўз» байрамлари, 8 декабрь – Конституция қабул қилинган кун, 8 март – Хотин-қизлар куни, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни каби байрам тадбирларида турли миллат ва элат вакиллари ҳам фаол қатнашадилар. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан Шарқ маънавиятга таяниб яшаш, ҳамжиҳатликка интилиш, ҳар томонлама баркамоллик олий қадрият даражасига кўтарилган, миллатидан, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши ва диний эътиқодидан қатъий назар, ягона ўлчов – инсонни инсонлиги учун улуғлаш бош мезон килиб олинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |