ХОНДАМИРНИНГ “МАКОРИМ УЛ-АХЛОҚ” АСАРИДАН
Очиққўллик ва сахийликнинг
улуғлиги ҳақида
«Сахий, гарчи фосиқ бўлса ҳам, дўзахга кирмайди. Бахил, гарчи обид бўлса ҳам, жаннатга кирмайди», деб айтилган саҳиҳ ҳадисга мувофиқ, энг гўзал хулқ ва энг яхши одоб сахийлик ва очиққўллик каби мақталган хислат бўлиб,
Мисра:
Мавжуд бўлган нарсаларнинг барчаси саховат соясидадир.
оқил ва ғофил, олим ва жоҳил, саводсиз ва фозил, бахтсиз ва бахтли кишилар наздида ушбу мақталган хислат севимли ва марғубдир. Назм аҳлининг мўжизали қалами ва наср аҳлининг сеҳрли хомаси дафтарларнинг ичлари ва саҳифаларнинг юзларини ушбу эзгу хислат таърифи билан безайди. Олам аҳлининг камчилик ва нуқсонлари бағрикенглик ва очиққўллик туфайли одамлар кўзидан яширин бўлиб қолса, одам болаларининг ютуқ ва фазилатлари қизғанчиқлик ва паст ҳимматлилик туфайли кўзга нуқсондек бўлиб кўринади.
Рубоий:
Олам аҳли камчилигини ёпувчи саховатдир,
Барча учун мақтовли бўлган нарса ҳам саховатдир,
Зотида юз ҳунар мавжуд бўлган кишида
Саховат бўлмаса, у аниқ керакмасдир.
Ҳақиқатлар паноҳи бўлган Ҳазрати Махдумий (Аллоҳ унинг қабрини нурга тўлдирсин) «Баҳористон» асарида дурлар сочувчи қаламлари билан ёзиб қўйганларки, саховат бирор бир мақсад кўзламасдан ва эвазига бирор нарса сўрамасдан туриб, гарчи кўзланадиган бу мақсад ва сўраладиган бу нарса муносиб мақтов ва катта савоб бўлса-да, бирор нарсани [бирор кишига] совға қилишдир.
Қитъа:
Сахий кимдир, удир мукофот олмай
Ҳар саховат келар қўлидан унинг.
Мақтов, савоб учун қилинган ишни
Хайру саховатмас, олди-сотди бил.
Улуғ Парвардигорга шукрлар ва ундан бизга миннатлар бўлсинки, мақталган хислатларга эга бўлган Амирнинг (Алишер Навоийнинг) муборак хулқ-атворлари худди шундай бўлиб, [ул зотнинг] чексиз яхшиликлари бу борлиқ оламда шуҳрат топиш ёки абадий оламда катта савобга эришиш учун қилинган эмасди. Чунки бу дунё ва ундаги нарсалар ул зотнинг ҳиммат назарида бир сомон хасичалик қимматга эга эмасди.
Аммо чексиз очиққўллик ва сахийлик хислатига эга бўлишига қарамасдан, ҳеч қачон ҳеч кимга бир арпа доничалик ҳам миннат қилмасди. Унинг инъом булутлари ҳар доим олимлар ва фозилларнинг (47б) орзу-умид боғларига кўм-кўклик ва яшиллик бағишлар, яхшиликлари ва улуғлашлари булутлари томчилари ҳамиша машойихлар ва саййидларнинг омонлик экинзорини ям-яшил қилар ва сувга тўйдирарди.
Қитъа:
Қўли саховат манбаидир, ўша қўлдан ўқирлар,
Етти кўк денгизининг саромади айланар.
Ғунчанинг кўнглидан минг қўли тўғрисидаги ўй ўтди,
Шундан кўнглидаги нозик ҳислар олтинга айланди.
Дунёнинг турли томонлари ва гўшаларидан ғариблар ва мусофирлар [ул Ҳазратнинг] ҳидоятга ошён бўлган остонасига келиб, хайру эҳсон дастурхонидан энг яхши улушлар олиб, лаззат ва баҳра олардилар.
Эрон ва Туроннинг энг узоқ нуқталаридан қашшоқлар ва муҳтожлар [ул Ҳазратнинг] одамларга паноҳ берувчи даргоҳига илтижо келтириб, садақа ва эҳсон дастурхонидан кўп баҳра олар ва ризқ-рўз топар эдилар.
Маснавий:
Ҳеч бир тиланчи қувонганида ҳам, аччиқланганида ҳам
Қовоғининг солинганини ўз кўзи билан кўрмаган.
Тиланчилар безовта бўлмасин деб
Ҳамиша тиланмасидан олдиноқ, ол, деб айтарди.
Ҳикоят
Бир куни мақталган хислатлар соҳиби бўлган бу Амир (Алишер Навоий) ақлни пешлаш мақсадида Мавлоно Фасиҳиддин Соҳиб билан шоҳмот ўйнаб ўтирардилар. Шу пайт тўсатдан нақибларнинг пушти паноҳи бўлган жаноби Амир Бурҳониддин Атоуллоҳ шу жойга кириб келдилар. Ул ҳазрат иззат-икром ва ҳурмат-эҳтиром бажо келтириб, меҳрибонлик ва юмшоқлик билан:
- Қаерлардан келяпсиз ва қандай муҳим ишларнинг кетидан юрибсиз? - деб сўрадилар.
Нақибларнинг пушти паноҳи бўлган бу зот шундай жавоб бердилар:
- Анча пайтдан ва узоқ вақтдан буён, ҳар куни шаҳардан бу жойга келиб-кетиб юрмаслик учун, «Ихлосия» мадрасаси яқинидан бир ҳовли сотиб олиб, ўша жойда яшай бошлашни ният қилиб келардим. Ҳозир эса шундай бир ҳовли топдим ва уни уч минг кепакийга сотиб олмоқчиман. Бироқ [шу ўртада бу уйга харидор бўлган] бир амалдор киши пайдо бўлиб, [мен таклиф қилаётган] ушбу нарх устига у яна бир оз қўшмоқда, сотувчи эса ҳовлини ўша одамга сотмоқчи. Сиздан илтимосим шуки, мулозимларингиз [менга] раҳмлари келиб, у одамга ушбу олди-сотди фикридан қайтишини ва менга ўша ҳовлини сотиб олишга имкон беришини сўраб бир мактуб ёзсалар.
Кенг феълли Амир бу сўзларга жавоб бермасдан, икки ўртада бошланган шоҳмот ўйинини ўйнашда давом этдилар. Ул жаноб бундан ташвишга тушиб, менинг илтимосим ул ҳазратнинг кўнгилларига оғир ботганга ўхшайди, деган гумонга борди.
Шундай қилиб, шоҳмот ўйини тугагач, саховат ва карам манбаи бўлган ул ҳазрат (Алишер Навоий) нақибларнинг пушти паноҳи бўлган ул жанобга қарата шундай дедилар:
- Фақирлардан бири майдонининг кенглиги ва хоналарининг кўплиги, ҳавосининг мусаффолиги ва сувининг ширинлиги билан ажралиб турадиган, бунинг устига мадрасага яқин бўлган бир ҳовлини сизга тортиқ қилгани яхшими ёки [ўзингиз айтган] ўша ҳовлини сизга олиб беришга ҳаракат қилингани маъқулми?
Улуғ насабли жаноб бу сўзларни эшитиб, ўзларининг хурсанд ва шод бўлганликларини билдирдилар ва [унга тортиқ қилиниши айтилган ўша ҳовлини олишга] умид боғладилар.
Шундан сўнг юқори мансабли Амир ул Ҳазратнинг девонига тегишли ҳисобланган ва ҳақиқатдан ҳам кўнгилни йайратувчи бир жой бўлган Мавлоно Муҳаммад Муиннинг ҳовлисини ул жанобга инъом қилиб, у кишини омадли кишига айлантирдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |