Мавзу: Оналар оёғи остида жаннат!
Она шу қадар улуғ ва қудратли зотки, у кўзга кўринмас улкан куч билан, меҳр-муҳаббат билан фақат фарзандларини, яқинларини эмас, балки бутун бошли инсониятни бағрига босиб, дардига дармон бўла олади.
Она ҳамиша ўзида беқиёс куч-қудрат топа оладиган ноёб қудрат эгаси. Яна бир гап: жафокаш тарих саҳифаларидан яхши биламизки, оналар энг оғир ва қийин даврларда ҳам, қатағон ва қаҳатчилик йилларидан ҳам метин иродали ва меҳрибон, жасоратли ва самимий, довюрак ва меҳнаткаш бўлиб, аввало, жонидан ҳам азиз фарзандларини, туғилиб ўсган Ватанини асраб қолиш учун ҳаётини фидо қилишдан асло қайтмаганлар. Оналар қатағонлардан қўрқмаганлар, туҳматлардан асло чўчимаганлар. Фарзандлар эса оналарнинг жасорати ва мардона нигоҳларидан куч-қувват олганлар, ботир бўлганлар… Бундай улуғ оналар хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳларига ҳамиша дуолар қилиш инсоний бурчимиздир.
Одам боласи она туфайли бу ёруғ жаҳонни кўриш бахтига муяссар ва мушарраф бўлади. Она туфайли бу ҳаётнинг барча лаззатларидан баҳраманд бўлади. Она туфайли дунёнинг завқ-шавқига, қувончларига кўмилиб юради. Она туфайли бахт-иқболга эришади. Она туфайли умрини яхшиликларга, эзгуликларга, фидойи ишларга сафарбар этади. Она туфайли умрини яхши ва эзгу амаллар билан безайди. Ҳар бир фарзанд, хоҳ у ўғил бўлсин, хоҳ у қиз бўлсин энг аввало, онасини рози қилишга интилади. Онаси олдидаги қарзни узишни шарафли бурчи, деб билади.
Она бахти – фарзандлар бахти, оила бахти, жамият бахти. Она бу-бебаҳо бахтни ҳеч кимга, ҳеч нимага алишмайди.
Баъзан онанинг умри узоқ ва метиндай мустаҳкам дарахтларга қиёслашади. Ёки она иродасини улкан тоғларга, она меҳрини дарёлари-у уммонларга ўхшатишади. Бу ўхшатишларнинг барчаси ҳақиқат. Гўё энг ёши улуғ дарахтлар ҳам оналар умрига тақлид қиладилар. Тоғлар ҳам аслида ўз иродаларини оналарга қараб чамалайдилар. Дарё-ю денгизлар меҳр-муҳаббатда оналарга тенг келиш-келмаслиги ҳақида баҳс юритадилар.
Табиат оналар билан ҳисоблашади, оналар билан маслаҳатлашади, оналар билан бирга қадам ташлайди. Хатто табиат ҳам онаизорга озор бергиси келмайди. Табиат меҳр кўрсатишда, меҳрибон бўлишда оналардан ибрат олади. Шу боис уни Она-табиат деймиз.
Дунёда қанча миллат бўлса унинг шунча онаси бор. Ҳар бир миллат фарзанди ўз онасини яхши кўрмаслиги, қадрламаслиги ва ҳурмат қилмаслиги асло мумкин эмас. Она Африкада ҳам, Америка ва Ҳиндистонда ҳам, Осиё, Европа ва Антарктидада ҳам она. Она улуғ ва бебаҳо зот сифатида ҳар жойда, ҳар мамлакат ва миллатда беқиёс даражада еъзозланади. Ранг-рўйидан, урф-одатидан, турмуш-тарзидан қатъий назар она улуғ зотлигича қолади. Жумладан, биз, ўзбекларда ҳам. Онамиз, онажонимиз, порлаб турган қуёшимиз, тўлин ойимиз, чарақлаб турган юлдузимиз. У бизнинг – жонажонимиз…
Дунё халқлари ичида оналарни севиш, қадрлаш ва улуғлаш борасида ўзбеклар ҳамиша энг олдинги сафларда бораётгани, бошқа миллатларга ўрнак бўлаётгани кишига фахр ва ифтихор бағишлайди. Бу ажойиб ва бебаҳо фазилатимиз билан ҳар қанча ғурурлансак, фахрлансак арзийди. Биздай онани бошига кўтарадиган ва онадай улуғ зотнинг ҳурматини жойига қўядиган миллат кам топилса керак, эҳтимол биз каби онапараст халқлар бармоқ билан санарлидир…
Мустақиллик даври нафақат Ватанга, инсонга бўлган муносабатларни, балки биринчи галда онага, онажонларимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни, самимий муносабатимизни батамом ўзгартириб юборди. Мустақиллик туфайли ўзбек оналари юксак қадр топди, десак муболаға бўлмайди. Оналар жамиятнинг ижтимоий кучига айланди. Муҳтарам биринчи Президентимиз Ислом Каримов ибораси билан айтганда: “Оналарнинг обрў-эътиборини жиддий равишда ошириш, уларнинг меҳнатини, жисмоний соғлом, маънавий бой ҳамда ахлоқан пок ёш авлодни тарбиялашдаги хизматини муносиб баҳолашимиз керак. Она тўғрисида, унинг фарзанди тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг муқаддас бурчидир.”
Мамлакатимизнинг мустақиллик майдонидаги “Мустақиллик ва эзгулик” монументида қуёшдай порлаб турган “Бахтиёр она” ҳайкали юқорида айтилган ҳаётий фикрларнинг амалдаги ёрқин намунасидир.
Оналар бахтиёр юрт – келажаги буюк юрт.
Оналар бахтиёр юрт – тинчлик барқарор юрт.
Оналар бахтиёр юрт – фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас юрт.
Оналар бахтиёр юрт – мангу озод ва обод юрт…
Бизда катта байрамлар, йирик тантаналар “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гулдасталар қўйиш, онани зиёрат қилиш билан бошланади. Бу зиёратда ҳикмат бор… Гўё онанинг пок дуоси бор…
Миллатнинг улуғлиги – онанинг улуғлиги билан белгиланади. Онага бўлган эҳтиром – миллатга бўлган эҳтиромдир. Миллат комиллиги – она комиллиги билан ўлчанади.
Ўзбек онаси ҳамиша меҳнаткашлиги, меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги билан бошқа миллат оналарига ибрат бўлиб келаётир. Ўзбек онаси меҳнат олдида тиз чўкмайди, аксинча меҳнат устидан ҳамиша ғолиб келади. Меҳнат ундан чекинади. Она ҳар қандай меҳнат ва юмушни эзгуликка айлантиради. Меҳнатга саҳоват бағишлайди. Онанинг ҳаракатида баракот бор, саҳоват бор.
Ўзбек онаси пазандаликда ҳам, ҳунармандликда ҳам бошқаларни лол қолдиради. У ёпган нонлардан она меҳри келиб туради. У пиширган таомлардаги лаззатни ҳеч қаердан тополмайсиз.
Оналаримизни, онажонларимизни таърифлаб, улуғлаб ва уларни мадҳ этиб ёзилган асарларни, чоп этилган китобларни йиғсак, улкан тоғ бўлиши табиий. Лекин бу асарларнинг бирортасида ҳам ижодкорлар ҳали онага аниқ ва лўнда таъриф беролмаган. Ҳали онанинг мукаммал сиймосини акс эттирган бадиий асарнинг яратилмагани ҳам ҳақиқат. Шундай бўлса-да, ижодкорларимиз оналарни мадҳ этишдан, уларни таърифлаб-тавсифлашдан бир лаҳза тўхтаганлари йўқ. Ирмоқлар дарёларга, дарёлар денгизларга мудом қуйилиб тургани каби оналар ҳақидаги асарлар ҳам адабиёт уммонини мунтазам бойитиб бораётир.
Она аслида ўз улуғлик кўламининг кенг чегарасизлиги, меҳр оламининг беқиёслиги ва ҳадсизлиги билан сайёрага ўхшайди.
Она коинот мисол инсоний фазилатлари, тинчлик, эзгулик, бағрикэнглик, меҳр-муҳаббат рамзи сифатида одамзотни доимо бағрига меҳр билан босиб туради.
Она-ер шарини бало-қазолардан, ёмонлик ва ёвузликлардан асровчи буюк жасорат тимсолидир.
Она-буюк сайёра… Ҳар биримиз ана шу сайёрага мудом талпинамиз ва ҳамиша унинг атрофида парвонамиз. Она сайёрасидан нажот кутиб яшаймиз.
Мангу бор бўл, мангу боқий бўл, нажоткоримиз – Она сайёрамиз.
Қадимда бир олим шогирдларига турли илмларни ўргатар экан. Бир куни қуйидагича топшириқ берди: эртанги дарсга менга жаннат тупроғидан бир ҳовучдан олиб келинглар. Шогирдлар ҳайрону лол бўлишибди, ҳар қанча уринишмасин бу саволга жавоб топишолмабди. Фақат илмли, зукко, меҳрибон бир шогирди эртасига латтага ўралган бир ҳовуч тупроқни устози олдига қўйибди. Олим бунинг изоҳини сўрабди. Шунда шогирд дебди: «Сиз менга пайғамбаримиз (с.а.в.) айтган бир ҳадисни ўргатган эдингиз: «Жаннат оналар оёғи остидадир». Шунинг учун мен меҳрибон онам оёқ излари босилган тупроқдан сизга олиб келдим. Берган топшириғингизга жавобим шу». Олим шогирдининг ақл-заковатига тан бериб, уни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган экан.
Албатта, бу воқеада тафаккур қилганлар учун жуда катта ибрат бор. Ортиқча изоҳга, таърифу тавсифга ҳожат йўқ.
Оналар оёғи остида жаннат, деган фикрни кўп бор эшитганмиз, муборак ҳадисларда ўқиганмиз. Инчунун, оналар туфайли биз фарзандлар бу ёруғ дунёда юрибмиз. Мунис ва меҳрибон оналар ҳақида жуда кўп гапириш, фикр юритиш мумкин. Аммо сўзларнинг сарасидан тузилган шеърларни ифодали ўқиш ундан яхшироқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |