Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси*
(кўчирма)
Х - БОБ. ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ
45-модда. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.
46-модда. Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.
XIV – БОБ. ОИЛА
63-модда. Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади.
64-модда. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган ҳайрия фаолиятларни рағбатлантиради.
65-модда. Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.
Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
66-модда. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз отағоналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари тўплами.
Оналик ва болаликни ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий муҳофаза қилиш, оила фаровонлигини ва аёлларнинг ижтимоий ва моддий аҳволини яхшилаш, аёлларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларини ислоҳ қилишда фаол иштирок этишлари, болаларнинг фаровонлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Ҳукумат қарорлари, давлат ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган давлат дастурлари ушбу сиёсатнинг амалга ошириш шаклларидир.
Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида республикада оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатларни ижро этиш доирасида:
илғор ҳалқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда оила, оналик ва болалик манфаатларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва такомиллаштириш;
оилани мустаҳкамлаш, оналар ва болалар моддий аҳволини яхшилаш, болалар ва ўсмирлар ўртасида назоратсизлик ҳолатлари олдини олишнинг иқтисодий шарт-шароитларини яратиш;
соғлом ёш оилани шакллантириш, бола туғилганда ва уни парвариш қилишда, эмлашлар ўтказишда давлат томонидан беғараз ёрдам бериши, шунингдек болаларга барча тиббий хизматларнинг бепул кўрсатилиши;
болаларни бепул 12 йиллик умумий таълим олишини, йигит-қизларни олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўқишига сезиларли миқдорда давлат грант маблағлари ажратишни назарда тутувчи умумтаълим дастурини умуммиллий миқёсда амалга ошириш;
болаликдан ногиронлар, етимлар, кам таъминланган оилалар болаларидан иборат бўлган ижтимоий ночор қатламни давлат томонидан муҳофаза қилинишини таъминлаш;
жамиятда оилага, оналар ва болаларга нисбатан махсус шароитлар, ахлоқ меъёр ва қоидалари тизимини шакллантириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилди.
Санаб ўтилган барча чора-тадбирларларнинг амалга оширилиши кўп жиҳатдан давлат ҳокимияти органлари, бошқарув ва хўжалик органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа бўлинмалар томонидан аёллар ва болалар манфаатларини назарда тутувчи асосий ҳужжатларда белгиланган вазифалар амалда қай даражада тўлиқ бажарилишига боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |