761-модда. Судьяларнинг ваколатлари тугаганидан кейин уларга бериладиган кафолатлар
Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.
Судьяларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.
(761-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 20 январдаги ЎРҚ-365-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 4-сон, 45-модда)
V БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
77-модда. Суд аппарати
Суд аппарати суднинг одил судловни амалга ошириш, суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек суднинг бошқа вазифаларини бажаришга доир ишларини таъминлайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Суд аппарати ходимлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтади.
(77-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Суд аппарати ходимларига малака даражаларини белгилаш ва уларни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги 164-II-сон қарори билан тасдиқланган «Суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомга қаранг.
78-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси судларининг тузилмаси ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Судларнинг штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан тасдиқланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги ПФ-4966-сонли «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, 2013 йил 4 октябрдаги ПФ-4570-сонли «Туман ва шаҳар умумий юрисдикция судлари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси зарур бўлган ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритади.
(78-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |