23.Меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунга қадар харажатларни тўлаш ҳақидаги нотариуснинг фармойиши.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1155-моддаси, “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 57-моддаси, Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами
3113-сон, 04.01.2019 й.) нинг 124-бандида нотариуслар меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, агар мерос қабул қилиб олинмаган бўлса, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома давлатга берилгунига қадар, мерос мол-мулки ҳисобидан мерос мол-мулки билан боғлиқ харажатларни тўлаш тўғрисида фармойиш беради.
Фармойишнинг бир нусхаси мерос ишига тикилади. Ушбу фармойиш нотариал ҳаракат деб ҳисобланмайди ва бунинг учун давлат божи олинмайди.
Қонунларда мерос мол-мулки ҳисобидан харажатларни қоплашнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.
24.Умумий биргаликдаги мулк бўлган мол-мулкни мерос қилиб олиш тартиби қандай? Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома учун ундириладиган давлат божи.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1114-моддасига асосан умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 226-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
23, 27-28-моддаларида белгиланган тартибда умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади. Бу ҳолда мерос вафот этган иштирокчининг улушига тўғри келадиган умумий мол-мулкка нисбатан очилади, мол-мулкни натура ҳолида тақсимлашнинг имкони бўлмаганида эса – бундай улушнинг қийматига нисбатан очилади.
Бундай ҳолатларда, нотариус турмуш ўртоғидан тегишли ариза олиб, никоҳ пайтида орттирилган мулкининг 1/2 кисмини олиш ёки олмаслигини тушунтиради.
Бунда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилган мол-мулк қисмидан, яъни мархумнинг умумий биргаликдаги мол-мулкдаги улушидан келиб чиқиб давлат божи ундирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сон қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг 4-банди “н” кичик бандига асосан меросга эгалик ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома берганлик учун:
мерос мол-мулки кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситаси бўлганда
(ҳар бири учун) — энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
бошқа барча мол-мулклар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида.
Уй-жойлар (уйларнинг бир қисми), квартиралар (квартираларнинг бир қисми), шу жумладан хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), дала ҳовлилар, гаражлар, бошқа бинолар, иншоотлар ва иморатларга мерос ҳуқуқи ҳақида гувоҳнома беришда мерос тартибида ўтаётган мерос қилинаётган мол-мулк суммаси меросхўрлик тайинланган кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан белгиланган баҳолаш маълумотлари ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |