4-боб. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш механизмлари
8. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини рўёбга чиқариш таҳлил, режалаштириш, прогнозлаштириш принциплари асосида амалга оширилади ва уларда қуйидагилар назарда тутилади:
а) чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш соҳасида:
миллатлараро муносабатлар соҳасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
миллатлараро муносабатлар масалалари билан шуғулланувчи давлат органлари ва фуқаролик жамиятининг институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш;
фуқароларнинг этномаданий талабларини ўрганиш, аниқлаш ва қаноатлантиришга, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга, миллий сабабларга кўра эҳтимол тутилган можароларнинг олдини олишга кўмаклашувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси қошидаги Жамоатчилик кенгаши ролини кучайтириш;
миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш;
миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини ёритувчи оммавий ахборот воситаларини рағбатлантириш;
турли миллатлар ва элатларнинг тилларида нашр этиладиган оммавий ахборот воситалари ривожини қўллаб-қувватлаш, уларда ватанпарварлик, миллатлараро бағрикенглик мавзуларидаги, оилавий қадриятларни, миллат ва элатларнинг Ўзбекистонда яшаб ўтган ва истиқомат қилаётган, жаҳон цивилизациясини ривожлантиришга бебаҳо ҳисса қўшган атоқли намояндалари маънавий-маданий ва илмий меросини тарғиб қилувчи материалларни ёритиш амалиётини кенгайтириш;
миллатлараро муносабатларни янада ривожлантириш ва уйғунлаштиришга бағишланган илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ушбу соҳадаги ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишни ташкиллаштириш;
миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;
б) миллатлараро муносабатлар ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш соҳасида:
фуқароларнинг миллий мансублиги ва она тилидан қатъи назар уларнинг барчаси учун мамлакатнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида тенг ҳуқуқли иштирок этишлари учун тенг шароитларни таъминлаш принципини амалга оширишга кўмаклашиш;
фуқароларнинг миллий мансублигидан қатъи назар уларнинг барчаси учун меҳнат қилиш, касбни ва иш жойини эркин танлашда тенг ҳуқуқларни таъминлаш чораларини амалга ошириш;
вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг комплекс ва мутаносиб равишда ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, ижтимоий адолат ва фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципларини амалга ошириш бўйича зарур шарт-шароитларни таъминлаш учун уларнинг салоҳиятидан оқилона ва самарали фойдаланиш;
жойларда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини шакллантириш, айниқса, қишлоқ жойларда ва бориш қийин бўлган олис туманларда, турли миллат ва элат вакиллари зич яшайдиган жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчилик ривожини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистоннинг ягона иқтисодий, ахборот ва маданий-таълим маконини ривожлантириш мақсадида давлат коммуникация ва ахборот тизимларини янада такомиллаштириш;
фуқаролар учун она тилида таълим олиш, шунингдек, ижтимоий хизматларнинг бошқа турларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
в) жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик соҳасида:
республикамизда яшовчи миллат ва элатларнинг тарихий меросини, миллий маданий қадриятларига иззат-ҳурмат муҳитини сақлаш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш;
ишга қабул қилишда, кадрлар захирасини шакллантиришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципи амалга оширилишини таъминлаш;
жамиятда миллатлараро муомала маданиятини, бағрикенгликни, фуқароларнинг шаъни ва миллий қадр-қимматини ҳурмат қилишни шакллантириш мақсадида педагог кадрлар таълими, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ўқув адабиётлари ва таълим дастурларини такомиллаштириш;
аҳоли, айниқса ёшларни фуқаролик масъулиятини ҳис этиш, ватанпарварлик ва она-Ватанга меҳр-муҳаббат, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг тарихий ўтмиши ва анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш;
Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш;
миллатлараро муносабатлар соҳасидаги салбий тенденциялар, таҳдидлар, зиддиятлар ва можароларнинг барвақт олдини олиш, профилактика қилиш ва бартараф этиш, уларнинг сиёсий тус олишига йўл қўймаслик юзасидан давлат даражасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
миллатлараро муносабатлар маданиятини ошириш, жамиятда экстремизм ва турмушдаги миллатчиликнинг ҳар қандай шакл ва кўринишига нисбатан тоқатсиз муносабатни шакллантириш, бошқа этник гуруҳларнинг миллий қадриятларига беписандлик билан муносабатда бўлиш ҳолатларига барҳам бериш;
мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро тотувликни бузишга ва миллатлараро адоватни авж олдиришга қаратилган ташқи бузғунчи ахборот-мафкуравий таъсирга самарали қарши курашиш соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан доимий асосда ўзаро ҳамкорлик қилиш;
миллатлараро тоқатсизлик ёки болалар ва ёшлар орасида душманлик кўринишлари профилактикаси бўйича тадбирларни ўтказишга фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан болалар ва ёшлар жамоат ташкилотларини жалб этиш;
Ўзбекистонда яшовчи миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш бўйича фаолият жараёнларига ёш авлод вакилларининг жалб этилишини кенгайтириш чораларини кўриш;
оммавий ахборот воситаларида миллатлараро нафрат ёки душманликни авж олдиришга қаратилган материаллар ёритилишига йўл қўймаслик, шунингдек, миллатлараро муносабатларни ёритиш масалаларида умуминсоний ва профессионал этика нормаларига риоя этиш мақсадида жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
г) миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш соҳасида:
«халқ дипломатияси» механизмларидан фойдаланиш орқали хорижий мамлакатларнинг фуқаролик жамиятлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва дўстликни мустаҳкамлаш;
бузғунчи миллатчиликдан келиб чиқаётган таҳдид ва хавф-хатарларни борасида умумий тушунчаларни ишлаб чиқиш, унинг кўринишларига қарши курашиш йўлларини излаш ва биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш, миллат ва элатларнинг миллий-маданий эҳтиёжларини қондириш, миллатлараро тотувлик ва миллатлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан муносабатларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш;
хорижий мамлакатларнинг мамлакатимизда фаолият юритаётган ташкилотлари ва дипломатик ваколатхоналари билан «халқ дипломатияси» асосида алоқа ўрнатиш ва уни изчил ривожлантириш;
фуқароларнинг мақбул этномаданий талаб-эҳтиёжлари қондирилишини кафолатлайдиган демократик давлат сифатида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги обрў-эътибори ва имижини ошириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни кўриш;
чет элларда ўзбек тили ва адабиётини ўрганишга кўмаклашиш;
Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг маданий ва тарихий мероси, ҳозирги замон цивилизацияси учун унинг роли ва аҳамияти оммалаштирилишини таъминлаш;
мониторинг, таҳлил ва прогнозлаштириш воситасида Ўзбекистондаги миллатлараро муносабатлар ҳолатига таъсир ўтказиши мумкин бўлган халқаро муносабатлардаги салбий тенденцияларни аниқлаш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида Ўзбекистон фуқаролари ва хорижда яшовчи ватандошларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;
чет эллардаги ўзбек диаспораси билан яқин ҳамкорликни амалга ошириш;
минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, этномаданий алоқаларни йўлга қўйиш ва қўшни мамлакатларда истиқомат қилувчи оилалар ва қариндошларнинг эркин борди-келдиси учун шарт-шароит яратиш мақсадида чегараолди ҳамкорлиги механизмларини қўллаш;
д) Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларини, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш соҳасида:
мамлакат фуқароларининг ирқий, миллий ва диний мансублигидан қатъи назар уларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миллатлараро муносабатларда тоқатсизликнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида миллатлараро муносабатлар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш;
давлат бошқаруви тизимида, давлат аҳамиятига мойил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг манфаатлари ва миллий-маданий талаб-эҳтиёжлари ҳисобга олинишига кўмаклашувчи ҳуқуқий шартларни таъминлаш;
давлат ва жамиятнинг яхлитлиги ва бирлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ўзлигини англаши, Ўзбекистондаги миллат ва элатларни этник-маданий ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, миллатлараро мулоқотни яхшилаш ва можароларнинг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш, ишлаб чиқиш ва қабул қилишда иштирок этиш, халқаро шартномаларни тузиш;
миллатлараро зиддият ва можароларнинг олдини олиш ва уларга барҳам бериш соҳасида турли даражалардаги давлат органлари раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари ва жавобгарлигини аниқ белгилаш ва чегаралаш;
миллатлараро адоват, нафрат ёки душманликни авж олдириш йўли билан давлат хавфсизлигини издан чиқаришни мақсад қилиб олган бузғунчилик фаолияти профилактикаси ва унинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий ва ахборот тусидаги чора-тадбирларни амалга ошириш.
Do'stlaringiz bilan baham: |