Мусиқага эмоционал жавобни ўстириш. Бу ўринда ифодали ижро этиш ва асар мазмуни ҳақида образли ҳикоя жуда муҳимдир. Педагогик амалиётда мусиқа фольклори, классик ва ҳозирги замон асарларидан кенг фойдаланилади. Турли инсоний кечинмаларни ифода этишга қодир бўлган мусиқа тингловчиларни бирлаштиради ва улар ўртасида муомала воситаси вазифасини ўтайди. К.Д.Ушинскийнинг таъкидлашича, қўшиқ бир неча айрим ҳиссиётларни бир кучли ҳиссиётга ва бир неча қалбларни — битта кучли ҳис қилувчи қалбга бирлаштириши мумкин. Агар болани мусиқа, қўшиқни тинглаётганда, рақс ижро этилаётганда кузатиб турилса, унинг мимикаси, ҳолати, ҳаракати қандай ўзгаришига осонгина ишонч ҳосил қилиш мумкин. Бола умумий кайфиятини таърифлашда хато қилиши, тўғрироғи уни англатиш учун керакли сўзлар топа олмаслиги мумкин, бироқ, унинг бутун хатти-ҳаракати уни асар қанчалик қамраб олганини ва ўз ҳиссиётини ифода этишни исташини айтиб туради. Мусиқа ахлоқий ҳиссиётларни тарбиялашга, ўз яқинларига, ўз халқига, унинг қаҳрамонларига муҳаббат уйғотишга ёрдам беради. Мусиқа бола ҳиссиёти ва фикрларини такомиллаштиради.
Мусиқа таассуротлари билан бойитиш. Бу вазифа болаларни ўзларининг ёшларига мувофиқ келувчи асарлар билан таништириш орқали амалга оширилади. Ўқув мусиқа репертуари бола ҳаётини, унга тушунарли ҳодисаларни акс эттирувчи чолғу пьеса ва қўшиқлардан ташкил топган. Бу ерда фожиали тўқнашувлар, нозик оҳанглар йўқ. Шакл ва услуб етарлича содда, оҳанглар ёрқин ифода этилган. Шунингдек бетўхтов тараққий этувчи ифода воситалари (куй интонацияси, гармоник бирикмалар, лад безаги) янгиланиб борувчи, болаларни замонавий мусиқани идрок этишга тайёрлайдиган асарлардан ҳам фойдаланилади.
Болаларни мусиқа фаолиятининг ҳар хил турларида қатнаштириш: идрок этиш, ижрочилик (қўшиқ айтиш, ўйин-инсценировка, болалар мусиқа асбобларини чалиш), мусиқа таълими билимлари, мусиқа ижоди. Бу вазифа мусиқа асарларига қўйилиши асосий талаб — юксак бадиийлик ва соддаликка риоя қилинган тақдирдагина ҳал қилиниши мумкин. Ритмик ҳаракатлар (фортепьяно ва вокал)га мўлжалланган асарлар динамиклиги, характерлилиги, аниқструктураси билач ажралиб туради. Болаларнинг имкониятларига кўра уларга аталган қўшиқлар унчалик мураккаб эмас, бироқ интонация жиҳатидан етарлича ифодалидир. Тинглаш учун берилган репертуар анчагина кенг ва хилма-хилдир. Мусиқа фаолиятнинг ҳар бир тури сингари билим доирасини кенгайтиради, қўшимча билимлар эгаллашга ёрдам беради. Масалан, қўшиқ айтиш вақтида болалар куй характери белгиларига дуч келадиларки, уларни чўзиқ ёки қисқа, оҳангдор ёки оддийгина ижроэтишлари керак бўлади. Улар айрим ибораларни тинглаб, куйнинг йўналиши (юқорига ёки пастга)ни, товушларнинг бирикишини (йўғон-ингичка, узун-қисқа) аниқлайдилар. Пьеса, қўшиқ, ўйин, рақс болаларни тушунчалар, мусиқа терминлари: мусиқали муқаддима, хотима, фраза, қисм ва шу кабилар билан таништиради. «Болалар боғчасида тарбия программаси»да бола эгаллаб олиб, кеийпчалик ўз фаолиятида қўллаши мумкин бўлган билим ва кўникмалар ҳажми кенгайтириб берилган. Албатта мустақиллик даражаси ҳамма болада ҳам бир хил эмас ва у ҳар бир тарбияланувчида индивидуал намоён бўлади. Бироқ, ўсиб борувчи йўналишда мусиқа тажрибасига эга қила бориш сезиларли натижаларга олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |