Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида
“Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий танловининг
НИЗОМИ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ижодий ишлар танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
II. Танловнинг мақсади
2. Ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятларини, ватанпарварлик туйғуларини ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ривожлантириш, улар қалбида ёт ғоя таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш.
3. Мустақил ва эркин фикрловчи, қатъий эътиқодга эга бўлган юксак билимли, интеллектуал салоҳиятли, мустақиллик тамойилларига содиқ, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини ёш авлод онгига чуқур сингдириш.
III. Танловни ташкил этиш тартиби
4. Танлов умумтаълим мактабларининг 5-9-синф ўқувчилари ўртасида шеър, иншо ва расм йўналишларида тўрт босқичда ўтказилади.
5. Танлов босқичлари:
1-босқич – мактаб босқичи: жорий йил 25 апрелга қадар умумий ўрта таълим мактабларида ўтказилади.
2-босқич – туман (шаҳар) босқичи: жорий йил 5 майга қадар барча мактаб босқичи ғолиблари иштирокида туман (шаҳар) “Баркамол авлод” болалар марказларида ўтказилади.
3-босқич – ҳудудий босқич: жорий йил 15 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар “Баркамол авлод” болалар марказларида ўтказилади.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчиларига тўғридан-тўғри 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.
4-босқич – республика босқичи: жорий йил 1 июнга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказида ўтказилади.
6. Танловнинг 1-босқичида 5-9-синф ўқувчилари ўзлари танлаган йўналишда тўлиқ иштирок этиши лозим.
7. Танловнинг мактаб босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган 1 нафардан ўқувчи 2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини, туман (шаҳар) босқичида 1-ўринни эгаллаган 1 нафардан ўқувчи 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини, 3-босқичда 1-ўринни эгаллаган 3 нафардан ўқувчи 4-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
8. Танловнинг 1-босқичини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар мактаб директорларининг, 2-босқич ташкилий ишлари туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларининг, 3-босқич ташкилий ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг тегишли буйруқлари билан тасдиқланади.
9. Танловнинг 1-босқичи якуний натижалари ва 2-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган (мактабда ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган) 3 нафар ўқувчиларнинг ижодий ишлари ҳамда ҳакамлар ҳайъати йиғилиши қарори, мактаб ташкилий гуруҳи томонидан танлов якуни бўйича икки кун муддат ичида туман (шаҳар) ХТМФМТТЭ бўлимларида тузилган Ташкилий гуруҳга тақдим этилади.
10. Танловнинг 2-босқичи якуний натижалари ва 3-босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган (туман (шаҳар)да ҳар бир йўналиш бўйича
1-ўринни эгаллаган) 3 нафар ўқувчиларнинг бадиий ва ижодий ишлари ҳамда ҳакамлар ҳайъати йиғилиши қарори туман (шаҳар) ташкилий гуруҳи томонидан танлов якуни бўйича уч кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари қошида тузилган Ташкилий гуруҳга тақдим этилади.
11. Кўрик-танловнинг 3-босқичида ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўринни эгаллаган 3 нафар ўқувчиларнинг қуйидаги ҳужжатлари ҳудудий ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 15 майга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказига тақдим этилади:
- ҳудудий босқич ҳакамлари ҳайъати қарорининг асл нусхаси;
- кўрик-танловнинг 3-босқичи ҳар бир йўналиши бўйича 1-ўринни эгаллаган ғолибларнинг ижодий ишлари асл нусхаси;
- кўрик-танловнинг 3-босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг маълумотнома (объективка)си.
12. Кўрик-танловнинг республика босқичида йўналишлар бўйича
1-ўринни эгаллаган ўқувчиларнинг ижодий ишлари республика босқичини баҳолаш бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан жорий йил 20 майга қадар баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.
Кўрик-танловнинг республика босқичида ҳар бир йўналиш бўйича
1-, 2-, 3-ўрин эгаллаган (жами 42 нафар) ўқувчилар Тошкент шаҳрига таклиф этилади.
13. Танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими жорий йил 1 июнга қадар “Баркамол авлод” Республика болалар бадиий ижодиёт марказида ташкил этилади.
Шунингдек, тақдирлаш маросими олдидан ғолибларининг сараланган ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилади ва улар июнь ойида тўплам ҳолида нашр этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |