III. Кенгаш фаолиятини ташкил этиш
7. ОТМда университет (институт, академия, олий мактаб) Мураббийлар Кенгаши, факультетларда факультет Мураббийлар Кенгаши тузилади. Факультетлардаги Мураббийлар Кенгашига раис сайланади ва у бир вақтнинг ўзида ОТМ Мураббийлар Кенгашининг аъзоси ҳисобланади.
8. Кенгаш раислигига номзодлар ОТМнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори томонидан тавсия этилади ва мураббийлар томонидан ёпиқ овоз бериш йўли билан сайланади. Энг кўп овоз олган номзод таълим муассаса (факультет) Илмий Кенгашида Мураббийлар Кенгаши раиси сифатида тасдиқланади.
9. Кенгаш раисига қўйиладиган талаблар:
- олий таълим муассасасида камида икки йил самарали меҳнат қилган;
- катта ҳаёт тажрибасига эга;
- психология ва тарбия назарияси ҳамда методикасини чуқур эгаллаган;
- ўзининг маънавий қиёфаси, хатти-ҳаракатлари билан меҳнат жамоаси ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган;
- талабалар ва мураббийлар билан тил топишиб кета оладиган;
- раҳбарлик қобилиятига эга ва бошқаларни ортидан эргаштира оладиган;
- масъулиятли ва жавобгарликни ҳис қиладиган.
10. Кенгаш раиси 3 йилга сайланади. Агар уч йилга етмаган муддатда Мураббийлар Кенгашининг раиси узрли сабабларга кўра раисликни топширса, навбатдан ташқари сайлов ўтказилиши мумкин.
Кенгаш раиси ОТМ Илмий кенгашининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
11. Кенгаш раиси ўзининг фаолияти давомида ОТМ Илмий ҳамда Маънавият ва маърифат Кенгаши олдида ҳисобдордир.
12. Ҳар бир факультетдан камида 5 нафардан мураббий (жумладан, факультет Мураббийлар Кенгаши раиси) факультет Илмий Кенгаши қарори билан тасдиқланиб, ОТМ Мураббийлар Кенгаши аъзоси сифатида белгиланади. Кенгаш таркибига ректор тавсиясига кўра олий таълим муассасасида фаолият кўрсатаётган жамоат ташкилотларидан ҳам вакиллар киритилиши мумкин.
13. Кенгашнинг дастлабки йиғилишида Кенгаш бошқаруви аъзолари сайлаб олинади ва унинг таркиби ОТМдаги талабалар контингенти, факультетлар сонидан келиб чиққан ҳолда тузилади.
14. Кенгаш ОТМда жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади ва унинг раиси ҳамда аъзолари маънавий-маърифий ишлар бўйича проректорнинг тавсиясига кўра қонунда белгиланган тартибда тақдирланиши мумкин.
15. Мураббийлар “Ахборот ва мураббийлик соати”ни жамоатчилик асосида олиб борадилар ҳамда бу ва бошқа фаолликлари учун уларнинг ҳар бирига ойлик маошининг 25 фоизи миқдорида устама ҳақ белгиланади.
16. Кенгаш фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ОТМнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори зиммасига юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |