XIV боб. Ҳукмдор ҳарбий ишда қандай йўл тутмоғи лозим?
Шундай қилиб, ҳукмдор уруш, ҳарбий тартиб-қоида ва ҳарбий санъатда
бошқа ҳеч қандай мақсад, ташвиш ёки бошқа бир иш билан машғул бўлмаслиги
керак, чунки уруш ҳукмдор бошқага ишониб топшира олмайдиган ягона
мажбуриятдир. Ҳарбий санъат шу қадар кучга эгаки, у нафақат ҳукмдор бўлиб
туғилган одамга ҳокимиятни қўлда тутиб туришга, балки оддий одамнинг ҳам
тахтга ўтиришига имкон беради. Ва аксинча, ҳукмдорлар ҳарбий машқлардан
кўра кўпроқ айш-ишрат, маишат ҳақида бош қотирса, ўзи ўтирган тахтни ҳам
қўлдан бой беради. Ҳарбий санъатга бепарво бўлиш тахтни бой беришнинг
асосий сабаби бўлса, бу санъатни эгаллаш ҳокимиятни қўлга киритишнинг
асосий омилидир.
Франческо Сфорца ҳарбий маҳорати туфайли оддий одам бўла туриб,
Милан герцоги даражасигача кўтарилди. Унинг фарзандлари эса урушнинг
қийинчиликларидан бўйин товлагани оқибатида герцогликдан маҳрум бўлиб,
оддий фуқарога айланишди. Ҳарбий санъатни билмайдиганларнинг бошига
кўплаб кулфатлар тушади, айниқса, атрофдагиларнинг нафрат ва таҳқирига
учрайди, бундан эса ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керакким, бу ҳақда қуйида алоҳида
тўхталиб ўтамиз. Зеро, қуролсиз одам қуролланган одамга бас кела олмайди,
қуролланган одам ҳеч қачон қуролсизга ўз ихтиёри билан бўйсунмайди,
қуролсиз одам эса қуролланган хизматкорлар орасида ҳеч қачон ўзини
хотиржам сеза олмайди. Бири биридан шубҳаланадиган, униси эса бунисидан
жирканадиган икки одам қандай қилиб муроса қила олади? Худди шунингдек,
ҳарбий санъатдан бехабар ҳукмдор кўпгина фалокатларга дуч келади. Бу
фалокатлардан бири шуки, қўшин уни ҳурмат қилмайди, у эса қўшинга ишона
олмайди.
Шунинг учун ҳукмдор ҳарбий машқларни тўхтатишни хаёлига ҳам келтира
35
кўрмаслиги, аксинча, уруш пайтидан кўра тинчлик даврида бу машқларга янада
зўр бериши лозим. Ҳарбий машқлар аввало амалдан, қолаверса, фикр
юритишдан иборат бўлади. Амал деганда ҳукмдор қўшиндаги тартиб-интизом
ва ҳарбий машқларни назорат қилиб туришигина эмас, балки ўзи ҳам тез-тез
овга чиқиб туриши, танасини чиниқтириши, жойларни ўрганиши, яъни қаерда
қандай тепаликлар борлиги, водийлар, даралар қаерга олиб чиқиши,
текисликларнинг қанчалик кенглиги, дарё ва ботқоқликларнинг ҳолати
кабиларни билиб юриши лозим. Бундай тадқиқотлар икки томонлама
фойдалидир. Аввало ҳукмдор шу йўл билан ўз мамлакатини яхшироқ ўрганади,
уни мудофаа қилиш йўлларини ҳам тўғри баҳолайди; бундан ташқари, бир
жойнинг шарт-шароитини батафсил билган одам биринчи марта борган бошқа
жойларнинг хусусиятларини ҳам осон билиб олади, чунки масалан,
Тосканадаги адирлар, водийлар, текисликлар, дарё ва ботқоқлар бошқа
ўлкалардагига анча ўхшаш бўлади, натижада бир жойни яхшилаб ўрганган
одам бошқа жойларни ҳам дарров баҳолай олади. Агар ҳукмдорда бундай
кўникмалар бўлмаса, у қўмондонликнинг дастлабки сифатидан маҳрум бўлади,
чунки айнан мана шу хислат туфайли душман турган жойни аниқлаш, қароргоҳ
қуриш, душманга яқинлашиш, жангга кириши ва қалъаларни қамал қилиш каби
устунликларга эга бўлиш мумкин.
Қадимги дунё муаллифлари Ахея иттифоқининг раҳбари Филопоменни
ошириб-тошириб мақташ давомида унинг тинчлик даврида ҳам ҳарбий
машқдан бошқа нарса ҳақида ўйламаслигини ҳам мадҳ қилишади. Дўстлари
билан шаҳар ташқарисига чиқса ҳам, тез-тез тўхтаб, уларга шундай саволлар
берар экан: Душман анави тепаликни эгалласа, бизнинг қўшин эса мана шу
ерда турса, устунлик ким томонда бўлади? ҳарбий тартибни сақлаган ҳолда
бундай шароитда қандай қилиб ҳужумга ўтиш мумкин? Агар чекинишга
мажбур бўлсак, қандай чекиниш керак? Агар душман қоча бошласа, уни қандай
таъқиб қилиш керак? Шу тариқа у юрган йўлида урушда пайдо бўладиган турли
вазиятларни айтиб, савол берар, дўстларининг фикрини тинглагандан кейин
эса, ўз фикрларини айтиб, уларни асослаб берарди. Мана шундай доимий
машғулотлар туфайли у шундай даражага етган эдики, жанг пайтидаги ҳар
қандай тасодиф ҳам уни доғда қолдира олмас эди.
Фикрлашга келадиган бўлсак, ҳукмдор тарихий асарларни кўп ўқиши, шу
аснода машҳур саркардаларнинг тутган йўлларини алоҳида ўрганиши, улар
жангни қандай олиб боргани, ғалабага ёки мағлубиятга нималар сабаб
бўлганини таҳлил қилиши ва шу йўл билан ғалабага эришиши ёки
мағлубиятнинг олдини олиши керак. Энг муҳими – қадимда ўтган буюк
инсонларга эргашиш, улар орасидан бирорта машҳур одамни ўзига намуна
қилиб олиб, унинг қаҳрамонликлари ва бошқа ибратли ишларини доимо ёдда
тутиш керак. Ҳикоя қилишларича, Буюк Александр Ахиллага, Цезарь –
Александрга, Сципион эса Кирга тақлид қилган экан. Ксенофонт қаламига
мансуб Кирнинг ҳаётини ўқиб ўрганган одам Сципионнинг шон-шуҳрат
қозонишига айнан унинг Кирга тақлид қилгани сабаб бўлганини, Сципион
ўзининг иффати, хушмуомаласи, одамгарчилиги ва саховатини Ксенофонтнинг
Кир ҳақидаги тавсифларидан олганини англаб етади. Доно ҳукмдор юқорида
36
зикр қилинган барча тартибларга риоя қилиши, тинчлик пайтида ҳеч қачон
беғам бўлиб қолмаслиги лозим, ана шунда унинг барча меҳнатлари оғир пайт
келганда ниҳоятда асқотади, тақдирнинг синовларига мардонавор дош бера
олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |