Навоий ижодиёти ва болалар китобхонлиги
Инсон маънавий камолоти барча замонларда ҳам юксак ақл эгаларининг диққат марказида бўлган. Шуниси характерлики, ҳар бир давр унга ўз муносабатини билдиради. Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Кайковуснинг “Қобуснома”, Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри”, Ибн Синонинг “Соломон ва Абсол”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғатит турк”, Шайх Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Абдулмуҳсин Мирзога бағишлаб ёзган “Ахлоқи Муҳсиний”, “Ғутувватномаи Султоний” асарлари бунинг ёрқин далилидир. Мазмун-моҳиятига кўра уларнинг ҳар бирини ижтимоий одоблар қомуси деб баҳолаш мумкин. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий ўз ижодиётида комил инсон тарбияси билан боғлиқ таълимий-ахлоқий муаммони тирикликнинг туб моҳияти сифатида талқин этиши бежиз эмас. В.Зоҳидов ўринли қайд қилганидек, “Навоий ижодининг, амалий фаолиятининг энг асосий, марказий масаласи, йўналиш нуқтаси ҳар нарсадан олдин инсон тақдири, бахт-саодати, унинг яхши яшаши, бу учун зарур жамият масалаларидир”1.
Алишер Навоий даҳоси ҳали болалигидаёқ Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут тайр” асари зиёсидан сув ичганлиги бутун умр ҳаёт ва ижод йўлини ичдан нурлантирган бўлса не ажаб.
Таъкидлаш керакки, буюк шоир умри поёнигача изланишдан чекланмаган. Бинобарин, “Хамсат ул мутаҳаййирин” асарида Абдураҳмон Жомийнинг рухс ати ва рағбати билан “Арбаин” ҳадис (Қирқ ҳадис) асарида илгари сурган патднома характеридаги қарашларини “Маҳбуб ул-қулуб” асарида кенг қўллайди. Навоий даҳосини англашда Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Хондамир, Бобур ва бошқа замондошларининг унга берган баҳоси муҳим калит вазифасини ўтайди. Жумладан, Абдураҳмон Жомий “Хирадномаи Искандарий” достонида Алишер Навоий ижодини қуйидагича қиёслар орқали шундай баҳолайди:
Кечирсин форатда гавҳар терганлар
Дарий тилида дурб ғазна берганлар.
Бунинг тили ҳам гар ўлганда дарий,
Мажолсиз қоларди уларнинг бари.
Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонида “эмас осон бу майдон ичра турмоқ, Низомий панжасига панжа урмоқ”, “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида “Умидим улдур ва хаёлимга андоқ келурким, сўзум мартабаси авждан қуйи инмагай” тарзида келтирган эътирофлари мутақаккир шоир ижодининг аҳамияти хусусида теран мулоҳаза юритишга чорлайди.
Алишер Навоийнинг бутун умри давомидаги инсон табиати ва маънавиятига оид кузатишлари, ахлоқий-таълимий хулосалари “Хамса”, “Назм ул-жавоҳир”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муножот”, “Вақфия”, “Мажолисун нафоис”, “Арбаъийн”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” каби асарларида китобхон кўз ўнгидан қизил ип бўлиб ўтади.
Буюк шоир “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ўз кузатишлари хусусида қуйидагиларни ёзади: “Ҳар кўча-кўйда юрибман ва олам аҳлидин ҳар хил кишиларга ўзимни етказибман. Яхши ва ёмонликнинг аслини ҳам, заҳрини ҳам таътиб кўрдим. Гоҳ пасткаш ва бахил кишилар қошида хўрландим ва разил-нокаслар олдида эътиборсиз бўлдимюю. Кимки ҳар хил кишилар билан суҳбатлашиш ва яқинлашишни ҳавас қилса, каминанинг бу тажрибаси ёшлар учун етарлидир”2.
Алишер Навоийнинг маънавий-ахлоқий қарашларида инсонийлик шаънини белгиловчи хислатлардан бири инсоф ва диёнат деб кўрсатади. “Лисон ут тайр” асарида инсофсиз кишини одам эмас деб эълон қилади.
Одамға яхши кўп авсоф эрур,
Лек аларнинг ашрофи инсоф эрур.
Кимгаким инсоф йўқ – инсон эмас,
Мунсиз атворида жуз нуқсон эмас.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ахлоқ-одоб юзасидан келтирган қуйидаги таъриф-тавсифлари ҳам Алишер Навоий фикрларига ҳамоҳангдир. “Гўзал хулқ-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, бошқалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозъели бўлиш”.
Алишер Навоий мазкур асарида кишиларни “муносиб кишилар”, “номуносиб кишилар” тарзида 2 гуруҳга ажратар экан, “номуносиб кишилар”дан эҳтиёткорликка чақиради.
Профессор С.Нишонованинг фикрича, Навоий тасаввуридаги комил инсонга хос бўлган чин инсоний фазилатлар ижодкорлик, ўзликни англашга кучли иштиёқ, илм-фанга муҳаббат каби хислатлар билан чамбарчас боғлиқ. Чунки бахтли ҳаётга интилган ижодкор, оқил, қобилиятли ҳар бир киши ўзининг куч-қуввати ва ақлу заковатига ишонади. Шунинг учун Навоий илм-фаннинг инсон тафаккури, маънавий камолотида тутган ўрни ва роли хусусида сўз юритар экан, илмни қоронғиликни ёритадиган чироқ, ҳаёт йўлини нурафшон этадиган қуёш, одамларнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатадиган омил сифатида таърифлайди.3
Илм олиб унга амал қилмаган кишини уруғ сочиб ҳосилидан баҳра олмаган кишига ўхшатади. Ёмғирнинг бир томчиси тупроққа жон бахш этгани каби, инсонга ҳам насл-насаби, бойлиги эмас, ҳаёси, илму одоби шон-шараф келтиришини қайта-қайта таъкидлайди. Ўзининг таълимий-ахлоқий ғояларини илм билан боғлиқликда деб тушунган шоир “Назмул жавоҳир” асарида шундай деб ёзади:
Ким олим эса нуқтада барҳақ де они,
Гар базм тузар беҳишти мутлақ де они.
Ҳар кимсаки йўқ илм анга ахмақ де они,
Мажлисдаки илм бўлса учмақ де они.
Навоий илм олиб унга амал қилмаган кишини ерга уруғ сочиб ҳосилидан баҳра олмаган кишига ўхшатади. Ёмғирнинг бир томчиси тупроққа жон бахш этгани каби, инсонга унинг бойлиги, насл-насаби эмас, илму-одоби шон-шараф келтириши хусусида сабоқ беради. Илм ўрганмоқ бойлик орттириш учун эмас, имон-эътиқодни мустаҳкамлашга қаратилишини таъкидлайди. Агар шогирд вақти келиб подшоҳ бўлса-да, устози олдида қарздордир деган хулосага келиб ёзади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо анинг ҳақин юз ганж ила.
Буюк шоирнинг фикрича, илмли, оқил киши ҳар қандай машаққатни енгиб ўтади, ўз мақсади йўлида тўсиқлардан чўчимайди. Илмнинг вазифаси инсоннинг бахт-саодатига хизмат қилишдир.Аммо илм ўрганмоқ бойлик орттириш учун эмас, имон-эътиқодни мустаҳкамлаш учундир. Бу борада устозликни дунёда энг мураккаб, аммо хайрли, шарафли касб деган хулосага келади. Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила Айламак бўлмас адо анинг ҳақин юз ганж ила. Агар шогирд вақти келиб шоҳ бўлса-да устози олдида қарздордир.
Илм эзгу амаллар, жамики фазилатлар манбаи сифатида ҳар бир кишининг инсоний бурчига айланади. Шу туфайли ўзликни англаш, комиллик одоби эгаллаш халқ бахт-саодати, фаровон турмуш кечириши, ватан равнақи йўлида камарбаста бўлишдек эзгу мақсадга қаратилади.
Алишер Навоийнинг маънавий-ахлоқий қарашларида илм-маърифатли бўлиш билан бирга сабр, тавозе, адаб, сахийлик, ҳиммат, тўғрилик, ростгўйлик, меҳр-мурувват, вафо, карам, юмшоқ кўнгиллик бўлиш каби чин инсоний фазилатлар тарғиботи ҳам алоҳида ўрин тутади. Мазкур хислатларни таъриф-тавсифлашдан ташқари мунофиқлик, зулмкорлик, алдоқчилик, ёлғончилик, бесабрлик каби уларнинг зидди бўлган иллатлардан қутулишга ҳам даъват этади. Шоир ёзади:
Уч феъл кишига эрур қотил,
Қотиллик аро заҳри ҳалохил охир.
Бу хил англа бирин, бирин ҳаво бил охир,
Қил ужбни ҳам аларга дохил охир.
Ёшларни юксак ахлоқ-одоблар руҳида тарбиялаш хусусида сўз юритар экан, қуйидагиларни қайд этади: “Адаб кичик ёшдагиларни улуғлар дуосига сазовор этади ва у дуо баракати билан умрбод баҳраманд бўлади. Адаб кичкиналар меҳрини улуғлар кўнглига солади ва у муҳаббат кўнглида адабий қолади. Кўринадики, Навоий таърифида одоб жамики инсоний фазилатлар бошида туради. Буюк шоир наздида қаноат баайни булоқдир. Унинг сувини олган билан қуримайди; баайни хазинадир – нақдисини сочган билан камаймайди; экинзордир – уруғи иззат ва шавкат мевасини беради; дарахтдир – шохи тортинчоқлик ва ҳурмат меваси етказади. Сабр – аччиқдир, аммо фойда бергувчи; қаттиқдир, аммо зарарни даф этувчи. Сабр шодликлар калити ва бандлар очқичидир. Сахийлик – инсонийликнинг ҳақиқий мезонидир, одамларнинг мушкулини осон қилади. Яхшилик, карам бир жабрланганнинг қаттиқчилик юкини кўтармоқ ва уни ўта қийинчиликлардан қутқармоқдир. Кимки бу хислатларни эгалласа, чексиз иззат ва ҳурматга сазовор бўлади.
Хулоса қилганда, буюк бобомиз Алишер Навоий ўз ижодиёти билан асрлар оша комил инсон тарбиясига беминнат хизмат қилиб келмоқда. “Энг катта бойлик,- деган эди Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев Олий мажлисга Мурожаатномасида,- бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир.
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”. Бу борада Алишер Навоий асарлари бебаҳо хазинадир.
Келтирилган фикр-мулоҳазалардан саволлар туғилади: Жаҳон эътироф этган буюк бобомиз ижодини қай даражада ўрганяпмиз? Нима учун ўрганиш керак? Нега ўргана олмаяпмиз? Ўзбекистон халқ шоири Э. Воҳидовнинг қуйидаги мисралари мазкур саволларга тўғри жавоб топишга ундайди:
Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Дод демоққа палла бўлгани шудир.
Маърифатдан айру ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир.
Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир.
Юлғич азиз бўлиб, билгич хор бўлса,
Пайтаванинг салла бўлгани шудир.
Хулоса қилганда, Алишер Навоий асарларини болалар китобхонлиги доирасида ўқиш-ўрганиш ўзининг юксак бадиий-эстетик, маърифий, тарбиявий хусусиятларига кўра болалар адабиётига катта масъулият юклайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |