1.4. Лойиҳани амалга ошириш босқичлари ва лойиҳа таркибига таъсир этувчи омиллар
Лойиҳа (projectus – олға ташланган) бу - техник материаллар (чизмалар, ҳисоб-китоблар, янги қуриладиган бинолар, иншоотлар, машиналар, асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулотларнинг макетлари), бирон-бир ҳужжатнинг (шартноманинг) дастлабки матни, режаси, ғояси, муаммонинг кутилаётган ечимидир. У агар унда техник ечимлар, янги маҳсулот ёки объектнинг техник кўрсаткичлари ва ҳоказолар қайд этилган бўлса техник лойиҳа ҳамда иқтисодий лойиҳа – муайян ижтимоий-иқтисодий ғояни амалга ошириш, масалан, янги маҳсулот чиқариш ва сотиш, ишлаб чиқаришни янгилаш дастури бўлиши мумкин. Бошқарувда бу – ижрочиларнинг бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳатти-ҳаракатлар ва воситалар йиғинидиси ҳисобланади.
Лойиҳани ишлаб чиқиш, ёки лойиҳалаштириш, капитал қўйилмаларни амалга оширишнинг фанни ишлаб чиқариш билан боғлаб турган бўғинларидан бири ҳисобланади. Технологик асослаш сифати ва лойиҳа қарорлари даражасига кўп жиҳатдан инвестициялар самарадорлиги, инвестициялаш объектининг смета қиймати, уни амалга ошириш муддатлари боғлиқ бўлади. Лойиҳалаштириш жараёнида объект эксплуатация талабларига мос келиши, уни амалга ошириш эса тежамкор бўлиши учун бўлажак объектнинг асосий масалалари ҳал этилади.
Бозор иқтисодиётида лойиҳа бўйича умумий харажатлар ва унинг бутун фаолият (бошидан то охиригача) давридаги барча даромадлар (тушумлар) ҳисобга олинади. Шу сабабли инвестиция лойиҳалари самарадорлигини бозор кўрсаткичлари ёрдамида баҳолашда ишнинг бошланиши ва якунланишини аниқ билиш зарур. Тадқиқотчи, олим ва лойиҳачи учун лойиҳанинг боши ғоянинг пайдо бўлиши, ишбилармон кишилар учун эса уни амалга оширишга дастлабки маблағ киритиш бўлиши мумкин.
Лойиҳани молиялаштирувчи инвесторни жараённинг ўзи эмас, балки уни амалга ошириш натижасида олинадиган фойда, айрим ишларни бажаришда қатнашаётган ташкилотларни эса – бу ишларнинг якунланиши қизиқтиради.
Лойиҳани амалга ошириш бу билан боғлиқ, шунингдек, ишчи лойиҳа ва техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш, шартномалар тузиш, молиялаштиришни ташкил қилиш, ресурслар таъминоти, объектларни қуриш ва эксплуатацияга топшириш билан боғлиқ бўлган маълум бир чора-тадбирлар йиғиндисини амалга оширишни талаб қилади. Шу сабабли ҳар бир ажратиб кўрсатилган босқич ўз навбатида, кейинги поғонадаги босқичларга тақсимланиши мумкин.
Хусусан, инвестиция лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш дастлабки ғоядан тортиб то лойиҳа якунлангунча тўртта босқичдан иборат бўлган давр кўринишида тақдим этилиши мумкин:
- инвестициядан олдинги босқич – олдиндан тадқиқ этишдан то инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақида якуний қарор қабул қилишгача, жумладан, буюртмачи, инвестор ва бошқаларнинг уни молиялаштириш ҳақида қарор қабул қилишигача бўлган давр;
- инвестиция босқичи, муҳандислик-қурилиш, технологик лойиҳалаштириш, асбоб-ускуналар харид қилиш ва лойиҳалаштирилган объектни эксплуатацияга топширишни қамраб олади;
- ишлаб чиқариш (эксплуатация) босқичи - корхонанинг (лойиҳалаштириш объектининг) хўжалик фаолияти босқичлари, унинг фаолият кўрсатиши, объектни модернизациялаш (қайта таъмирлаш), кенгайтириш, молиявий-иқтисодий соғломлаштириш бўйича ишларни қамраб олади;
- тугатиш босқичи - инвестициялаш объектини тугатиш ва унинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш даври.
Инвестициялашни бошлашнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бошқарув қарорини фақат лойиҳани олдиндан техник-иқтисодий асослаб бергандан сўнггина қабул қилиш мумкин. Ундан мақсад – муқобил вариантларни аниқлаш, уларни амалга ошириш имкониятини текшириш, бозорни ўрганиш ва таҳлил қилишдир. Лойиҳа аввало унинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва техник бажариш имкони нуқтаи назаридан баҳоланади. Инвестор учун лойиҳа ғояси етарли даражада жалб этувчан ёки ривож топмайдиган сифатида баҳоланади.
Шундай қилиб, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва унинг имкониятларини олдиндан баҳолашда уни ишлаб чиқариш воситалари, малакали кадрлар, ривожланган инфратузилма ва ҳоказолар билан таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Бундан ташқари, шу босқичнинг ўзидаёқ хомашё сотув бозорининг потенциал ҳажми ва ундаги рақобатли вазият ўрганиб чиқилади. Лойиҳа амалга оширилаётган ҳудуддаги аҳоли сони, унинг даромадлари, ишлаб чиқариш тузилмаси ва бошқалар ҳам муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Инвестицияларни асослаш ва техник-иқтисодий асослашни (ТИА) ишлаб чиқишда самарадорликнинг барча турлари асослаб берилиши лозим. Агар асослашни ишлаб чиқиш босқичида молиялаштириш схемаси йўналтирувчи бўлиши мумкин бўлса, ТИА босқичида реал бошланғич маълумотлар, жумладан, молиялаштириш схемаси бўйича маълумотлардан фойдаланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |