3.2.2. Экологик таҳлил
Ҳозирги давр илмий техника тараққиётининг жадаллашиши ва инсоннинг табиатга таъсири кучайганлиги билан ажралиб туради. Бу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда микро ва макро кўламда тузилаётган лойиҳалардан ҳар бирининг экологик мувозанатга таъсири мустақил экологик экспертлар томонидан баҳоланиши шарт. Агар тижорат лойиҳалари экологик мувозанатга салбий таъсир этса бундай лойиҳалар молиялаштирилмайди. Шу билан бирга давлат томонидан атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган нотижорат лойиҳалар ишлаб чиқилади. Бундай лойиҳаларнинг асосий мақсади фойда олиш эмас, балки экологик мувозанатни барқарорлаштириш ва аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашдан иборат.
Экологик таҳлилнинг асосий вазифаси лойиҳа натижасида юзага келиши мумкин бўлган потенциал зарарни олдиндан белгилаш ва унинг таъсирини юмшатиш ёки батамом тугатиш йўлларини топишдир. Бу жараён лойиҳада кўзда тутилган натижаларга салбий таъсир кўрсатиши керак эмас. Ташқи муҳит «табиий капитал бўлиб», у иқтисодий ривожланишни жадаллаштиради. Нотўғри режалаштирилган лойиҳалар эса унинг бузилишига, миллий капиталнинг емирилишига олиб келиши мумкин.
Экологик бошқаришнинг вазифаси аҳолининг табиий таъсирларга бўлган талаби билан атроф-муҳитнинг шу талабни қондира олиш имкониятлари орасидаги мувозанатни (балансни) топишдан иборат. Лойиҳаларни амалга ошириш «экологик сиғим» потенциалини камайтириши керак эмас. Лойиҳаларни амалга оширишдан олдин уларнинг атроф-муҳитга муҳим таъсирларини белгилаш, лойиҳалар таъсири асосида муҳит бузилиб кетгандан кейин уни ўз ҳолига келтиришдан афзалроқдир.
Шунинг учун ҳар қандай лойиҳанинг экотизимга келтирадиган салбий оқибатларини чуқур таҳлил қилиш талаб этилади. Агар лойиҳа экотизимга меъёрдан юқори салбий таъсир кўрсатадиган бўлса уни янгидан кўриб чиқиш, шундан кейин ҳам вазият ўзгармаса ундан воз кечиш зарур. Экотизим битта давлат ҳудудидаги муаммо эмас, балки унинг ўзгариши бутун ер шарига таъсир кўрсатади (масалан, Орол муаммоси). Шунинг учун экотизимни таҳлил қилганда бир мамлакат манфаатларидангина келиб чиқиш керак эмас.
Айрим ҳолларда лойиҳа таъсирида экологик ҳолат салбий томонга қараб ўзгариши ва бунга рухсат берилиши ҳам мумкин. Масалан, аҳоли жойлашган жой яқинига темир йўл қуриш лойиҳалаштирилса ва бу лойиҳа амалга ошса, шовқин кўпаяди ҳамда бу аҳоли яшаш тарзига салбий таъсир этиши мумкин. Лойиҳада бу салбий таъсирни бартараф қилиш йўллари бўлиши керак. Бунинг учун аҳолини бошқа жойга кўчириш (бу эса жуда қийин, чунки одамлар ўзлари ўрганиб қолган жойлардан, яхшироқ шароит яратиб берилишига қарамасдан, кўчишга розилик бермасликлари мумкин) ёки шовқинни камайтирадиган, яхшиси умуман йўқотадиган мосламаларни уйларга ўрнатиш керак. Бу, албатта, қўшимча харажатларга олиб келади. Ундан ташқари айрим вақтларда аҳолини компенсация бериш йўли билан ҳам рози қилиш мумкин. Масалан, электростанция қуриш лойиҳаси амалга ошса компания эгалари атрофда яшовчи аҳолига электроэнергияни текинга беришни ўз бўйнига олади.
Айрим ҳолларда лойиҳаларни амалга оширишда вужудга келтириладиган экологик хавфни бартараф қилиш жуда осон, айрим ҳолларда эса жуда мураккаб кечади. 1970 йилдан бошлаб, Жаҳон банки ҳамма инвестиция лойиҳаларининг экотизимга салбий таъсирини таҳлил қила бошлади. 1971-1980 йиллар ичида 1342 лойиҳани таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, улардан 845 таси ёки 63 фоизи экологик жиҳатдан бехатар лойиҳалар, 365 таси ёки 27 фоизи экологик муаммоларни енгил ҳал қилса бўладиган лойиҳалар экан. 22 лойиҳа бўйича лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш тавсия этилди ва 110 та лойиҳани экосистемага жуда катта салбий таъсир кўрсатади, деган хулоса берилди. Бу лойиҳалар бўйича махсус маслаҳатчиларнинг маслаҳати зарур. Экологик таъсирни бартараф қилиш муаммоси инвестиция олди босқичида ҳал қилиниши керак, шунда бу жараёнга қилинадиган харажатлар энг кам миқдорда бўлади. Умуман, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш харажатларида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш харажатлари тахминан 5 фоизини ташкил этади. Жаҳон банкининг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими лойиҳаларнинг турли категориялари учун махсус қўлланма яратган бўлиб, у лойиҳа таҳлили билан шуғулланадиган мутахассислар учун тавсия этилади. Тажрибада энг кўп содир бўладиган ва атроф-муҳит учун катта зиён етказадиган омиллар ҳавонинг бузилиши, сувга зарарли моддаларнинг оқизилиши ва бошқалар ҳисобланади. Умуман, экотизимга лойиҳаларнинг таъсири ҳар хил бўлади. Уларни қуйидагича (2.1-жадвал)таърифлаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |