Мутал Бурҳонов
Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқасини яратган таниқли бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби М. Бурҳонов «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, «Буюк хизматлари учун» ордени, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Давлат мукофотлари соҳибидир.
Таржимаи ҳол
Бастакор Мутал (Мутаваккил) Бурҳонов 1916 йилда Бухорода туғилган. Мусиқадан илк сабоқни Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, сўнг Москвада таниқли мусиқа алломаларидан олди.
1941 — 1942 йилларда Москва мудофааси кўнгиллилари сафида бўлди, соғлиги ёмонлашганлиги сабабли Тошкентга қайтди ва ижод билан шуғулланди. 1947 йилда яна ўз ишини давом эттириб, 1949 йилда Москва консерваториясини битирди.
М. Бурҳонов ижодий фаолиятини 30 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб, дастлаб «Эй, булбул», «Ишк ўти» (Машраб), «Ишқида» (Уйғун), «Табассум қилмадинг» (Навоий), «Намедонам чи ном дорад» (Ҳофиз) каби романларни ёзди, 1941 йилда Уйғун ва Иззат Султоннинг «Алишер Навоий» шеърий драмасига мусиқа, 1942 йилда Т. Жалилов, Т. Содиқов, М. Вайнберг, А. Клумовлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон қиличи» мусиқали драмасига мусиқа басталади, 1947 йилда шоир Темур Фаттоҳ шеъри асосида Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқасини яратди. Ўрта Осиё халқлари қўшиқларини ўзбек халқ чолғу асбоблари ва жўрсиз хор учун қайта ишлади. «Самолёт» (Ҳ. Олимжон), «Капалак» (3. Диёр), «Ватан қўшиғи», «Ашула байрами» (Ғ. Ғулом) каби машҳур болалар қўшиқларининг ҳам муаллифидир
.
Бастакор 50 йилларда «Баҳор қушлари» вокал поэма, «Абу Али ибн Сино» симфоник сюита, яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун асарлар ҳамда 1968 йилда «Алишер Навоийга қасида» (А. Орипов) каби катта шаклдаги мусиқа асарини яратди. Унинг ярим асрдан зиёд давр мобайнида турли жанрларда яратган қўшиқлари, лирик романлари, жўрсиз хор учун қайта ишланган Шарқ халқлари куйлари, жозибали вокал симфоник асарлари, кино мусиқалари замонавий мусиқа санъатимизнинг «Олтин хазина»сидан ўрин олди.
«Абу Али ибн Сино», «Самолётлар қўнолмади», «Мафтунингман», «Орол балиқчилари» (И. Икромов, М. Левиевлар билан ҳамкорликда), «Сурайё», «Бой ила хизматчи», «Истиқбол йўли» каби бадиий фильмларнинг мусиқалари ҳам М. Бурҳонов қаламига мансуб.
Бастакор ҳозирги мустақиллик кунларида янада катта ғайрат билан қизғин ижод этмоқда. «Алишер Навоий» (1991) операсини, Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқасини яратди. Абдураҳмон Жомий шеърига басталанган «Ширу шакар» янги қўшиғи ва қатағон йилларида шаҳид бўлган Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат каби элнинг асл фарзандлари ва ўзининг акаси ва амакиларининг порлоқ хотираларига бағишланган «Абадий хотира» реквием-марсиясини яратди.
Таниқли бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби М. Бурҳоновнинг ўзбек мусиқа санъати равнақидаги хизматлари юксак тақдирланди.
Мутал Бурхонов ижоди жахон мумтоз ва замонавий мусика санъати билан чамбарчас боғлик эди.
У «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Давлат мукофотлари соҳибидир. Ўзбекисток Республикаси Президентининг Фармонига биноан «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Таникли композитор, ноёб истеъдод сохиби, Ўзбекистон Давлат мадҳияси мусиқаси муаллифи 2002 йил оламдан кўз юмди. Лекин минг-минглаб санъат ихлосмандлари қалбида мангу яшамоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |