Саидакбаров Саиданвар (1931-2016), 1941-1945 йилда Тошкент шахар, Юнусобод тумани, “Шайх Шиблий” махалласида яшаган: Уруш вақтлари пулдан кўра ноннинг қадри баланд бўлган. Одамлар нарсасини пулдан кўра, калишгами, бошқа буюмгами алмаштирар эди. Айримлар бу каби савдо-сотиқдан анча-мунча бойиган. Онам ҳам гоҳ-гоҳида савдо қилардилар, бир марта бозорда картошкани нонга алмашганини кўрган эдим. Маҳсулотни пулга ҳам сотишарди, лекин нон қадри баланд эди. Чунки, озиқ-овқат доим тақчил бўлган.
Отам харбий эди. Гоҳида уйга бирон егулик олиб келиб турарди. Онам арпа кепагидан атала қилиб берар эдилар. Кўпчилик оилалар учун егулик топиш қийин масала бўлган. Карточкага арзимаган егулик бериларди. Заводда ишлаган кўп болали оилаларга ёғ ва турли ёрмалар ҳам ажратиларди. 84-заводда ишлаганларнинг карточкасига нисбатан кўпроқ егулик олиш мумкин эди. Аммо, карточкага нон олиш ҳам қийин кечарди. Шивлига нон олгани чиқардик. Нонга кўпинча катта навбат бўларди. Карточкага олинган махсулотларга қорин тўйғазиб бўлмасди. Бироқ, чидаганмиз, кўникканмиз. Кейинроқ Олой бозорида тижорат нон дўкони очилган. У ерда нон қимматроқ бўлган. Карточкаси йўқлар, ўша тижорат дўконидан нон олишарди. Тижорат дўконида ҳам доим нонга навбат бўларди. Баъзида навбатдагилар урушиб кетишарди. Ўша вақтлар нон шунчалар азиз бўлган.
Марианна Камп – АҚШнинг Индиана университетининг Евроосиё тадқиқотлари маркази доценти, Совет давридаги Марказий Осиё тарихи бўйича мутахассис, 2000-2004 йилларда бир қатор тарихчи олимлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда коллективлаштириш жараёнига оид тадқиқотлар олиб борган. Марианна Камп Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида олиб борган сўровларимиз коллективлаштириш мавзусини деярли пучга чиқарди. Респондентлар 1933 йилги очарчиликларни ва ўша вақтларда нима билан озиқланганларини ёдга олишди. Бироқ, айрим респондентлар хақиқий очликни иккинчи жаҳон уруши даврида ҳис этганликларини айтишди. Бу икки очарчилик даври бир-биридан тубдан фарқ қилади.
1933 йилдаги очарчилик колхоз ва якка деҳқон хўжаликлари буғдой етиштирган жойларда кучли бўлган. Коллективлаштириш оқибатида очарчилик юзага келади. Боз устига, ўша йили қишда қурғоқчилик бошланиб, 1933 йилнинг баҳорига қадар давом этади. Турли вилоятлардаги респондентлар буғдой шунчаки қуриб кетганини хотирлашди. Шунингдек, айнан 1933 йилда бутун Совет Иттифоқи бўйлаб очарчилик юзага келган ва Ўзбекистонга юбориш учун нон бўлмаган ёки тақчил эди. Одамлар топган нарсаси билан озиқланишга мажбур бўлган, одатда молга бериладиган маккажўхоридан тайёрланган зоғора нон шулар жумласидандир. Ҳаттоки, ҳали пишиб етилмаган меваларни ейишга мажбур бўлишган. Баъзи жойларда буханка нон ёки картошка тарқатилган. Респондентларнинг айтишича, ўзбек деҳқонлари ўзларига бегона бўлган бу икки маҳсулотни илк бор ўша даврда татиб кўришган.
Уруш йилларидаги очарчилик эса узоқ вақт давом этгани билан ҳам фарқланади. Респондентлар маҳсулотларнинг аксарият қисми фронтга жўнатилганини айтишади. Шаҳарларда озиқ-овқат тақчил бўлган. Боз устига, шаҳарларда Совет Иттифоқининг бошқа ҳудудларидан эвакуация қилинганлар сони ҳам кўп бўлган. Колхоз ва совхозларда эркак ишчи кучи, трактор, ёқилғи кабилар етишмас эди ва бу ҳолат узоқ йиллар давом этган. Бироқ, ўша даврда қурғоқчилик бўлмаган. Шунинг учун ўз томорқасига эга бўлган қишлоқ аҳолиси шаҳарликларга нисбатан тўқроқ бўлган, деган мантиқий хулоса қилиш мумкин. Бизнинг респондентлар асосан қишлоқларда истиқомат қилишган.
Мазкур даврда ўзбекистонликлар ўзларига ёт бўлган янги маҳсулотлар, яъни буханка нон, маккажўхорининг Кавказдан эвакуация қилинган аҳоли келтирган янги навидан тайёрланган нон еб кун ўтказишган.