Rahmon Qo‘chqor“Tafakkur” jurnali,
Глобусга қараган кишининг нигоҳи бир вақтнинг ўзида унинг барча томонини қамраб ололмайди. Глобуснинг ҳамма томонини кўриш учун унга бир неча ракурсдан қараш керак бўлади. Шундагина у ҳақида тўлиқ, реал, ҳаққоний тасаввур пайдо бўлади. “Лолазор”да ҳам шундай: муаллиф воқеликни бир неча ракурсдан кузатиб баҳолайди.
Машҳура Шералиева
МУРОД МУҲАММАД ДЎСТНИНГ
«ЛОЛАЗОР» РОМАНИ ҲАҚИДА
Бир куни жаҳон адабиёти тарихи дарсида Т.Драйзернинг “Америка фожеаси” романини муҳокама қилаётиб талабалар ҳайрон бўлишди: “Ёзувчи Клайд Гриффитсга ўхшаган одамни бош қаҳрамон қилиб олиши ғалати-ку?!” Бадиий диди сериаллар ва клиплардаги романтик-сентиментал қаҳрамонлар таъсирида шаклланган авлоднинг реакцияси, албатта, ўз-ўзидан тушунарли. Айни пайтда романтик типдаги қаҳрамонлар ва реалистик образларни қабул қилишдаги фарқларда даврга, авлодларга боғлиқ бўлмаган сабаблар ҳам мавжудлигини инкор қилиб бўлмайди.
Канадалик олим Н.Фрай киноявий адабиётни реалистик адабиётдан ҳам реалистикроқ деб таърифлайди. Яъни киноявий адабиёт билан реалистик адабиёт ўртасидаги фарқни реалистик адабиёт билан романтик адабиёт орасидаги тафовутга тенглаштиради. Шундан келиб чиқиб Н.Фрай киноявий адабиёт китобхонларни ҳам саралаб қўйганлигини таъкидлайди.
Юқорида айтганим талабаларнинг реакцияси мени “Лолазор”(Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти, 1988) романининг қаҳрамонини тушунишдаги қийинчилигимнинг бош сабаби китобхон сифатидаги чекланганлигим эканини тан олишга мажбур қилди…
“Лолазор”ни ўқигач менда ғалати таассурот туғилган. Ҳаётга, одамларга, келажакка умид билан қарайдиган одамнинг устидан кулган киши сизда қанақа таассурот уйғотади? Назар Яхшибоев нафақат асардаги қаҳрамонлар, балки мениям устимдан кулаётгандек, яхшилик, адолат, ҳақиқат ҳақидаги тасаввурларимни масхара қилаётгандек бўлди. Алам қиладиган жойи шундаки, Яхшибоевнинг нуқтаи назари мустаҳкам реал асосга эга, мен эса жўн қарашлари реалликка мос келмайдиган, шунчаки хаёлпараст романтикман, холос. Энди ўйлаб кўриб хулоса қиляпманки, ҳаётда Саидқул Мардонга ўхшаб эзгу ниятли, яхши одам бўлишнинг ўзи энг мақбул йўл ҳисоблаш учун камлик қилар экан.
“Мувозанат” (У.Ҳамдам) романида “ички дунёси парча-парча бўлиб кетди” деган жумла кўп бор такрорланган. “Лолазор”ни ўқиганимда шунақа ҳолатни бошдан кечирганман. Таянч нуқтамни йўқотиб қўйганман. Бу ҳолатни ҳозир “анъаналарга асосланган тафаккурнинг емирилиши” деган таъриф билан яхшироқ ифодалай олсам керак. Хуллас, “Лолазор” нафақат ҳаёт ҳақидаги, балки адабиёт ҳақидаги тасаввурларим(из)ни ҳам ўзгартиришга мажбур қилди…
Глобусга қараган кишининг нигоҳи бир вақтнинг ўзида унинг барча томонини қамраб ололмайди. Глобуснинг ҳамма томонини кўриш учун унга бир неча ракурсдан қараш керак бўлади. Шундагина у ҳақида тўлиқ, реал, ҳаққоний тасаввур пайдо бўлади. “Лолазор”да ҳам шундай: муаллиф воқеликни бир неча ракурсдан кузатиб баҳолайди. Асардаги воқеликка муносабатнинг турличалиги шундан. Романда композицион бутунликни таъминлаётган, доминант мавқега эга иккита таянч нуқта бор, булар асосан Назар Яхшибоев ва Саидқул Мардон образлари билан боғлиқ. Шунга кўра романда воқеликка муносабат (пафос, модус)нинг икки тури етакчилик қилади: киноявийлик ва элегиявий драматизм. Уларнинг қай тарзда юзага чиқиши эса алоҳида масала…
“Лолазор” ҳақидаги таассуротимнинг охирги икки абзаци бутунлай бир-бирига зид оҳангда кетибди. Улар оралиғида акс этмай қолган бир нарса бор – узо-о-оқ китобхонлик тарихи…
Романни мендан катта ва мендан кичик авлод бошқача тушуниши, талқин қилиши табиий. Бошқаларнинг таассуротига дахл қилмоқчи эмасман. Масалан, асар ёзилган давр контекстидан хабардорлигим катта авлод даражасида эмас. Собиқ тузумнинг сиёсий ўйинларини ўз кўзи билан кўрган, танасида синаган, қисқаси, асар контекстидан хабардор кишилар “Лолазор“га менга ўхшаб очқич қидириб ўтирмайди. Мен нимани кўрибман? “СССР” деган улкан қояга кўзим тушди-ю, ҳайратланишга улгурмасимдан бу қоя қулаб, кунпаякун бўлди. Катта авлод кишиларининг ҳар бири учун собиқ тузум қандайдир даражада “шахсий ўтмиш”га айланди, демак, уларда инкор этишга арзийдиган ўтмиш бор эди. Ана шу “шахсий ўтмиш”нинг мавжудлиги “Лолазор”ни ўқиган катта авлод китобхонини мутлақ абсурд кайфиятидан сақлайди. Собиқ тузум билан боғлиқ “шахсий ўтмиши” бўлмаган одам учун “Лолазор”даги инкор конкрет объектгагина қаратилган инкор (киноя) эмас, мутлақ инкор, демакки, замон ва маконда чегара билмас мутлақ абсурд бўлиб туюлиши мумкин.
Роман ички дунёимни парчалаб юборганини аввал айтиб ўтдим. Мана шу парчаланиб кетишнинг ўзи абсурд туйғуси эди, назаримда. Роман абсурд кайфиятни менга юқтириш билан ҳаёт ҳақидаги бирёқлама, жўн тасаввурларимни фош қилиб қўйди… Бу билан асар вазифасини ўтади, ундан энди сохта тасаввурларга, илдизи омонат идеалларга қарама-қарши ИДЕАЛни, қадриятларни талаб қилиш ўринсиз.
Шу пайтда мустақил равишда яна қайта бутунлигимни тиклаб олишим, яъни абсурд кайфиятни енгиш йўлига чиқиб олишим керак эди. Бироқ, тўғрисини айтганда, бу менинг қўлимдан келмади. Аксарият кишилар каби энг осон – компенсация йўлини тутдим.
Кишилардаги абсурд кайфият жамиятнинг жорий ҳолати билан боғлиқ ҳолда юзага келган экан, жамиятнинг айни ҳолатдан чиқиб кетиш йўлларини излаш орқалигина абсурдни енгиш йўлига чиқиб олиш мумкин бўлади. Бироқ аксарият кишилар ўз онгу шуурини эгаллаган абсурд туйғусидан қутулиш учун компенсация йўлидан фойдаланишларининг гувоҳи бўламиз. Абсурдга қарши қўйиладиган тушунчалар, масалан, дин (“Мувозанат” романи. Амир), маънавият (адабий танқиддаги абсурд ва маънавият ҳақидаги баҳслар), шарқона тафаккур, адабиёт (масалага бевосита алоқадор бўлмаган адабиёт мутолааси) – барчаси якка шахснинг абсурд туйғусидан қутулиш учун компенсация йўлидаги уринишларидир. Санаб ўтилганлар жамиятнинг конкрет ҳолатига нисбатан олинганда мавҳумот, холос. Абсурд туйғусини юзага келтирган ҳолатдан чиқиб кетишга бевосита алоқадор бўлган концепциягина (ва шундай концепция акс этган бадиий асар) абсурдни енгишга ёрдам бериши мумкин. Қолган барчаси кўнгилга таскин бериш (компенсация) учун айтилган гап, тутилган йўриқ бўлиб қолаверади.
Юқорида компенсация воситалари қаторида адабиётни ҳам санаб ўтдим. Бунинг битта мисоли сифатида “Лолазор” таъсирида туғилган абсурд кайфиятдан қутулиш учун менга “Дата Туташхиа” романи мутолааси ёрдам берганини айтишим мумкин. Бироқ бу, тан олишим керак, маънисизлик туйғусидан қутулишнинг ёлғондакам йўли эди, холос…
Фейсбукдаги «Таассурот» гуруҳи саҳифасидан олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |