«Дин, инсоннинг муқаддас деб билган нарсаларига нисбатан муносабатидир».
Рудольф Отто
«Дин, руҳий борлиқларга нисбатан ишончдир».
Эдвард Тейлор
«Дин, инсоннинг абадиятни англашини таъминловчи, ақл ва мантиққа тобеъ бўлмаган зеҳний малака ёки иқтидордир»
Макс Мюллер
«Дин, малакаларимизни эркин ҳолда қўллашни тўсувчи таъқиқлар мажмуасидир»
Салмон Рейнах
«Дин, эътиқодлар, хатти-ҳаракатлар ва ижтимоий ҳаётнинг муайян шартларига кўра ташкил этилган муассасалар тизимидир»
Витольд Тайлок
«Дин, энг буюк ижтимоий қадриятлар шууридир»
Эдвард С. Амис
«Дин, муайян жамоатнинг вужудга келишини таъминловчи маросим ва эътиқодлар мажмуидир».
Эмиль Дюркгейм
Умуман олганда, олимлар муайян эътиқод дин деб аталиши учун уч асосий хусусиятга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Булардан биринчиси, ғайритабиий илоҳ (ёки илоҳлар) ҳақидаги тасаввурнинг мавжудлиги. Ҳар бир динда топиниш объекти – Худо бўлиши шарт ҳисобланади.
Мавжуд динлардаги Худо ҳақидаги тасаввурларни шартли равишда иккига – трансцендент ва имманент илоҳларга бўлиш мумкин. Трансцендент илоҳларга инсонлар оламидан ташқарида, инсонларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, қусур ва нуқсонлардан холи Худолар киради. Бунга мисол сифатида том маънода ислом динидаги Аллоҳ таоло ва қисман христианликдаги Ота Худо, яҳудийликдаги Яхвеларни келтириш мумкин.
Имманент илоҳлар деганда эса табиатнинг бир бўлаги сифатида тасаввур қилинган, инсонларга ўхшаб кетадиган, бироқ ғайриоддий яратувчилик, бузғунчилик, ризқлантирувчилик каби кучларга эга бўлган Худолар киради. Бундай турдаги илоҳлар кўпинча ё антропоморф (инсон қиёфасида) ё зооантропоморф (ярим одам ярим ҳайвон) ёки зооморф (ҳайвон) шаклда тасаввур қилинади. Бунга мисол сифатида Қадимги Миср, Юнон, Рим цивилизациялари, замонавий Ҳиндистон, Хитой, Япония динларини санаш мумкин.
Иккинчиси, Худо билан инсонларни боғлаб турувчи культ ёки культлар мажмуаси. Юқорида айтилганидек ҳар бир динда топиниш объекти - Худо бўлиши лозим. Яратувчи билан инсонни боғлаб турадиган ибодат ва маросимлар мажмуи (қурбонлик, рўза, байрамлар) культ деб аталади. Культлар кундалик ёки мавсумий, якка тартибдаги ёки жамоавий каби кўринишларда бўлиши мумкин. Жумладан, ислом динида «Намоз мўминнинг меърожи» (яъни Аллоҳ таолонинг хузурига кўтарилиши) ҳисобланса христианликдаги «сирли маросимлар»да Муқаддас Руҳнинг ўзи иштирок этади деб ҳисобланади. Шу тариқа, мавжуд барча динларда культлар воситасида эътиқодчилар ўз илоҳлари билан боғланадилар.
Учинчиси эса эътиқодчиларни ўзида жамлайдиган диний ташкилотларнинг мавжудлиги. Диний ташкилот, бу бир дин издошларининг жамоавий равишда ўз диний расм-русум, ибодат маросимларини ўтказадиган, диний таълим оладиган муассасаларидир. Бу, исломда - масжид, мадраса, христианликда - черков, семинария, яҳудийликда - синагога ва ҳоказо.
Динлар тарихи, улар билан боғлиқ жараёнлар, диннинг инсон ҳаётининг турли жабҳалари билан ўзаро таъсирлашувини ўрганувчи фан «Диншунослик» деб аталади.
Диншунослик барча ижтимоий фанлар қатори ҳам ўзининг ўрганиш объектига эга. У диннинг пайдо бўлиши, ижтимоий моҳияти ва жамиятдаги ролини тадқиқ қилиш билан бирга диний эътиқодларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, уларнинг жамият тараққиётидаги эволюциясини илмий жиҳатдан ўрганади.
Do'stlaringiz bilan baham: |