3. Диний секталар ва улар фаолиятининг оқибатлари. Секталарга хос хусусиятлар ҳақида гап кетар экан, айрим секталар муайян конфессия доирасида шаклланиб, асосий эътиборни собиқ эътиқоддошлари орасида тарғибот олиб боришга, баъзи секталар эса бошқа конфессияга мансуб инсонлар орасидан ҳам ўз тарафдорларини шакллантиришга ҳаракат қилишини таъкидлаш зарур.
Айни пайтда, ҳеч бир конфессияга мансуб бўлмаган, муайян шахс – «устоз», «йўлбошчи» ёки «раҳнамо» томонидан асос солинган ва аҳолининг дуч келган ижтимоий ва конфессионал қатлами билан иш олиб борадиган секталар ҳам мавжудлигини қайд этиш лозим.
Афсуски, юқоридаги каби кўринишларда чиқадиган секталар фаолияти натижасида бир қатор салбий, баъзи ҳолларда фожиавий ҳодисалар келиб чиқмоқда. Жумладан, ўтган асрнинг 70-йилларида АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида Жим Жонс исмли шахс бир неча минг кишилик маҳаллий протестантларни ўз ичига олган «Халқ ибодатхонаси» номли жамоа тузишга эришади. Секта асосчисининг турли «қилиқ»лари шаҳар жамоатчилигига маълум бўлиб қолгач, Жонс «чиркинликларга тўла шаҳар»дан кетиб, Гаяна чангалзорларида «Худо Подшоҳлиги»ни қуриш лозимлигини эълон қилади.
1978 йили «Худо Подшоҳлиги»даги ҳолатни ўргангани борган АҚШ Конгресси комиссияси секта издошлари «подшоҳликда» жуда оғир шароитларда яшаётгани, уларга қуллардек муносабатда бўлинаётгани, Жонс барча «банда»ларини ўзига ибодат қилишга мажбур қилганига гувоҳ бўлади. Кирдикорлари фош бўлиб қолганини билган секта раҳбари бир куннинг ўзида барча издошларини ўз жонларига қасд қилишга мажбур қилади. Оқибатда Жонсга ишонган 912 киши ҳалок бўлади.
Шунга ўхшаш ҳолат АҚШнинг Техас штатидаги Уэйко шаҳрида Девид Кореш томонидан адвентислик замирида шакллантирилган «Довуд авлоди» номли секта тарафдорлари билан ҳам содир этилади. Ўзини «Халоскор» деб эълон қилган, жамоада ўзининг мутлақ ҳокимиятини ўрнатиб, барчага ўз мулкидек муносабатда бўлган секта раҳбари Уэйко шаҳрида қурилган махсус ранчода издошлари билан роҳибона ҳаёт кечиради.
1993 йилда полиция томонидан уни қўлга олиш бўйича амалга оширилган тадбир давомида, қамалишни истамаган «пайғамбар» ўзи ва барча секта аъзолари жойлашган ранчони портлатиб юборади. Оқибатда 100га яқин киши, шу жумладан, 25 нафар бола ҳалок бўлади.
Бундай секталар қаторига 1992 йилда Хитойда Лю Хунчжи томонидан тузилган ва 2 миллиондан ортиқ тарафдори бўлган «Фалуньгун» сектасини ҳам киритиш мумкин. Лю Хунчжи фақат ўзинигина заминни ҳалокатдан, кишиларни қийинчиликлардан қутқарувчи, жисмоний ва маънавий етукликка бошловчи, гуноҳлардан фориғ қилишга қодир, деб ҳисоблайди. Жаннат фақат унинг тарафдорларигагина насиб қилармиш. Охират билан қўрқитиш марказий ўринни эгаллаган Лю Хунчжи таълимотига эргашиш 2000 дан ортиқ кишининг ҳалок бўлиши, юзлаб одамларнинг руҳий касалликка чалинишига сабаб бўлган.
Буддизм доирасида шаклланган «Аум Синрикё»нинг 1995 йилда Токио метросида тинч аҳолига нисбатан газ ҳужуми уюштириши оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани, АҚШда пайдо бўлган «Осмон дарвозаси» сектаси аъзоларидан 60 дан ортиқ киши ўз жонига қасд қилгани, Угандада юзага келган «Худонинг ўнта буйруғини қайта тиклаш ҳаракати» сектаси қурбонлари сони 1000 дан зиёдни ташкил этгани ҳам бундай секталар фаолиятининг мудҳиш оқибатларидан далолат беради.
Ҳозир айрим расмий рўйхатдан ўтган ёки норасмий фаолият юритаётган ноисломий диний жамоаларнинг вакиллари томонидан ҳам миссионерлик фаолияти амалга оширилиши кузатилмоқда. Миссионерлар аксарият ҳолатларда ўз жамоасига жалб қилишда турли ўқиш курсларини очиб, ўз динига тарғиб қилиш, хорижга ўқишга ёки ишга жўнатиш, ёз фаслида болаларни дам олиш лагерларига жалб қилиш, ҳайрия ёрдам кўрсатиш, бепул тиббий ёрдам бериш ва газета, журнал, китоблар тарқатиш каби усуллардан фойдаланмоқда. Уларнинг диний таълимотида Давлат рамзларини ҳумат қилиш, Конституцион бурчни бажарган ҳолда ҳарбий хизмат ўташ, жамоат ишларида қатнашиш ман этилган. Бундай ҳолат халқимиз учун ноанъанавий бўлган диний жамоа ва секта вакилларининг мақсади жамиятимиз аъзоларини фуқаролик фаоллигини сўндириш ва қарам қилиб олишга йўналтирилганидан яққол далолат беради. Шунингдек, айрим ноисломий диний жамоаларда ушбу жамоага аъзо бўлган шахс билан оила қуриши, жамоадан ташқаридан келаётган барча маълумотларни ёлғон ва зарарли деб билиш белгилаб қўйилган, баъзиларида оила қуриш умуман маъқулланмай, улар даромадларининг деярли барчасини ушбу жамоа раҳбариятига топшириши лозим. Ушбу фактлар мазкур диний жамоалардаги тартиб шахс, оила ва жамият учун нақадар зарарли эканини тасдиқлайди.
Умуман олганда, юқоридаги каби секталар, миссионерлик ташкилотлари фаолиятига чек қўйиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бир қатор мамлакатларда секталар ва миссионерлар фаолияти натижасида жабр кўрганларга моддий ва маънавий кўмак бериш мақсадида махсус марказларнинг тузилгани, афсуски, юқоридаги каби ҳолатларнинг кўпайиб бораётгани ва хатарли кўлам касб этиб, жамиятдаги ижтимоий-маънавий муҳитга ўта салбий таъсир кўрсатаётганини кузатамиз.
Шунингдек, миссионерликнинг миллий ҳаётга таҳдиди хусусида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Сир эмаски, дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динларга ёки диний йўналишларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички миллий бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта - қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.
Ливан аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини араблар ташкил этади. Расмий тил араб тили ҳисобланади. Аммо ливанликларнинг бир қисми исломга (сунний, шиа, друз), қолган қисми христианликка (мароний, православ, католик) эътиқод қилиши натижасида миллий бирликни таъминлаш қийин кечмоқда. Мамлакатнинг амалдаги қонунчилигида давлат бошқарув идораларининг диний белгилар асосида шакллантирилиши мустаҳкамлаб қўйилгани эса, кўпгина ҳолларда хилма-хил омиллар таъсирида унинг тўлақонли фаолиятига тўсиқ бўлмоқда. Мусулмонлар ва христианлар ўртасида вақти-вақти билан келиб чиқаётган фуқаролар уруши эса бу бирликни таъминлашни янада мушкиллаштираётгани фикримизнинг исботи бўла олади.
Турли миллат ва дин вакиллари истиқомат қилиб келган Югославиянинг Сербия, Словения, Хорватия, Македония, Черногория, Босния ва Герцеговина каби давлатларга парчаланиб кетгани ҳам этноконфессионал зиддиятлар қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигининг ҳаётий-амалий ифодасидир.
Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин.
Бу, миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларга эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда ҳам халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |