Мошни ўрим-йиғим технологиялари.
ТМТИ, т.ф.н.Махмудов Д.
Ҳозирги вақтда Республикамизда донли, дуккакли, мойли экинларга катта эътибор қаратилиб, экин майдонлари кенгайтирилмоқда /1/.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимизда ҳар йили такрорий экин сифатида 23-27 минг гектардан ортиқ майдонларда мош етиштирилади, бу кўрсаткич дунё бўйича 25 млн гектарга яқинни ташкил этади.
Мошдан озик-овкат саноати билан бирга чорва хайвонлари учун тўйимли ем-хашак ҳам етиштириш мумкин. Шунингдек мошнинг илдизларида туганак бактерия ривожланиб, эркин азотни ўзлаштириб, тупрок унумдорлигини оширади.
Мош уруғлари қатор оралари 45-50 см, ёки лента усулида қўш қаторлаб ленталар ораси 45 см қилиб экилади. Бунда қўш қаторлар ораси 13-15 см бўлади. Бегона ўтлардан тоза, яхши ишланган далаларда мошни қаторлаб (15 см) экиш мумкин /2/.
Ўсиш даврининг бошидан шоналашгача тик, сўнг чирмашиб ёки ярим ётиб ўсади. Бўйи 30-130 см гача бўлиб, ўртача 50-60 см, яхши шохланади. Ён шоҳлар ёйиқ ёки тарвақайлаган ҳолда бўлади.
Ҳар бир ўсимликда ўртача 46-78 донагача дуккаклар бўлиши мумкин. Ҳар бир дуккакда ўртача 8-12 донагача мош дони жойлашади.
Мош суғориладиган майдонларда етиштирилади, ўсимлик намлиги ва ундаги дон-дукакларнинг пишиш ҳолатига қараб мош бир неча усулларда йиғиштирилади.
Мош ялпи ҳосилини оширишнинг муҳум шартларидан бири ўрим-йиғимда нобудгарчиликни камайтиришдир, аммо ҳозирда бу саҳода нобудгарчилик анча юқори.Тажрибалар шуни кўрсатадики, мошни йиғиштиришда дон нобудгарчилиги етиштирилган ҳосилнинг 30% ва ундан кўпроғини ташкил қилиши мумкин. Ўрим-йиғим ишларини қўлай агротехник муддатларда ўтказиш, мош йиғиштириш усулини тўғри танлаш, ишлатиладиган ўрим-йиғим машиналарини қайта жиҳозлаш, герметизация қилиш ва мослаштириб ростлаш уруғ нобудгарчилиги 20-30% дан 4-5% гача камайтиради.
Мошни йиғиштириб олишнинг ўзига хос хусусиятлари, суғориладиган ерларда дон-дуккакларни бир текис пишиб етишмаслиги, дуккаклар чатнаб, ичидаги донларнинг ўз-ўзидан тўкилиб кетиши, унда вегетатив массанинг намлиги юқори бўлиши ўрим-йиғим ишларини анча қийинлаштиради. Мош экиш ва уни етиштириб олиш технологиясида ўрим-йиғим ишларини оптимал муддатларини тўғри танлаш жуда муҳимдир. Мошни вақтидан кечроқ йиғиб олинса, анча қисми ўз-ўзидан тўкилиб, нобуд бўлиши мумкин.
Мош дони турли поғоналарда жойлашган, баъзи жойларда поялар ерга ётиб қолади, бу эса уни машиналарда ўриб-йиғиб олишни анча қийинлаштиради. Бундан ташқари, ҳаво ҳароратининг ўзгариши донли дуккакларнинг намлигига катта таъсир кўрсатади. Шу боисдан мош куннинг иссиқ вақтларида ўрилса, уруғ нобудгарчилиги бу тадбир эрталаб шабнам бор вақтда амалга оширилганига нисбатан 2-3 марта кўп бўлади.
Мошни йиғиштириб олишда агротехник қоидаларига қаътий риоя қилиб, унинг униб чиқиш қобилияти сақланган ҳолда, нес-нобуд қилмай йиғиштириб олиш зарур.
Мошни йиғиштириб олиш усуллари, дончилик амалиётида, мош даласида ўсимлик намлиги ва ундаги дон-дуккакларнинг пишиш ҳолатига, ҳамда метрологик шароитга қараб мошни бир неча усулда йиғиштирилади: бевосита комбайнда ўриб-янчиб олиш, комбайнда икки марта янчиб олиш, десикация қилиш, алоҳида ўриб, алоҳида янчиб олиш, ўриб хирмонда янчиш.
Бевосита комбайнда ўриб-янчиб олиш усули сийрак, кенг қаторли, унча баланд ўсмаган, ҳамда донли дуккаклари ёппасига пишган, яъни донли дуккакларнинг 80-90% қўнғир тусга кирган далаларда қўлланилади. Йиғиштирилган дон комбайндан олиниб, дарҳол хирмонга келтирилади ва ёйиб қуритилади. Бу тадбир донларни намлиги юқорилигида қизиб кетиши таъсирида униб чиқиш қобилиятини камайишдан сақлайди.
Ёввойи ўтлар, айниқса ёввойи сўли уруғи билан ифлосланган далаларда комбайн бункерига тоза дон эмас, балки дон-дуккаклар йиғиб олинса, уруғ нобудгарчилиги кескин камаяди.
Комбайнда икки марта янчиб олиш усули уруғлик мош бир текис пишиб етилмаган далаларда қўлланилади. Бу усулда ўримга дон-дуккакларнинг 65-75% қўнғир тусга кирганда киришилади. Комбайн мошли даладан биринчи ўтишида унинг янчиш барабани бир минутда 300-400 айланиш режимига, барабан ва дека орасидаги тирқиш эса катта очиб қўйилади. Бунда бункерга пишиб етилган донлар йиғилади, хом донли поялар эса далада уюм-уюм қилинади. Қатор уюмлар 3-5 кун давомида қуритилгач, комбайнда янчиб олинади.
Алоҳида ўриб, алоҳида янчиб олиш усули дон бир текис пишиб етилмаган, пояларнинг намлиги юқори ва бегона ўтлар ўсган далаларда мош дуккакларининг 70-80% етилганда қўлланилади. Бу усулнинг моҳияти шундан иборатки, намлиги юқори бўлган мош ўрилиб қатор уюмлар ҳолида қуритилади, чунки қуриган масса комбайнда яхши янчилади. Бундан ташқари, пишмаган донлар уюмларда пишиб етилади. Мошни қатор уюмларга уюшда тиркама жаткалар, шунингдек эзгич жувалари ечиб олинган, ўрнига дон тутиш мосламаси ўрнатилган ўрим машиналар қўлланилади.
Ғалла комбайнида унинг ўттиздан кўпроқ уланган жойларидан дон тўкилиши мумкин. Шу боисдан мош донларини йиғиштиришда комбайнни герметизация қилиш, ростлаш ишларини бажариш жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бу тадбирлар дон нобудгарчилигини 2-3 марта камайтиришга, донларни тўла тозалаб йиғиштириб олиш имконини беради. Янчилган тозаланган донлар намлиги 15% дан ортиқ бўлмаган ҳолда, қопларда ёки тўкилган холда, шамоллатиладиган биноларда сақланади.
Фойдаланилган адабиётлар
1.2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони,28.01.2022 йилдаги ПФ-60-сон.
2.Мавлянова Р. Ф.ва бошқалар.Мош етиштириш технологияси: Тавсиянома. – Тошкент: 2018, 24 с.
Do'stlaringiz bilan baham: |