6-боб. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш 32-модда. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан хизматлар кўрсатишнинг асосий қоидалари Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлар кўрсатаётганда истеъмолчиларга (мижозларга) нисбатан ҳалоллик, шаффофлик, ўзаро ҳурмат ва холислик принципларига риоя этиши керак.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар хизматлар кўрсатишнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқ ўзлари ишлаб чиққан қоидаларига биноан хизматлар кўрсатади.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардларнинг хизматлар кўрсатиш қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати, уларнинг қиймати тўғрисидаги, шу жумладан кредитнинг (микроқарзнинг) тўлиқ қийматини ҳисоблаш тартиби, шунингдек хизматлар кўрсатишнинг миқдори ва муддатлари ҳақидаги маълумотларни;
хизматлар кўрсатиш шартларини, шу жумладан истеъмолчиларга (мижозларга) нисбатан кредитлар (микроқарзлар) олиш учун қўйиладиган талабларни;
хизматлардан фойдаланиш учун истеъмолчилар (мижозлар) томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини, уларни тақдим этиш тартибини ва кўриб чиқиш муддатини;
истеъмолчиларни (мижозларни) хизмат кўрсатиш тўғрисида қабул қилинган қарор ёки мазкур хизматни кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида хабардор қилиш усулларини.
Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан пулли хизматлар кўрсатиш учун истеъмолчининг (мижознинг) бундай хизматлардан фойдаланишга доир буюртма ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклдаги розилигининг (акцептнинг) мавжудлиги асос бўлади.
Истеъмолчининг (мижознинг) микромолия ташкилоти ёки ломбард олдидаги мажбуриятларини ўз вақтида бажариш имкониятини аниқлаш учун микромолия ташкилоти ёки ломбард истеъмолчи (мижоз) томонидан тақдим этилган ва (ёки) ўзи кредит бюросидан ёки бошқа манбадан мустақил равишда олган ахборотдан фойдаланишга ҳақли.
Микромолия ташкилоти ёки ломбард:
хизматлар кўрсатиш қоидаларида белгиланган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқиши ҳамда хизмат кўрсатиш тўғрисида ёки мазкур хизматни кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши;
хизмат кўрсатиш тўғрисида ёки мазкур хизматни кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қабул қилинган қарор тўғрисида бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай истеъмолчини (мижозни) ёзма шаклда хабардор этиши шарт.
Микромолия ташкилотларига ва ломбардларга қуйидагилар тақиқланади:
жисмоний шахсга кредит (микроқарз) бериш шартномаси бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш;
кредит буюртмаларини кўриб чиққанлик, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатганлик, кредитлар (микроқарзлар) ажратганлик учун тўловлар, шунингдек кредитларни (микроқарзларни) муддатидан илгари тўлаганлик учун неустойкалар ундириш;
хизматдан фойдаланиш шарти сифатида микромолия ташкилотининг ёки ломбарднинг ёхуд ўзга учинчи шахснинг бошқа пулли хизматидан фойдаланишга истеъмолчини (мижозни) мажбурлаш;
жисмоний шахсларга чет эл валютасида кредитлар (микроқарзлар) бериш, шунингдек улар бўйича жисмоний шахсларнинг мажбуриятларини чет эл валютасида ҳисобга олиш;
қайтариш муддати бир йилгача бўлган кредитлар (микроқарзлар) таъминоти учун уй-жой кўчмас мулкини жисмоний шахслардан гаровга қабул қилиш — микромолия ташкилотлари учун;
жисмоний шахснинг илгари олган кредитлари (микроқарзлари) бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлган тақдирда унга кредит (микроқарз) бериш.
Микромолия ташкилотлари томонидан бериладиган истеъмол кредитлари ва микроқарзлар, шунингдек ломбардлар томонидан бериладиган микроқарзлар бўйича фоиз ставкалари ва тўловлар Марказий банк томонидан белгиланган энг юқори қийматлардан ошмаслиги керак.