5. Фуқаролик жамиятини ривожлантиришда фуқаролик маданияти ва масъулиятининг ўрни
Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсад этиб белгиланган даврда демократик тамойилларни шакллантириш, фуқаролар ижтимоий –сиёсий фаоллигини ошириш, шахс эркинлигини амалда жорий этиш, сиёсий жараёнларни эркинлаштириш, демократик меъёрлар асосида кўппартиявийлик тизимини такомиллаштириш, жамият ҳаётида жамоат ва нодавлат ташкилотлар фаоллигини ошириш каби вазифалар умуминсоний қадриятларни ўзида ифода этган ҳолда фуқаролик маданияти билан туташади. Агар фуқаролик жамиятини юксак фуқаролик маданиятини ошкор этиш имконияти сифатида эътироф этадиган бўлсак, фуқароларнинг маънавий етуклиги бундай жамиятдаги демократик тамойилларни тўлиқ англаш омили эканлигини тушунамиз. Чунки фуқаролик жамиятида инсонни олий қадрият даражада тушуниш бевосита ҳар бир фуқаронинг ўз маданият даражасини қанчалик англаши ва унга содиқлиги билан характерланади.
Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ўзининг бир қатор мезонларига эга бўлиб, уларнинг асосийларидан бири – ҳар бир инсонда масъулият туйғуси билан яшаш хусусиятини шакллантиришдир. Масъулият одамнинг хар бир амали, фаолияти маҳсулини тўлиқ тасаввур қилган ҳолда унинг ўзи ва ўзгалар учун нима наф келтиришини англай олиш қобилиятидир. Масъулиятни ҳис қилган инсон ўз ишини доимо пухта режалаштириб, унинг оқибатларини олдиндан тасаввур қила олади ва зарур натижага эришиш учун бутун кучи ва салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлади. Шахсий масъулиятни фуқаролик масъулиятидан фарқлаш лозим. Биринчиси шахснинг кундалик фаолиятидан келадиган шахсий манфаатни, иккинчиси эса жамият манфаатларини назарда тутади. Фуқаролик масъулиятини ҳис этган инсон, энг аввало, ўзи мехнат қилаётган жамоа ёки таълим олаётган ўқув даргоҳи, ўз маҳалласи ва юрти равнақини ўйлайди. Мустақил Ўзбекистон фуқаролари учун ягона мақсад Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги учун хизмат қилиш бўлса, демак ҳар бир инсон фуқаролик масъулиятининг маъно-мазмунини ана шу ғояларни амалга оширишда, деб билиши даркор.
Фуқаролик масъулияти, Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир онгли фуқаронинг қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар Республика Конституциясида кафолатланган хуқуқларидан фойдаланиш баробарида, унга жавобан фуқаролик масъулиятини ҳам хис этиб яшашидир. Бу шундай деганики, ҳар бир фуқаро мамлакат Конституциясига, Олий Мажлис қабул қилган барча қонунларга, Вазирлар Махкамаси чиқарган қарорларга риоя этиши ва ҳурмат қилиши, уларни амалга ошириши учун масъулият сезиши лозим. Бинобарин, давлат ўз фуқаросига хуқуқ ва кафолат берар экан, шунга яраша унинг зиммасига масъулият ҳам юклайди. Шуни унутмаслик керакки, ижтимоий тараққиётнинг демократик ривожланиш жараёни шахснинг ўзини ўзи англаши, қадр-қимматини қай даражада эъзозлай олиши, жамият учун хизмат қилиш имконияти ва ҳаракат меъёрига кўп жихатдан боғлиқдир. Буларнинг ҳаммаси кишиларнинг ўзи яшаб турган кўча, махалласидан тортиб, то яхлит мамлакатнинг барқарорлигини сақлаб қолиш, хавфсизликни таъминлашда юксак масъулиятни ўз фаолиятида онгли равишда амалга ошириш демакдир. Бир хил мақомга эга бўлган шахсларда талаб ҳам тенг бўлади. Ана шу жиҳатнинг ўзи ҳам фуқаролик масъулиятини англатувчи далиллардан биридир.Фуқаролик масъулияти билан миллий масъулият орасида ўзига хос муштараклик мавжуд.Сир эмас ҳар бир миллатнинг балоғатга етган онгли аъзоси ўша ўзи мансуб миллатнинг олдида масъулияти бўлади. Миллатнинг миқдорий, иқтисодий, маданий, аҳлоқий, маърифий, манавий тараққий эта бориши, ер юзидаги бошқа халқлардан орқада қолиб кетмаслиги учун биринчи шу халққа мансуб кишилар жавобгарлик туйғусини туйиш лозим. Оила ва жамиятдаги ҳар бир ҳаракатида, босган ҳар қадамида шу миллатнинг умумий манфаатини унутмаслик миллий масъулият ҳиссининг муҳим томони ҳисобланади. Кишиларнинг муайян миллат равнақи йўлидаги сиёсий онглилиги ва маънавий етуклиги даражаси миллий масъулиятни англатувчи иккинчи муҳим томонидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |