Ҳа, айтмоқчи, ойингларга тайинлаб қўй: ертўладаги қовоқни ишлатмай турсин. Ўзим чиқай, яхшилаб сомса ёпамиз...»
Хатни ўқиётганида томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Ёшлигида бувисининг ҳар хил ширинликларни енгларининг учига
яшириб, «акаларинг кўришмасин», деб беркитиб беришлари, дадасидан сўкиш эшитганда эса, бошини силаб, эркалаб уйига
олиб кириб кетишлари, насиҳат қилишлари кўз олдига келди. Ўзини тутишга ҳарчанд уринмасин, барибир кўзига ёш келаверди.
«Бувижоним! Ахир бужмайиб қолган қадоқ қўларингиз билан бошимни силашингиз, юзимни меҳр тўла сийнангизга қўйиб тин
олишим, оппоқ сочингиздан ўпиб, кўзимга суртишимнинг ўзи менга катта совға эмасми?» деган хитоб юрагини ларзага келтир
-
ди. Ҳамширанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, қозиқда илиғлик турган оқ халатлардан бирини олиб, елкасига ташлади-ю, юқорига
югурди.
Бувижонининг кўксига бошини қўйди.
Ўгай она
– Ўқимас эмишман, – деди Оқил яна ўжарлик билан.
– Ахир ким сенга шундай деди, бизга айтгин, – куюнди директор.
– Менга барибир энди... Ҳеч кимнинг ёрдами керакмас. Агар ўзимнинг ойим бўлганларида...
Оқилнинг лаблари титради, кўзлари ёшланди. Бурнини тортиб қўйди-да, ўзин тутиб олиш учун шифтга қаради. Директор гап
нимада эканини тахминан англади. Бирор хулосага келиш учун бу тахмин етарли эмасди, шу сабабли боладан яна сўради:
– Оқилжон ўғлим, ўжарлик қилма. Уйингда нима гап бўлганини менга очиқ айтавер. Биз сени хафа қилдириб қўймаймиз.
Оқил директорга «рост айтяпсизми?» дегандай бир қараб олди-да, нигоҳини деразага қадаб гап бошлади:
– Ўзим эшитдим, – деди у яна бурнини тортиб қўйиб. – Анови... янги ойим дадамга «ўғлингиз катта йигит бўлиб қолди-я, энди
ёнингизга олсангиз ҳам бўлади», – деди. Тағин мен уни...
Оқил гапини тугата олмади. Эшик очилиб, бир ёшлар чамасидаги ширингина болани кўтариб олган кўҳликкина жувон кириб
келди.
– Мумкинми, вой хайрият-ей! – деди у остона ҳатлаб ичкарига киргач. – «Оқилжонни мактабларига чақириб олиб кетишди»,
дейишса, нима гап экан, деб жонимни ҳовучлаб югуриб келаверибман. Тинчликми ўзи?
Жувоннинг саломлашишни ҳам унутиб кириб келиши унинг ғоят хавотирда эканидан дарак бериб турарди. Директор буни
тушунди. Унинг ким эканлигини ҳам ҳаяжонли сўзларидан англади. Шу сабабли гапни айлантирмай муддаога ўтишни маъқул
кўрди.
– Тинчлик, – деди у хотиржам оҳангда сўнг болага юзланди: – Оқилжон ўғлим, сен ташқарига чиқиб тур-чи!
Оқил қовоғини уйганича «хўп», деди. Чиқаётганида аёлнинг қўлидаги бола «атта!» деб унга осилди...
Директор Оқилнинг бир неча кундан бери мактабга келмаётгани, бугун дарсдан кейин уйидан топтириб чақиртиргани ва ниҳо
-
ят, боланинг охирги гапларини айтиб берди.
Аёл кўйлагининг енги билан кўз ёшларини артиб, пиқ-пиқ йиғлади. Кейин «Вой, гапирмайгина мен ўлайин», деди-да, ташқари
-
га чиқиб Оқилни олиб кирди.
– Вой, гапирмайгина мен ўлайин, болажоним. Мен сени катта бўлиб қолганингни айтиб эркалатмоқчийдим-а! Сен ўқиб олим
бўлсанг, уканг ҳам изингдан боради, деб доим дуо қиламан-ку? Гапга нўноқ онангни кечир, болажоним... – Аёл шу гапларни
такрор-такрор айтиб, Оқилни қучоқлаб олганича юз-кўзларидан ўпаверди...
Оқилнинг қўлидаги укаси бу ҳолатдан ажабланиб ҳайрон бўлб турди Аввалига сал қўрқди ҳам. Кейин бир акасини, бир онасини
ўпа кетди...
Кўзлари очиқ эди
Бўйнига чекич урилгандай «чўтир» бўлиб қолган мусича қаердандир овқат топиб, инига учиб келди. У ҳар галгидек болала
-
рининг инларидан бош чиқариб, оғизларини катта-катта очиб, чийиллашларини кутган эди. Бироқ, инда болалари кўринмади.
Онанинг кўзлари олазарак бўлди. Ўзини ҳар томон уриб, жигаргўшаларини ахтарди. Топди! Ҳали парвозга яхши шайланмаган
жажжи мусичалар шўхлик қилиб пастга тушишган экан. Улар ҳовли рўясида бир-бирлари билан қувалашиб, бамайлихотир
ўйнаб юришарди. Она мусича уларни кўриб қувонгандай бир-икки қанот қоқиб қўйди. Пастак бир шохга қўниб, бўйнини хиёл
қийшайтириб, уларнинг ўйинини кузатди...
Бирдан она безовталанди. Болаларининг олдига тушиб, қанотини патиллата кетди: у бурчакда пусиб ётган мушукни кўриб қол
-
ган эди. Мушук мусичанинг пайқаб қолганини сезиб, ўлжасига сапчиди. Қушчалар қанот қоқишиб пана томонга ўтишди. Лекин
юқорига, бехавотир инларига учиб чиқишга қанотлари заифлик қилди. Мушук қушчаларни қува бошлади. Улар қанча уриниш
-
масин, қанот қоқишмасин юқорига кўтарилишга қурбилари етмасди. Оналари атрофида айланишдан ўзга чоралари йўқ эди.
Она безовта. Она иложсиз! Болалари учолмайди... Шунда у аллақандай овоз чиқариб юқорига кўтарилди-ю, сўнг бирдан қанот
-
лари сингандай ерга гуп этиб тушди. У «синиқ» қанотларини ерга шап-шап урганча парвозга урингандай бўлиб мушукнинг
атрофида айлана бошлади. Мушук қушчаларни қувиб юришдан кўра тайёр турган ўлжани ейишни маъқул кўриб, уни таппа
босди.
Мусича эса ҳамон қанотларини патиллатади. Ғалати овоз билан фарёд чекиб, болаларини учишга ундайди...
Мушук унинг ҳиқилдоғини тишлаб, чеккага судради. Онанинг сўниқ кўзлари ярим очиқ: «болаларим қочдими?» дегандай
уларни излайди. Қанотларини аҳён-аҳёнда мажолсиз силкитади. Гўё очқаб қолган болалари олдига учиб бориб, ҳозиргина топиб
келган овқатини бермоқчи бўлади...
Пастак бутоққа учиб чиқиб қўниб олган мусичалар эса қўрқувдан дир-дир титрашади...
Ёввойи мушук
Яна ўша ёввойи мушук пайдо бўлди. Авваллари одам шарпасини эшитиб, жунини ҳурпайтирганича бақрайиб турадиган, кейин
қочиб қоладиган мушук негадир олдимизда бемалол юришга одатланди. Бу жуда қизиқ ҳодиса эди. Мушукнинг сирини билиш
-
га ошиқдим. Унга бир бўлак гўшт ташладим. У сахийлигимга ишонқирамагандай бир менга, бир гўштга қараб қўйди. Кейин
чаққонлик билан гўштни тишлаб олиб, уйдан чиқиб кетди. Ҳар гал емиш топса емай, олиб чиқиб кетиши ҳам ажабланарли
ҳол эди. Мушукнинг изидан чиқдим. У ҳовли бурчагидаги ўтин турадиган бостирмага кириб кетди. Чўчитиб юбормаслик учун
тирқишдан мўраладим: мушук чалқанча ётиб олган, тўрт мушукча эса уни эмарди... Мушукнинг бирдан кўринмай қолгани-ю,
кейин бегонасирамай қўйгани сабабини энди англадим.
«Битта боласини жиянларимга олиб берсаммикин?» деган фикрда эшикни очиб, ичкари кирдим. Мушук сапчиб ўрнидан турди.
Жунини ҳурпайтирди. Кўзлари ёнди. Хунук овоз чиқарди. Яна бир қадам қўйсам менга ташланиши турган гап эди. Бундай ҳо
-
латда у ўзини боқаётган одамни ҳам танишни истамасди. Чунки ёнида ўз жонидан ҳам азиз бўлган болалари бор эди!
Изимга қайтдим. Шу-шу, мушук мени кўрса бостирма томон қочадиган бўлиб қолди. Мушукнинг болалаганини эшитган жиян
-
ларим бугун унинг бостирмадан нари кетишини пойлаб туриб, оладан келган чиройли боласини олиб чиқишибди.
Қош қорайганда мушук бостирмадан ўқдай отилиб чиқди. Ниманидир ахтара бошлади. Кейин эшигимиз тагига келиб, мендан
ҳам ҳайиқмай зорланиб, чўзиб-чўзиб миёвлай бошлади. Эшикни очдим. У уйга отилиб кирди. Дам ўтмай боласини тишлаб олиб
чиқди. Бостирма томон кетди.
Мушук бизга ўрганиб қолган бўлса ҳам болаларини ишонмас эди...
Do'stlaringiz bilan baham: