Бархан тепаликлари юзасида эол ряблари ривожланган бўлади. Улар ўзига хос микрорельеф ҳосил қилади ва бархан-ларнинг шамол эсувчи томонидаги юзасида ривожланган бўлади. Бархан ряблари сув оқимлариникига ўхшаш асимметрик тузилишга эга ва бархан юзасида тўлқинсимон параллел жойлашган бўлади. Ряб ўркачлари орасидаги масофа 3-4 см, амплитудаси (баландлиги) эса ундан камроқ бўлади (123-расм).
Барханлар ва дюналар кўчиб юрадиган қум тепаларидир. Баъзан барханлар бир кунда 5-10 м гача кўчиб, бошқа жойда тепаликлар ҳосил қилиши мумкин. Дюналар ҳам бир йилда 100 - 200 м гача кўча олади. Ҳозирги кунда ҳаракатдаги барханлар Қизилқумнинг айрим қисмларида (Бухоро вилоятининг Ромитан тумани) кузатилади. Бархан қумларнинг аксарият қисми ҳозирги кунда кам ҳаракатли.
Қум ҳаракатидан экинзорлар, баъзан қишлоқлар қум остида қолиб кетиши мумкин. Экинзорларни, темир йўлларни қум босиб кетмаслиги учун уларнинг атрофи иҳота қилиниб, дарахтзорлар барпо қилинади.
Тақирли (гилли) саҳролар
124-расм. Тақир.
Тақирли (гилли) саҳролар қум саҳроларини ўраб туради ёки уларнинг ичида жойлашган бўлади. Жуда кўп ҳолларда тақирлар қуриган кўлларнинг ёки дарёларнинг туби ҳисобланади. Тақирларни ташкил этган гилли чўкиндилар юзаси уларнинг қуришидан кучли дарзланади. Бундай дарзлар тақир юзасида полигонал участкаларни ажратади. Полигонал бўлакларнинг четлари бирмунча баландга кўтарилган бўлади (124-расм).
Тақирли саҳролар грунт сувлари ҳисобига ҳам, атмосфера ёғин-сочинлари ҳисобига ҳам ҳосил бўлиши мумкин.
125-расм. Адирдаги лёссли жинслар
Адирли (лёссли) саҳролар ҳам қумли саҳроларнинг чекка қисмларида ривожланади. Бунда шамол учириб келти-рилган чанг зарралари тўпланади. Турли қалинлик-даги лёссли жинслар тўпла-нади. Адирларнинг юзаси вақтинчалик оқар сувларнинг фаолияти туфайли одатда нотекис бўлади. Кучли жарланганлик кузатилади. Лёссли жинслар вертикал ажралиш хусусиятига эга бўлганлиги туфайли жарларнинг борти ҳар доим тик бўлади (125-расм).
Лёсслар (лёсс немисчада сариқ тупроқ маъносини англатади) сарғиш-қўнғир, сарғиш-кулранг ва бўзрангли, юмшоқ ва ғовакли жинслар бўлиб, континентал ётқизиқларнинг муҳим генетик тури ҳисобланади. Уланинг таркибида 90% дан ортиқ кварц ва бошқа силикатларнинг ҳамда глиноземнинг чангсимон заррачалари бўлади. 6% га яқинини одатда нотўғри шакллардаги оҳакли уюшиқларни (шўх) ташкил этувчи кальций карбонат ташкил этади. Лёссларнинг ўзига хос белгилари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- чангсимон зарралардан тузилган бўлиб, кўпроқ 0,05 мм дан 0,005 мм диаметрли алеврит зарраларидан ташкил топган;
- қатламланиш хусусияти йўқ, бутун қалинлиги бўйича яхлит тузилган;
- карбонатли ғуддалар ва уюшиқларга эгалиги;
- вертикал ажралиш хусусиятига эгалиги;
- юқори даражади (50 - 60% гача) ғоваклиги;
- намланганда ва юк остида чўкиш қобилияти.
Лёссларнинг энг кўп қисми Украинадан Жанубий Хитойгача чўзилган ҳудудларда тарқалган. Лёссларнинг қалинлиги бир неча метрдан юзлаб метргача боради. Хитойдаги лёсслар жуда қалин бўлиб 250 - 350 м гача етади. Ўзбек олимларидан академик Р.О.Мавлонов Ўрта Осиёдаги лёссларни аксарияти шамол ёрдамида ҳосил бўлганлигини исбот қилган.
Лёссли адирлар Ўрта Осиёда, Кавказортида, Украинада ва Афғонистонда кенг тарқалган.