Ўрта палеолит. Ўзбекистон ҳудудлари палеолитнинг ўрта босқичларига оид ёдгорликларга жуда бой ва Тошкент воҳасида Обираҳмат, Палтов, Бўзсув ғори, Ғиштсой устахоналари, Зарафшон водийсидаги Қўтирбулоқ, Омонқўтон, Такаликсой ёдгорликлари, Учтут устахонаси, ўрта палеолитнинг сўнгги босқичларига оид Қизилқумдаги Кўкча, Қизилнура ва бошқа қатор йиғма материалларни, Сурхондарёдаги Тешик-тош, Амир-Темур ғорлари, Кўлбулоқнинг ўрта қатламлари (28-4), Қизилолма 1, 2, Жарсой, Тўпаланг сув омбори топилмалари ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларидан аниқланган ўнлаб алоҳида маданий ёдгорликлар киради.
Тошкент воҳасидаги ўрта палеолитга оид ёдгорликлар яхши ўрганилган. Обираҳмат ҳамда Кўлбулоқнинг шу даврга хос бўлган қатламлари батафсил тадқиқ қилинган ҳисобланади. Аммо Бўзсув материаллари тўлиқ чоп этилмаган, Палтов ғоридан топилган артефактлар, Оҳангарон воҳасидаги Қизилолма 1, 2, Жарсой 1 ва Ғиштсой материалларини ўрганиш ва уларни чоп этиш охиргача етказилмаган. Ўрта палеолит даври ёдгорликлари орасида энг яхши ўрганилган объектлар Обираҳмат ғори, Кўлбулоқнинг мустъе қатламлари, Қўтирбулоқ ва Тешик-тош ғори бўлиб, уларда олиб борилган қазишмалар Ўрта Осиё палеолит даври билан боғлиқ кўпгина муаммоларнинг ечимини топишга имкон берди.
Обираҳмат ғор манзилгоҳида қазиш ишлари дастлаб Х.К. Насриддинов (1962-1963), 1964-1965-йилларда эса Р.Х. Сулаймонов томонидан урганилди8. Узоқ давом этган “танаффусдан” сўнг 1998 йилдан ёдгорликда Ўзбекистон-Россия археологик экспедицияси қазиш ишларини давом эттирди. Натижада, Обираҳматнинг тош индустрияси ўрта палеолитнинг охири ҳамда сўнгги палеолитнинг бошланиш даври ёдгорлиги сифатида талқин қилиш имконини берди.
Тошкент воҳасидаги ўрта палеолит даврига оид иккинчи ёдгорлик Кўлбулоқнинг ўрта (21-4) қатламлари материалларидир. Ёдгорликнинг ўрта палеолитга оид қатламлари 1,3 м қалинликдаги сел оқизиқлари излари билан боғлиқ ётқизиқларда, ер сатҳидан 90 см. чуқурликда жойлашган. М.Р. Қосимовнинг маълумотига кўра, бу қатламлардан 8300 та тош буюм топилган. Кўлбулоқнинг бошқа қатламлари каби ўрта палеолитга оид ётқизиқлари ҳам Ўрта Осиёда оргинал индустрияга эга бўлиб, улар тишсимон мустъе маданиятига хос деб ҳисобланади.
Ўрта палеолит даврига оид ёдгорликлар Зарафшон дарёси водийсида ҳам мавжуд бўлиб, уларга Омонқўтон, Такаликсой, Кўтирбулоқ каби ёдгорликларни киритиш мумкин.
Қўтирбулоқ топилмажойи Самарқанд шаҳридан 100 км шимоли-ғарбда, Зирабулоқ тоғлари этакларида булоқ атрофида жойлашган.
Қўтирбулоқнинг маданий қатламларидан минглаб тош буюмлар билан бирга фаунистик қолдиқлар ҳам топилган бўлиб, уларнинг деярли ярми (49,3%) ёввойи отларга тегишлидир9.
Ўрта палеолитга оид ёдгорликлар Сурхондарёнинг Бойсунтоғ ҳудудларидан ҳам топилган бўлиб, улар орасида энг машҳури Тешик-тош ғоридир. Ёдгорликда соф ётқизиқлар билан ажратилиб турувчи 5 та маданий қатлам аниқланган. Тешик-тош Ўрта Осиёнинг фаунистик материаллар сақланиб қолган ноёб ёдгорликларидан биридир. Бу ерда сибир тоғ эчкиси суяк қолдиқлари 83% ташкил қилади.
Бойсунтоғдаги ўрта палеолит даврига оид иккинчи ёдгорлик бу Амир Темур ғоридир. У Тешик-тошдан 1,5 км шимолроқда сой бўйида жойлашган. Ёдгорлик В.Ф. Ломаев томонидан очилган ва 1938-1939 йилларда А.П. Окладников томонидан ўрганилган. Ғорда қалинлиги 1 м га яқин учта маданий қатлам аниқланган.
Ўрта палеолитга хос кўплаб материаллар Қизилқум ҳудудларидан ҳам топилган. Бироқ булар йиғма материаллар ҳисобланади. Бундан ташқари, Қизилқумда ўрта палеолитга оид Кўкча номли тошга ишлов бериш устахонаси ҳам шу даврга оидлиги аниқланган10.
Юқорида баён этилган фикр-мулоҳазалар таҳлил этилганда, Ўзбекистон ҳудудидан топиб ўрганилган ўрта палеолит даври ёдгорликларининг ёши, маданий қатламларининг геологик ётқизиқлар билан боғлаб ўрганиш масаласида қатор муаммолар мавжуд. Уларни фан ютуқларининг охирги натижаларига кўра, бир тизимга солиб таҳлил этиш ва умумлаштириш ушбу тадқиқот мазмунини ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |