ФАОЛ ВА ИЗЛАНУВЧАН ОЛИМЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
Пойтахтимизда жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаол ва изланувчан олимларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва АҚШнинг “Clarivate Analytics” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори М.Болтабоев ва бошқалар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, олимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Юртимизда илк бор ўтказилаёган мазкур тадбир ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга, ёш илмий кадрларни бу жараёнга кенг жалб этиш ва юқори натижаларга эришган олимларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, АҚШнинг “Clarivate Analytics” компаниясининг “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига жорий йилнинг 1 июлидан мамлакатимиз ҳам обуна бўлди. “Clarivate Analytcs” компанияси турли давлатларда йилнинг энг яхши фан етакчиларини аниқлаш мақсадида танлов эълон қилиб, энг яхши натижаларга эришган, “Web of Science” халқаро базасига мақолалари киритилган олимларни рағбатлантириб келади.
Номзодлар мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасаларда фаолият юритаётган олимлар ҳисобланади. Уларнинг илмий ишлари “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига кирган илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этилган илмий мақолаларнинг сони ва уларга келтирилган ҳаволалар асосида баҳоланди.
Тақдирлаш маросимида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган олимлар моддий рағбатлантирилди. “Энг яхши аёл тадқиқотчи”, “Энг яхши ёш олим”, “Энг яхши илмий журнал”, “Энг яхши олий таълим муассасаси”, “Энг яхши илмий-тадқиқот муассасаси” номинациялари бўйича ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Фанлар академиясининг Астрономия институти етакчи илмий ходими Аҳмаджон Абдужабборов астрономия соҳасида самарали фаолият юритаётган ёш изланувчан олимлардан бири. У астрофизика соҳасида нафақат мамлакатимиздаги, балки Германия, Чехия, АҚШ, Хитой сингари давлатларнинг нуфузли илмий муассасалари тадқиқотчи олимлари билан ҳам ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бормоқда. Ёш олимнинг 40 дан ортиқ илмий мақоласи жаҳоннинг етакчи илмий журналларида чоп этилган. Олимнинг изланишлари юқори баҳоланиб, бугунги тадбирда “Энг яхши ёш олим” номинациясида ғолиб, деб топилди.
– Бугунги тадбир ҳам юртимизда биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир, – дейди А.Абдужабборов. – Бизга яратилган чексиз имкониятлар нафақат мамлакатимизда, балки, бутун дунёда илмий салоҳиятимизни намоён этишимизга замин яратмоқда. Бизга билдирилган ишончни оқлаб, келажакда астрофизика соҳаси бўйича аждодларимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қиламиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |