3 - расм. Узлуксиз ишлайдиган суферфосфат камераси.
1 - камеранинг цилиндрик корпуси; 2 - марказий қувур; 3 - электромотор; 4 - редуктор; 5 - камера қопқоғи; 6 - тўсиқ; 7 - фрезер; 8 - суспензия тушиш штуцери; 9 - эксцентрик.
Шунга қарамай, суперфосфат омборда 2..3 ҳафта туриб қолади. Суперфосфат ишлаб чиқарувчи йирик заводларда (1000…3000 т/сутка) катта ҳажмдаги омборлар талаб этилади. Бунинг натижасида омбордан чиқадиган катта ҳажмдаги ҳаво таркибидаги фторли газларни тозалаш каби муҳим экологик муаммолар келиб чиқади. Шу мақсадда суперфосфат ишлаб чиқаришнинг омборли етилтириш жараёнисиз амалга ошириш масаласи юзага келади. Омборли етилтириш жараёнисиз оддий суперфосфат олишнинг худди қўшалоқ суперфосфат ишлаб чиқаришдаги каби камера-оқимли ва оқимли усуллари мавжуддир.
1 т кукунсимон суперфосфат ишлаб чиқариш учун 0,53…0,55 т апатит концентрати ва 0,37…0,38 т сульфат кислота (100% ли) талаб этилади.
Гранулланган ва аммонийланган суперфосфатлар
Ҳозирги вақтда гранулланган суперфосфат ҳам ишлаб чиқарилмокда. Қуритилган гранулланган суперфосфат ёпишқок эмаслиги, қотиб қолмаслиги, таркибидаги Р2О5 нинг кўплиги, намликнинг озлиги ва бошқа хоссалари бўйича кукунсимон суперфосфатдан фарқланади. Уни ҳаттоки уруғ билан биргаликда бериш мумкин, бунинг натижасида ўғит тупроқда бир текисда тақсимланади ва самарадорлиги яхшиланади. Гранулаларнинг тупроқ эритмасида секин эриши туфайли, ундаги сувда эрувчан Р2О5 нинг жуда оз миқдоригина тупроқдаги темир ва алюминий оксидлари билан таъсирлашиб, қийин эрийдиган бирикмаларга айланади. Натижада ўғитдан самарали фойдаланиш имконияти яратилади, яъни ўғитнинг фойдали таъсир коэффициенти (ФТК) ортади.
Гранулланган суперфосфат ишлаб чиқариш схемаси 1.8 - расмда тасвирланган. Суперфосфат ва нейтралловчи қўшимча остига меъёрлаштиргич ўрнатилган бункерлар 1 ва 2 дан лентали таъминлагич 3 орқали ўқли тегирмон 4 га тушади, у ерда майдаланади ва аралаштирилади. Сўнгра аралашма элеватор 5 га тушади. У ерга, гранулланган суперфосфатни элашдан қайтарилган майда фракция - ретур мунтазам равишда узатилади. Элеваторда узатилган аралашма транспортёр 6 орқали гранулятор 7 га келиб тушади. Бу айланувчи барабанда намланган кукунсимон материал донадорланади. Материални 16% гача намлаш учун керак бўладиган сув сачратгич форсунка орқали гранулятор ичига пуркаб турилади. Суперфосфат диаметри 1,4 м, узунлиги 7,5 м ва 0,125 с-1 (7,5 айл/мин) частотада айланувчи барабандан 7 минут вақт мобайнида ўтади. Ҳосил бўлган нам гранула диаметри 2,2 м, узунлиги 14 м ва 0,125 с-1 (7,5 айл/мин) частотада айланувчи қуритиш барабани 8 га тушади, у ерда 3-5% намликкача қуритилади. Сувда яхши эрийдиган монокальцийфосфатнинг ёмон эрийдиган кальций ди- ва метафосфатларга айланишини олдини олиш мақсадида қуритиш жараёнида маҳсулотнинг температурасини 95°С дан оширмаслик керак. Шунинг учун суперфосфат ва қиздирувчи газ бир хил йўналишда берилади, яъни қайноқ газ оқими кўпроқ нам маҳсулот билан тўқнашади, натижада маҳсулотнинг қизиб кетиш хавфи камайтирилади. Қиздирувчи газ қуритгичга киришда 600°С, ундан чиқишда эса 100…120°С температурада бўлади.
Қуритишда фтор бирикмалари (2НF + SiF4 нинг тахминан эквивалент аралашмаси тарзида) учиб чиқади. Суперфосфат қуритилишдан олдин қанчалик чуқур нейтралланган бўлса, фторли бирикмаларнинг ажралиши ҳам шунчалик камаяди, чунки суперфосфат суюқ фазасидаги эркин фосфат кислотасининг камайиши натижасида SiF4 нинг парциал босими ҳам камаяди. Одатда суперфосфатда қолган фторнинг 10-17% и қуритишда ажралади; фторнинг ажралиш даражаси температуранинг кўтарилиши ва қуритиш давомийлигининг узайиши билан ортади. Гранулланган суперфосфатдаги фторнинг улуши бошланғич суперфосфатдагига қараганда 0,1…0,15% га камаяди. Қуриткичдан чиқадиган газлар циклон орқали ўтиб, абсорберларда тозаланади ва атмосферага чиқарилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |