Қулоқ микрофлораси
Нормада ички ва ўрта қулоқда микроблар бўлмайди. Ташқи қулоқ йўлида ёғ безлари яхши ривожланган, улар секрети ҳисобига қулоқда кир йиғилади.
Соғлом одамлар қулоғида ичақ таёқчаси, Proteus, нопатоген стафилококк ва коринебактериялар, ачитқи замбуруғлари учрайди.
Аллохтон микрофлорага Staph.aureus, Str.pigenes, Ps.aeruginosa, Aspergillus fumigatus, A.niger, A.terreus каби микроорганизмлар кириши мумкин.
Нафас йўллари микрофлораси
Чақалоқ туғилаётганда ва биринчи марта нафас олиши билан нафас йўлларига микроблар туша бошлайди. Одам умри давомида нафас олади, ҳаво билан бирга бурун бўшлиғига жуда кўп нарсалар киради. Лекин шунга қарамай бронхларнинг қуйи қисми ва ўпка альвеолалари стерил ҳисобланади, чунки бурун бўшлиғининг анатомик-физиологик хусусиятлари ҳисобига микроблар ушлаб қолинади ва шиллиқ қаватнинг бактерицид хусусиятига эга моддалар (муцин, лизоцим, S lgA ва бошқалар) таъсирида нобуд бўлади.
Нафас йўлларининг аутохтон микроорганизмларига асосан қуйидагилар киради: Staph. epidermidis, Staph. saprophyticus, дифтероидлар, пептококклар, коринебактериялар, сапрофит грамманфий диплококклар, Str. mitis ва Bact. fragilis. Аллохтон микробларга Staph. aureus, Str. pyogenes, Str. pneumoniae, M. lacunata, H. influenzae, аденовируслар ва бошқалар мисол бўла олади.
Оғиз бўшлиғи ва меъда-ичак тизими микрофлораси
Оғиз бўшлиғи одам организмида микроорганизмлар учун қулай шароитли жойлардан ҳисобланади. Бу ердаги сўлак ҳисобига юзага келадиган доимий намлик ва кўп миқдордаги озиқ моддалар, оптимал рН, мўътадил харорат микробларнинг адгезия қилиши ва кўпайишига шароит туғдиради.
Биринчи микроорганизмлар (лактобацилла, энтеробактерия, коринебактериялар, стафилококк ва микрококклар) чақалоқ туғилаётган даврда (қин микрофлораси ҳисобига) ва туғилганидан кейинги биринчи соатларда тушади, лекин 2–7-кунларда бу микрофлора она ва туғруқхона ходимлари микрофлорасига алмашинади.
Оғиз бўшлиғидаги аутохтон микроорганизмларга Str. salivarius (тилда), Str. mitis, Str. sanguis (лунж эпителийсида), Str. mutans (тишларнинг устки қисмида), бактероидлар, фузобактериялар, вейлонеллалар, актиномицетлар, спирохеталар [Leptospira, Borrelia, Treponema (Tr. macrodentium, Tr. oralis, Tr. dentioola) туркумлари], микоплазмалар (M. orale, M. salivarium), протозоалар (Ent. buccalis, Ent. dentalis, Tr. buccalis), замбуруғлар ва бошқалар киради
Оғиз бўшлиғида номахсус ҳимоя омиллари (сўлак, шиллиқ ва шиллиқ ости қават ҳужайраларининг тўсиқлик хоссалари) ҳам мавжуд. Сўлак таркибида кучли бактериостатик ва бактерицид хусусиятга эга моддалар (лизоцим, ферментлар, S lgA ва бошқалар) бўлади. Шунга қарамай, оғиз бўшлиғини тоза сақлашнинг асосий омили бу оғиз бўшлиғи гигиенаси ҳисобланади, яъни кунига овқатлангандан сўнг тишларни тиш пастаси билан 2–3 марта ювиш ва йилда 1–2 марта тошлардан тозалатиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |