www.ziyouz.com kutubxonasi
61
туриб қолган. Қишлоқда соғ уйнинг ўзи кўринмас, олисда қонга ботган калладек қип-қизил
қуёш уфққа чўкиб борарди.
Синчиклаб разм солсам, аллақандай ҳовли ўртасида турибмиз. Ипга илинган, ҳали қуриб
улгурмаган чойшаблар, хотинларнинг кўйлаги тупроққа қоришиб ётибди. Томи ўпирилиб,
девори қулаган уй ичидан тутун аралаш тўзон бурқсиб турибди. Ҳовли юзида қўй қумалоғига
ўхшаш қора нарсалар тупроққа қоришиб, ер билан битта бўлиб ётибди. Гарангсиб, узоқ тикилиб
қарадим-да, тушундим: майиз экан. Бир чеккада танк занжири эзғилаб, илма-тешик қилиб
ташлаган гилам... Одам қонидек қип-қизил... Аллақайси бурчакдан қулоқлари шалпайган,
қўрқувдан кўзлари жавдираган олапар ит чиқиб келди. Танкка хавотирли назар ташлади-да,
думини қисганча, сўриток томон юрди. Япроқларини чанг босган сўриток тагига бориб,
алланимани ҳидлади. Дор узилганда аёлларнинг қизил кўйлаги чеккага отилиб кетган шекилли,
сўриток тагидаги ариқ ичида беўхшов чўзилиб ётарди. Ит илтижо қилгандек, ғингшиб қўйди-да,
кўйлакни яна ҳидлади. Чўнқайиб ўтирган кўйи, осмонга қараб ғайритабиий овозда бир-икки
вовиллади. Кейин вовиллаши ўз-ўзидан увлашга айланиб кетди... Бир дақиқа ўтди... Беш
дақиқа... Умрим бино бўлиб бунақа нолани эшитган эмасдим.
Юрагимни тушунарсиз ваҳима ғижимлаётганга ўхшарди. Сакраб ерга тушдим.
— Кет! — дедим овозим титраб.
Ит қайрилиб қарамади. Чўнқайиб ўтирганча нолали увлайверди. Ердан кесак олиб отдим.
— Кет!
Ит увлашдан тўхтади. Мен томонга қараб қўйди. Назаримда, «ўз ҳолимга қўясанми-йўқми,
нима гуноҳ қилдим сенга!» деган илтижо билан термилгандек бўлди.
— Йўқол! — дедим дағдаға билан.
Ит думини қисиб нарироққа борди, чўнқайиб ўтирганча, тумшуғини осмонга чўзиб қайтадан
увлашга тушди.
Негадир қўрқиброқ яқин бордим. Сўриток тагида ётган нарса, кўйлак эмас, одам гавдаси
экан. Хотин кишининг гавдаси. Сўритокнинг панасидан паноҳ топмоқчи бўлгандек, ёнбошлаб
ётибди. Бошида шарфга ўхшаган рўмол, эгнида узун кўйлак. Аммо оёқяланг... Оёқлари сўриток
тагидаги ариққа тушиб қолган... Бирпас иккиланиб туриб қолдим.
— Туринг, — дедим қўрқа-писа елкасига қоқиб. — Туринг, опа, қўрқманг.
Аёл қимир этмади. Худди гапимни тушунадигандек далда бердим:
— Туринг, биз сизга тегмаймиз.
Танк томондан Викторнинг овози келди:
— Қайтиш керак, командир!
Бурилиб қарасам, ҳайдовчи люқдан бошини чиқариб турибди.
— Қайтишга буйруқ бўлди, командир.
Ит эса ҳамон увлар, қулоғингни тешиб, юрагингни ўртаб юбормагунча тинчимайман, деб
қасд қилгандек нола чекар эди.
Автомат затворининг шақир-шуқури эшитилди. Қарасам, Виктор итни мўлжалга оляпти.
— Отма! — дедим ўшқириб. Тағин аёлнинг бошига эгилдим.
— Опа! — Аёлнинг елкасидан тортган эдим, чалқанча ётиб қолди. Жонҳолатда ўзимни
орқага ташладим. Ахир бу... Шаҳноза-ку! Оппоқ юзи, қоп-қора сочлари, қайрилма киприклари...
Йўқ... Бу — Шаҳноза эмас. Шаҳнозанинг кўзлари Қора. Буники — зангори... Барибир... Барибир
Шаҳнозага ўхшайди. Юзининг тиниқлиги, катта-катта кўзларининг ҳайрат билан термилиши...
Бирон ерида жароҳат изи кўринмасди. Фақат кўйлагининг ёқаси очилиб, оппоқ, бўлиқ
сийналари яланғочланиб қолган эди. Гуноҳ иш қилиб қўйган одамдек яна орқага тисарилдим.
Шундагина бўйнини тешиб ўтган ўқ ўрнига кўзим тушди. Тешикдан ипдек оқиб қон сиза
бошлади. Кейин, тўсатдан, қон оқиши тезлашиб кетди. Аввал тўшига тушди, кейин сийнасига...
Бирпасда сийнаси қип-қизил қонга беланди... Даҳшат ичида гандираклагудек бўлиб, танк томон
Тушда кечган умрлар (роман). Ўткир Ҳошимов
Do'stlaringiz bilan baham: |