www.ziyouz.com кутубхонаси
37
— Ўртоқлар! — дейди. — Эгизак фарзандларим оталари шонли коммунистик партия
сафига қабул этилган улуғ айём кунларда дунёга келди! Мен шу улуғ санага бағишлаб, эгизак
қизларимга шонли коммунистик партия асосчиларидан Роза Люксембург билан Клара Цеткин
отларини қўяман! Бир қизимни Роза қўяман, бир қизимни Клара қўяман!
Чалп-чалп чапак бўлади.
Муаллимларимиз:
— Ура-а-а, ура-а-а! — дея чапак чалади.
Директоримиз ҳаминқадар ҳаволанади.
— Ишонаманки, — дейди, — эгизак қизларим Роза Люксембург ва Клара Цеткинлардай
буюк марксистлар бўлиб етишадилар!
Оппоқ соч одам тантанали вазиятда директоримизга Қизил Байроқ топширади.
Оппоқ соч одам бўйсира бўйлаб юради. Олд саф болалар билан қўл бериб кўришади.
— Қутлайман, қутлайман! — дейди.
Оппоқ соч одам болалар кийим-бошларига разм солади. Болалар юз-кўзларига разм солади.
Ниҳоят, оппоқ соч одам мен билан муқобил бўлади. Менга қўл узатади.
Мен қўш қўлимни-да чўзаман. Оппоқ соч одам қўлини қўшқўллаб ушлаб оламан.
Оппоқ соч одам бош-адоғим бўйлаб қарайди. Билинар-билинмас бош чайқайди.
— Қўлларингизни қаранг, қўлларингизни, — дейди. — Бу қўл эмас — косов бўлибди.
Елкаларингизни қаранг, елкаларингизни. Бир елкангиз юқори, бир елкангиз қуйи. Бу елка эмас
— қинғир-қийшиқ темир-терсак бўлибди. Қуриб кетгур пахтадан нималар келмайди-я.
Оппоқ соч одам ранги ўчади. Қизил Байроқ олдига қайтиб боради.
Оппоқ соч одам болаларга ўйчан-ўйчан боқиб қолади.
— Болаларим... — дейди.
Оппоқ соч одам лабларини чўччайтириб-чўччайтириб ўйлаб қолади.
— Болаларим... — дейди. — Мен сизларни бола дейишгаям тилим бормаяпти. Сизлар
катталар ҳаётини бошдан кечираяпсиз. Сиз кўраётган кунлар болалик эмас — қарилик. Қачон
боладай бўлиб кун кўрасиз — унисини пахтадан сўрайсиз.
Оппоқ соч одам директоримиздан Қизил Байроқни олади.
— Болаларим, манови Кўчма Қизил Байроқ. Ўз оти ўзи билан Кўчма, — дейди. — Кўчма
Қизил Байроқ шу вақтгача бировга вафо қилмади — сизгаям вафо қилмайди. Бир кило кам
терсангиз бўлди — қўлингиздан бошқа биров қўлига кўчиб ўтади-кетади. Шундай экан, Қизил
Байроққа кўп сажда қила берманглар. Қизил Байроқни сақлаб қоламан деб, кўп кучана
берманглар. Қўлларингиздан келганича тера беринглар.
Оппоқ соч одам Қизил Байроқни директоримизга қайтиб беради. Қўлларини қорин
қовуштириб-қорин қовуштириб туради.
— Болаларим, — дейди, — бизнинг юртга Амир Темурлар керак. Бизнинг юртга Бобурлар
керак. Бизнинг юртга Улуғбеклар керак. Жуда, жуда керак! Аммо сизлар Темур
бўлолмайсизлар, сизлар Бобур бўлолмайсизлар, сизлар Улуғбек бўлолмайсизлар. Лекин юртга
тўрт мучали бус-бутун одамлар керак. Лекин юртга соғлом-соғлом одамлар керак. Шундай
экан, ўзларингизни-ўзларингиз авайлангизлар, болаларим!
Ўнинчи синф ер тепиб-ер тепиб қарсак чалади.
Do'stlaringiz bilan baham: |