13
Дарвозамиздан ичкарилаб эдим — Ойсулув қизимиз пешвоз чопиб келди.
— Ота, суюнчи беринг, қалдирғочларимиз келди! — деди.
Даҳлизимиз шипига назар солдим — чини билан инда бир қалдирғоч бўлди. Тағин иккита
қалдирғоч шиплар аро учиб юрди.
Кўзим қувонди.
— Ўйнаб қўяй, ўйнаб қўяй… — дея пичирладим, Қалдирғочлар чиндан-да ўзимизни
қалдирғочларми ё бегонами, дея синчиклаб-синчиклаб қарадим.
Қалдирғочларда улги-да бўлмади, тамға-да бўлмади.
Чин-да — Қалдирғочлар кийим киймайдилар. Қалдирғочлар сўйламайдилар. Қалдирғочлар
кулмайдилар.
Шундай бўлса-да, мен ич-ичимдан туйдим: уйимизни топиб келибди — ўзимизни
қалдирғочлар бўлади-да.
Қалдирғочларимиз бошимиз узра учди. Чарх-чарх учди. Гир-гир учди.
Қалдирғочларимиз инларида қатор бўлиб ўтирди. Қалдирғочларимиз бизга мўралаб-мўралаб
ўтирди. Қалдирғочларимиз бизга мўлт-мўлт ўтирди.
Мен ташқарилаётиб эдим — бир қалдирғочимиз бошим узра чирқ-чирқ айланди. Қалдирғоч
қанотлари телпагимга тега-тега айланди.
Қалдирғочимиз мен билан салом-алик қилди-ёв!
Қалдирғоч қанотлар ҳавоси пешонамни силаб-сийпаб айланди.
Қалдиррочимиз мен билан ўпишиб-ўпишиб кўришди-ёв!
Мен кула-кула кўзларимни чирт юмдим. Мен кула-кула бетларимни чет бурдим.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
51
— Хуш кўрдик, жониворлар, хуш кўрдик! — дедим.
14
Далаларимга вакил келар бўлди.
— Элбурутдан вакилга пишириб қўйибдими, — дедим. — Ҳали чигит экиб бўлмаган бўлсак.
— Энди, хўжалигимиз гуллаб-яшнайди! — деди раисимиз. — Район вакили ўзимиздан
бўлди.
— Қани, эшитайлик, қани? — дедим.
— Ўртоқ Клара Ходжаевна район партия комитети учинчи секретари бўлдилар. Айни вақтда
хўжалигимизга вакила этиб тайинландилар.
— У киши ўзимизданми? — дедим.
— Ўзимиздан-да. Мактаб директори бор эди-ку, ўша директорни қизлари-да.
— Э, ҳа, бўлди! — дедим. — Раҳматлик мактаб ди-екторимизни фарзандлари-да?
— Ҳа-а, каллангиздан! Ана ўша мактаб директорини қизлари!
— Раҳматлик мактаб директоримизни қизлари кўп эди, қайси бири бўлди?
— Ўртоқ Клара Ходжаевна! Роза Ходжаевна обкомда ишлаяптилар!
— Бўлди-бўлди, — дедим. — Эгизаклар-а? Эсладим-эсладим.
Раисимиз шийпон олдини саранжом-саришталади.
— Эшаклар кўздан панага олинсин! — деди. Деҳқонларимиз эшакларини Жарариққа бойлаб
келди.
Самад бобо қирчанғи отини етаклаётиб эди, раисимиз ўнг қўлини кўтарди.
— От турсин! От— маданий ҳайвон! — деди.
15
Шийпонимиз олдида машиналар қатор бўлди.
Олд машинадан бир аёл тушди.
Аёл келишимли-келишимли бўлди. Аёл турмаксоч-турмаксоч бўлди.
Аёл турмаксочлари қалдирғочларимиз уясидай-уясидай бўлди.
Аёл шийпонимиз теварак-бошига қараб-қараб олди.
— Нормално, нормално! — деди.
Аёл қўл узатиб кўришди-кўришди — мен билан муқобил бўлди.
Мен аёлни қизим-қизим, дейин дедим — катта одамни қизим дейиш учун тилим бўлмади.
Мен аёл отига хон ё ғул қўшиб айтайин, дедим — фарғоначи бўлмадим.
Бўлдим-бўлдим, сурхони бўлдим — байча дейин-да.
— Қани, ё, бисмилло! — дея қўшқўллаб кўришдим. — Омонгинамисиз, Кларабайча?
Вақтигинангиз хушми, Кларабайча? Ўйнаб-кулибгина юрибсизми, Кларабайча?..
— Нима-нима?
— Кларабайча?
Аёл лаб бурди. Аёл қош керди.
— Байча? Какая байча? — деди. — Мен Клара Ходжаевнаман!
Мен нима дейишимни билмадим. Мен кўз остимдан раисимизга қарадим.
Раисимиз узр сўра, дея қўлини кўксига қўйиб ишора берди.
Мен дарров ўнг қўлимни кўксимга қўйдим.
— Тавба қилдим, — дедим.
Аёл ана шунда юзимга тикилиб қаради!
Аёл сергакланди. Аёл қизариб-бўзарди. Аёл... ирганди!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |