20
Шу-шу — марказ, бюро, Мавлонов дегич гаплардан қутуламан.
Кейин-кейин биламан — директоримиз марказда пивохўр бўлиб-бўлиб қайтиб келиб юргич
бўлади.
21
Кетма-кет уч ётар йўқлама бўлмайди. Кўк кўсак ғўзапоя бошим узра ўйнамайди. Далада
муаллимларимиз қадамимни санамайди. Муаллимларимиз бири қўйиб бири жория этади:
— Мактабимиз социалистик мусобақада ғолиб келди!
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
www.ziyouz.com кутубхонаси
36
— Мактаблар аро Кўчма Қизил Байроқни олди!
— Юздан зиёд ёрдамчи мактаблар орасида-я! Мен ҳур бўламан. Мен хуррам бўламан.
— Энди пахта термаймиз-а, домла? — дейман.
— Пахта термайсан? Энди пахта терасан-да!
— Қизил Байроқ бор-йўғи бир ойлик ишимиз учун берилди!
— Қизил Байроқ кучимизга куч қўшади!
— Қизил Байроқ зафарларга чорлайди!
22
Болалар билан ётоқ олдида бўйсира бўламан.
Штаб дея аталмиш хонадан оппоқ сочли кекса одам чиқиб келади.
Кекса одам кетидан директоримиз билан муаллимларимиз қаторлашиб келади.
Директоримиз ютуқ-камчиликлардан сўзлайди.
Мен ичимни ушлаб-ушлаб кучанаман. Икки кўзим футбол майдонида бўлади.
Директоримиз бизни тағин-да юксак-юксак зафарлар сари чорлайди.
— Ўртоқлар, энди сўз район халқ маорифи бўлими мудири, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз
ўртоқ Дадабоевга! — дейди.
Оппоқ соч одам лўнда-лўнда сўзлайди. Оппоқ соч одам мунис-мунис сўзлайди:
— Азиз ўқувчилар! Сизларни қутлашдан олдин ўртоқ директорларингизни алоҳида
табриклаб қўймоқчи эдим. Боисиким — мана уч йилдирким, ўртоқ директорларингиз
коммунистик партия сафига ўтолмай юриб эди. Куни кеча мактабларингиз Кўчма Қизил
Байроқни қўлга киритиши биланоқ тегишли мутасадди ўртоқлар директорларингизни
коммунистик партия сафига қабул қилди. Устига-устакким, айни шу кунларда ўртоқ
директорларингиз эгизак қизалоқ кўрди, эгизак қизалоқ! Буни қарангким — Кўчма Қизил
Байроқ — коммунистик партбилет — эгизак қизалоқ! Азиз ўқувчилар! Келинглар, ўртоқ
директорларингизни ана шу қўша-қўша зафарлар билан бир муборакбод этиб қўяйлик!
Оппоқ соч одам шундай дея чапак чалади.
Муаллимларимиз билан болалар-да қўшилиб чалади.
Мен ичимни ушлаб-ушлаб тура бераман.
— Қани, ўртоқ директор, — дейди оппоқ сочли одам. — Энди шу қора кўзларга қарата бир-
икки оғиз дил сўзларингизни айтасиз энди. Сизнинг коммунистик партия сафига ўтишингиз
учун бу қора кўзлар озмунча тер тўкдими!
Директоримиз бир одим олдинлайди. Ўнг қўлини кўксига қўяди. Ҳаволаниб-ҳаволаниб бош
ирғайди.
— Ўртоқлар! — дейди. — Ҳақиқатан ҳам, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Дадабоев
айтганларидай, коммунистик партия сафига қабул қилиниш шарафига эришишим осон
бўлмади! Ўтган икки йил мобайнида мактабимиз ўқувчи-ёрдамчилари бирор марта ҳам Қизил
Байроқ олиш шарафига муяссар бўлолмади! Бунда, маълум маънода ўзим айбдор бўлдим! Пахта
йиғим-теримига масъулият билан ёндашмадим! Қаттиққўл бўлмадим! Партиявий
принципиаллик кўрсатмадим! Ўртоқлар, мен ана шу йўл қўйган хато-камчиликларимдан
тегишли хулоса чиқариб олдим! Мана, маълум муваффақиятларга эришдим! Мен бу
муваффақиятга район халқ маорифи мудири, ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ
Дадабоевнинг бевосита ва билвосита раҳнамолиги туфайли эришдим! Мен сиз ўқувчи-
ёрдамчилар номидан, қолаверса, ўзимнинг номимдан, ана шу муваффақиятларим бош айбдори,
ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз ўртоқ Дадабоевга миннатдорчилик билдираман!
Қарс-қарс қарсак бўлади.
Директоримиз қўли кўксида таъзим этади.
Тоғай Мурод. Отамдан қолган далалар (роман)
Do'stlaringiz bilan baham: |